Биз билан Эронга келинг
Фирдавс тумани
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда Жанубий Хуросон маркази Биржанд ҳақида сизга маълумот берган эдик. Эслатиб ўтамиз,
Жанубий Хуросон шаҳрининг маркази Биржанд шаҳри денгиз сатҳидан 1480 метрлик баландликда ҳамда Эрон пойтахти Теҳрон шарқидан 1320 километрлик узоқликда жойлашган. Мазкур шаҳарнинг номи Биржанд, Бирканд, Бирганд ва Биркан номлари билан айрим луғатнома ва тарихий китобларда учраган. Биринчи бор ушбу сўз ҳижрий-қамарий еттинчи асрда ёзилган “Мўъжам албулдон” китобида учрайди.
Ишора қилиб ўтганимиздек, мазкур вилоятнинг маркази Биржанд шаҳрида кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд ва уларнинг айримлари борасида сизга қисқача маълумот берамиз.
“Шавкатия” мадрасаси Биржанд шаҳрининг қадимий бинолар мавжуд бўлган жойдадир ва муҳим бўлган тарихий бинолардан ҳисобланади. Мазкур бино битта айвон, ҳовли, ҳужралар, ҳаммом ва махсус минбардан иборатдир. Ушбу мадрасининг биноси ҳижрий –қамарий 1312 йилда муҳаррам ойида азадорлик маросимини ўтказиш учун қурилган. Қамарий 1326 йилда ушбу бинода Биржанднинг биринчи мадрасаси таъсис этилади.
Биржанд шаҳрининг диққатга сазовор бўлган жойларидан бири “Чаҳордарахт” маҳалласидир. Мазкур маҳалланинг тарихий жозибалари “Шавкатия” мадрасасидан бошланиб, “Ошуро” жомеъ масжиди билан якунланади. Мазкур биноларнинг ҳар бири хос меъморчилик санъатига эгадир.
Ушбу мажмуада бошқа бинолар, мадраса, ҳусейния, ҳаммом, ичимлик суви захираланган жойлар ва хоналар ҳам мавжуд. “Чаҳордарахт” маҳалласида жойлашган ушбу тарихий бинолар ҳам мамлакатнинг Маданий мерос ва туризм ташкилоти томонидан Эрон миллий мероси рўйхатига киритилган.
“Акбария” иморати ва боғи ҳам Биржанд шаҳрининг тарихий ёдгорликларидан ҳисобланади. Ушбу бино қожория даврида икки қаватда қурилган. Милодий 2011 йилда “Акбария” боғи ЮНЕСКО томонидан халқаро мерос сифатида рўйхатга олинган.
Мазкур мажмуанинг қурилиши қожория даврининг аввалларида бошланиб, ўша даврнинг охирларида битказилган. Мажмуанинг масоҳати қарийб 45 минг квадрат метрни ташкил этади ва унда бир неча бино жойлашган. Ушбу мажмуанинг энг қадимий биноси икки қаватли “Ҳашматулмулк” иморати ҳисобланади. Бинонинг биринчи қаватида иккита зал ва узун коридорлар мавжуд. Бино марказида меҳмонларни қабул қилиш хонаси қурилган. “Акбария” боғида ушбу бино олий безаклар ва манзарага эга бўлиб, йўлаклар бўйида ўсган баланд дарахтлар унга яна кўпроқ гўзаллик ва шукуҳ бахш этади.
Ҳозирги вақтда ушбу боғ ва унинг айрим бинолари Жанубий Хуросон миллий мероси ва туризм бошқармасининг марказий идорасидир. Мазкур мажмуадаги айрим хоналар кутубхонага айлантирилган ва бино марказида археологик музей ҳам ташкил этилган. Музейнинг ҳайвонот олами бўлимида Жанубий Хуросонда мавжуд нодир ва кам учрайдиган ҳайвон ва қушлар намунасига доир экспонатлар музейни янада кўркамроқ қилган. “Акбария” боғидаги бинонинг марказида ташкил этилган археологик музейда мазкур минтақада яшовчи аҳолининг ўтмиши, тарихи, яшаш тарзи ва санъатини ифода этувчи турли экспонатлар мавжуд ва улар ҳар бир кўрувчининг диққатини ўзига жалб этиши мумкин.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Фирдавс тумани ҳам Жанубий Хуросон вилоятининг муҳим туманларидан бўлиб, унинг масоҳати 4,103 квадрат километрни ташкил этади. Вилоят шимоли-ғарбида жойлашган ушбу туман тоғли минтақалардан узоқроқ ва марказий саҳроларга яқин бўлгани боис қуруқ ва иссиқ об-ҳавога эгадир. Фирдавс туманида ёмғиргарчиликнинг мезони бир йилда қарийб 155 миллиметрни ташкил этади. Минтақанинг кенг масоҳати иқлим жиҳатидан икки қисмга тақсимланган. Туманнинг шимоли қисми тоғли тепаликларга яқин бўлгани боис совуқ қиш ва салқин ёз фаслларига эга. Бироқ туманнинг жанубий қисми жуда иссиқ ва қуруқдир.
Фирдавс тумани шимолидаги тоғларнинг баландлиги 2813 метрни ташкил этади. Куҳқалъа ва Ҳуснобод куҳқалъаси чўққиларида исмоилиялардан қолган айрим ёдгорликлар мавжуд. Фирдавс минтақаси узоқ ўтмишга эга бўлиб, унинг номи шамсий 1308, милодий ҳисоб билан 1929 йилгача Тун бўлган. Бу ерда мавжуд айрим тепалар ва қадимий жойларнинг ўтмиши тарихдан олдинги даврларга бориб тақалади. Тарихий Тун шаҳри ўша даврдан қолдан ёдгорлик ҳисобланади. Фирдавс тумани Хуросони Разавий ва Жанубий Хуросон вилоятларини бир-бирига уловчи ва Эроннинг энг қадимий минтақаларидан бири бўлиб, унда топилган 190 та қадимий ёдгорликлардан 90таси мамлакатнинг миллий мероси рўйхатига киритилган.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.