апрел 17, 2018 12:39 Asia/Tashkent

Мавлоно шеърияти ана шундай шеърият. Яъни, шоирларимиздан ҳеч бири ўз ўқувчиси вужудида Мавлоночалик важд, ҳол ва завқ-шавқ барпо қилолмайди". Устод Фурузонфарнинг таъкидлашича, Мавлоно шеърияти муваффақиятининг сабаби, ёхуд Мавлавий ғазалиётининг бошқа шоирлардан афзаллиги шундаки, у турли вазнлар ва оҳанглардан моҳирлик билан фойдаланади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.

Азиз тингловчилар! Ӯтган дастуримизда Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Девони Кабир” асари ҳақида суҳбатлашдик. "Девони  кабир"  ҳазрат Мавлононинг   ўттиз олти  минг    байтдан  иборат   ғазаллар, рубоийлар ва  бошқа   шеърий    жанрлардаги  асарларини   ўз ичига олган. Бу  буюк  асарнинг   "Шамс  Табрезий  девони"  номи  билан    шуҳрат   қозонганига  сабаб  шулким,  турли  ривоятларга кўра,   Ҳазрат Мавлоно   Шамс  билан    дийдлорлашгунгача   шеър   ёзмаган.  Бу   буюк  девондаги   барча  асарлар   ва  Мавлононинг  70  минг    байтни    ташкил   этувчи  барча   шеърий  асарлари  умрининг  охирги  йиллари, яъни   Шамс  Табрезий  билан   ошнолик ва   ундан  ажралиш   фироқи   даврида ёзилган. Мавлоно  "Девони  кабир"нинг   жуда  кўп   ғазалларида   Шамс  Табрезийни  тилга  олади.

Эроннинг  иқтидорли   адабиётшуносларидан  бири    Шафеий Кадканий Мавлавийнинг   "Девони кабир"и ҳақида  ёзади:

"Ҳазрат Мавлавийнинг  "Девони кабир"и  унинг  ғазаллари  мажмуасидир.  Шубҳасиз,  форс  адабиёти  ва  ҳатто   бутун  аҳли   башар   адабиётидаги бирор-бир  шеърий  мажмуада  "Девони  Шамс"  даражасида,  ҳаёт ва  ишқнинг қайнаб, жўш уришини кузатиш  амри маҳол. Агар   шеър  ҳиссиёт ва  хаёлот  маҳсули  бўладиган   бўлса.   самимийлик,  хаёлот, тил, мусиқа ва мазмун       унинг   таркибий   қисмлари    ҳисобланади.   Мавлавий    ғазалларида   эса   ана   шу    унсурларнинг    барча-барчаси   камолот   даражасидадир".

Эронлик  забардаст  мавлавийшунос  устод  Бадиузамон  Фурузонфар ҳазрат Мавлавийнинг  ғазалиёти  услуби  ҳақида  ёзади:"Сўз санъати  ва  ҳақиқий  шеър  ўқувчига таъсир  қилиши керак. Ўқувчи  ёхуд  тингловчини  ўз оламига   жалб  этиши   лозим.

Мавлоно шеърияти  ана  шундай шеърият. Яъни,  шоирларимиздан  ҳеч  бири  ўз  ўқувчиси  вужудида  Мавлоночалик   важд, ҳол ва  завқ-шавқ барпо қилолмайди". Устод Фурузонфарнинг  таъкидлашича, Мавлоно шеърияти  муваффақиятининг  сабаби, ёхуд  Мавлавий  ғазалиётининг   бошқа  шоирлардан  афзаллиги   шундаки, у  турли вазнлар ва  оҳанглардан  моҳирлик  билан  фойдаланади.  Шеър  вазнининг  асоси  бўлган  мусиқа  билан  Мавлононинг  ошнолиги  унга  ана  шу  маҳоратни  ҳадя  айлаган.  Шу  сабабли у ўз  шеърларида   бошқа   шоирларга  нисбатан  кўплаб турли-туман  вазнлардан  фойдалана  олган. Мавлоно шеъриятининг  ўта мусиқийлиги ва  равонлигининг сабаби  ҳам муаллифнинг мусиқа  илмини  яхши   билангидадир. Мавлоно  шеърияти  вазн, қофия ва  турли  шеърий санъатларни  ўзида  мужассамлаштирган, аммо   бу   шеъриятнинг  ўта  оҳангдорлиги, бошқача  қилиб  айтганда, мусиқавийлиги унинг  бошқа  фазилатларидан  кўра  устунроқ. Бу  шеърият муаллифнинг  ҳол, важд ва  завқ-шавқининг юксаклиги сабабли  ички мусиқавийликдан  баҳраманддир.

 Қадрли тингловчилар! Сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти Pars Today.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ӯқиш  ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили uzbek@Pars Today .сom

Маълумки, тасаввуфда илоҳий ишқ масаласи муҳим аҳамият касб этади. Ислом маданиятининг маънавий хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган тасаввуф шеърияти асосида ҳам айнан илоҳий ишқ ётади. Мавлоно Румий ҳам ўз ижоди билан илоҳий ишқ масаласига эътибор бериб, унинг диний-тасаввуфий маъноларини очиб берди.

Энг муҳими шуки, Румий мураккаб сўфиёна мулоҳазаларни оддий турмуш тафсилотлари билан тушунтириб беради, интиҳосиз қудратга эга инсон ақлининг, руҳиятининг мўъжизаларини ҳайратомуз бир тарзда намойиш этади. Румий минг йиллар давомида тўпланиб келган Шарқ фалсафаси ва ҳикмати, исломий ҳақиқатларини омухта этолган, тасаввуф ва фалсафани қўшиб, инсон руҳи диалектикасини очган улуғ мутафаккирдир.

Олим қарашларида севги бутун борлиқни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Кишининг ўз касбига, яқинларига, она ватанига муҳаббати ҳақиқий ишқ йўлидаги босқичлардандир. Жалолиддин Румий ишқ-муҳаббат ва севгини, заррин нурини таратиб турган қуёшга ўхшатади. Лекин ўз-ўзига бино қўйишни ўзини зиндонга ташлаш, деб билади. Буюк олим инсонга бўлган муҳаббатни қадрлайди. Зеро, инсон ўзига ўхшаган инсонга муҳаббат қўйиши билан инсонийлик моҳиятини англаб етади, дейди.

Жалолиддин Румийнинг маънавий мероси ислом маданиятида юксак ўрин тутади. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти марказида инсонни тўғри йўлга бошлаш ва тарбиялашнинг долзарб аҳамиятини кўришимиз мумкин.

Ҳурматли тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.

 

 

 

Ёрлиқ