июн 09, 2018 14:52 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақасига оид янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони билан сизни таништирамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. МДҲ  мамлакатларининг ҳукумат раҳбарлари 13 та ҳужжатни имзолашди;
  2. Cобиқ бош вазир ортидан собиқ мэр, депутат ва 99 божхоначи қамоққа олинди;
  3. Россия Думасида Туркманистон билан стратегик ҳамкорликларга оид битим ратификация қилинди;
  4. Қозоғистон Россиядан ўз космодромининг бир қисмини олди. 

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида бир қатор ҳужжатлар имзоланди, дея хабар беради Форс ахборот агентлиги. 

Йиғилиш якуни бўйича жами 13та ҳужжат имзоланди. Улар орасида - Интеллектуал мулк бозори шакллантириш ва ривожлантириш тўғрисида битим, Электрон ва электротехник ускуналар чиқиндиларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Давлатлараро стандартлаштириш бўйича ҳужжатларни тарқатиш тўғрисида битим, божхона ишларида Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисида Баённома.

Учрашувда МДҲнинг 11 давлатидан олтитасининг ҳукумат раҳбарлари қатнашди - Дмитрий Медведев, Андрей Кобяков, Бақитжан Сагинтаев, Муҳаммадкалий Абилзагиев, Абдулла Арипов ва Қоҳир Расулзода.

Арманистон ва Озарбойжондан бош вазир биринчи ўринбосарлари қатнашди - Арарат Мирзоян ҳамда Ягуб Эюбов. Молдовадан республиканинг МДҲдаги доимий вакили Виктор Соочан, Туркманистондан вазирлар маҳкамаси раҳбари ўринбосари Рашид Мередов иштирок этди.

Кенгашнинг кейинги йиғилиши шу йилнинг ноябрь ойида Остонада бўлиб ўтади.

 Бишкекда 5 июнь куни собиқ бош вазир Сапар Исақов суд ҳукми билан эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинганидан икки соат ўтгач пойтахт Бишкекнинг собиқ мэри ва Қирғизистон божхона хизматининг собиқ бошлиғи Кубаничбек Қулматов ҳам қамоққа олинди.

6 июнь куни парламентдаги ҳукмрон Социал-демократлар фракцияси депутати Ўсмўнбек Артиқбаев ҳам миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ҳибс қилингани маълум бўлди.

Уларнинг барчаси Бишкекдаги иссиқлик станциясини модернизация қилиш билан боғлиқ жараëнда катта миқдордаги коррупцияда айбланмоқда.

 Собиқ бош вазир Сапар Исақов коррупцияга йўл берганликда;

Бишкек собиқ мэри Кубаничбек Қулматов иссиқлик станцияси модернизацияси ва Калис Ўрдў мавзесидаги мактаб қурилиши учун ажратилган маблағдан ноқонуний фойдаланишда;

Депутат Ўсмўнбек Артиқбаев Энергетика вазири бўлиб турганида иссиқлик станцияси модернизацияси масаласида Хитойнинг ТВЕА ширкати билан Қирғизистон манфаатларига зид келувчи шартномани имзолаганликда айбланмоқда.

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков бир неча ой аввал коррупцияга қарши шафқатсиз уруш бошланишини эълон қилган эди. Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, коррупцияга қарши уруш божхона ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан бошланган.

5 июнь куни божхонадаги коррупция юзасидан 2018 йил давомида 99 нафар божхоначи, жумладан, Марказий божхонанинг собиқ раҳбари Нурбек Айбашев ва Давлат бож хизматидаги бошқармалардан бирининг собиқ раҳбари Замирбек Ниязалиев қамоққа олингани хабар қилинган эди.

Айбловларга асос бўлган 385 миллион доллар

Бишкек Иссиқлик электр станцияси Сапар Исақов бош вазир бўлиб турган 2017 йилда 385 миллион долларга модернизация қилинган эди.

Бироқ қиш мавсумининг энг аёзли кунларида янги таъмирдан чиқарилган иссиқлик электр станциясида фавқулодда ҳолатда авария юз бериб, Қирғизистон пойтахти аҳолиси ўн кундан кўпроқ совуқда қолган.

Шундан сўнг парламент ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари текширув ўтказиб, станция таъмирига ажратилган 385 миллион доллар маблағ нималарга сарфланганини аниқлай олмагани ортидан жиноят иши очилган эди.

Россия Думаси терорризм, Халқаро уюшган жиноятчилик гиёҳванд моддалар контрабандаси ва коррупцияга қарши кураш заминасида Туркманистон билан стратегик ҳамокрликлар келишув меморанудмини ратификация қилди.

Форс ахборот агентлигининг хабар қилишича, мазкур битимда Туркманистон билан стратегик ҳамкорликлардан асли мақсад  сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳасидаги алоқаларини кенгайтириш бўлиб,  ушбу ҳамкорликлар  минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда  ҳар қандай  муаммолар ва таҳдидларга қарши кураш учун  талаб даражасидаги келишув эканлигини таъкидланган.

Ўтган йилнинг 2 октябрида Россия президенти Владимир Путин Туркманистонга сафар қилганидан кейин   икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликлар битимини Россия Думасининг иш дастурида жой берганди.

Қозоғистон Мудофаа ва аэрокосмик саноат вазирлиги аэрокосмик қўмитаси раҳбари в.б. Баубек Оралмагамбетовнинг маълум қилишича, Қозоғистон Россиядан Бойқўнғирда «Зенит» ракеталарини учириш учун инфратузилмани қабул қилиб олди, бироқ ҳужжатларни расмийлаштириш ҳали якунланмаган. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

Оралмагамбетовнинг таъкидлашича, Қозоғистон томони инфратузилманинг 212та объектини қабул қилиб олди, яна 31та объект бўйича ҳужжатлар мувофиқлаштирилди ҳамда тасдиқлаш учун тақдим этилган.

«Айни вақтда объектларни Россия Федерацияси томонидан ижарага олинган таркибдан «Зенит-М» ракета космик мажмуаси ерусти космик инфратузилмаси объектларини чиқариш тўғрисида акт расмийлаштирилмоқда, у Бойқўнғир комплекси бўйича Қозоғистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраисларига тасдиқлаш учун юборилади», - дея қўшимча қилиб ўтди Оралмагамбетов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳарбийларини Бойқўнғирдан бутунлай олиб чиқиб кетиши мумкин экани хабар қилинганди. 

Ушбу республикага отд бошқа хабаримиз шундан иборатки,

Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Бакитжон Жаксалиев кўлни тозалаш ишларини қабул қилишда ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш гумони билан ҳибсга олинди. Таъкидланишича, у давлат бюджетига 2 млн доллардан кўпроқ зарар етказган. Жаксалиев кўлни тозалаш ишларига сарф-харажатлар 30 марта ошириб юборилганини била туриб “Аймак ва К” пудратчи ташкилот фойдасига ишларни қабул қилиш далолатномасига имзо қўйган. 

У умумий қиймати 863 млн тенгега (2,6 млн доллар) тенг далолатномани қонунга зид равишда имзолаган. Суд экспертизаси хулосаларига кўра, бажарилмаган ишлар қиймати 746 миллион тенгени (2,25 млн доллар) ташкил қилган. Гумонланувчига нисбатан уй қамоғи кўринишида эҳтиёт чораси кўрилган.  

2018 йил мартида коррупцияда гумон билан энергетика вазирининг бошқа ўринбосари Гани Садибеков ҳибсга олинганди. Таъкидланишича, у томонидан имзоланган сохта далолатномаларга кўра вазирлик 2017 йилда Шучинско-Боровский курортидаги кўлни тозалаш ишларига 3,6 млрд тенге (11 млн 180 минг доллар) тўлаган. Бу қийматдан 1 млрд тенгедан (3,1 млн доллар) кўпроғи нақдлаштириб олинган. Бу сумма тинтув вақтида аниқланиб, мусодара қилинган. Бундан ташқари, 2018 йилда кўлни тозалаш учун ажратилган 1,5 млрд тенге (4,7 млн доллар) маблағнинг ўғирланиши олди олинган

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.