Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда мазкур минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Бишкек давлати " Замонавий ипак йўли" туристик лойиҳани ижро этишга тайёрлигини эълон қилди;
- Тожикистонда аёллар учун кийиниш бўйича йўриқнома чиқарилди;
- Қозоғистонда полиция сержанти ўз бошлиғини отиб ташлади;
- Қирғизистонда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Қирғизистон президенти Бишкек давлатини Туркия, Озарбайжон республикаси билан биргаликда " Замонавий ипак йўли" туристик лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Тасним ахборот агентлигининг хабар қилишича, Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков Қирғизистоннинг " Чулпон- ато" минтақасида ўтказилдган " Туркийзабон мамлакатлар ҳамкорлик кенгаши йиғилиши" да Бишкек давлати " Замонавий ипак йўли" туристик лойиҳасини мувафаққият билан ижро этилиши учун барча саъй- ҳаракатларини ишга солади, бундан ташқари Венгрия ва Ўзбекистон давлатларини ҳам бу лойиҳага қўшилиши жуда манфаатли ва муҳимлигини баён этди.
Қирғизистон президенти ,жумладан бу мамлакатни туркийзабон мамлакатлар ҳамкорлик кенгаши аъзолари ўртасида изчил ва мустаҳкам туристик ҳамкорликларни кенгайтиришни олқишлаётганини маълум қилди.
Жеенбеков туркийзабон мамлакатлар Иқтисод вазирликлари ва ҳамкорлик кенгашига аъзо ишчи гуруҳлар фаолиятини янада оширишни таъкидлаб, иқтисодий хилма-хиллик, транспортировка ва юк ташиш коридорларни яратиш, ишбилармонлик соҳасини ривожлантириш ва сармоя киритиш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қўшимча қилди.
Айтиш керакки, ўтган якшанба куни Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон республикаси, Қозоғистон ва Ўбекистон президентлари ҳамда Венгрия бош вазири иштирокида Бишкекда " Туркийзабон мамлакатлар кенгашининг 6 - йиғилиши бўлиб ўтди.
Тожикистон маданият вазирлиги аёллар учун кийиниш маданияти бўйича йўриқнома чоп этди, деб хабар берди Sputnik Тожикистон.
Йўриқномада аёлларга кундалик ҳаётда, ишда, дам олиш ва байрам кунлари қандай либос кийиш борасида маслаҳатлар берилган.
«Мазкур йўриқнома миллий кийиниш маданиятини тарғиб қилиш мақсадида чоп этилди ва тавсиявий тусга эга. У кийиниш тартиби, мутаассиблик ва ўзга қадриятларга тобеликнинг олдини олишга қаратилган», - дейилади йўриқномада.
Йўриқномага мувофиқ, аёлларга қора рангдаги либос, қора рўмол ва ҳижобда юриш тақиқланади. Шунингдек, европача кийимлар – мини-юбка, кўкраги очиқ кофта ва кўйлаклар, ҳарир матодан тикилган кийимлар, топиклар кийиш тавсия этилмайди.Жамоат жойларида калиш ёки шиппакда, уй кийимида, баданга ёпишиб турадиган шим ва соғлиқ учун зарарли бўлган сунъий матодан тикилган кийимларда юриш ман қилинади.
Йўриқномада давлат идораларида ишлайдиган аёллар учун маслаҳатлар, барча фасллар, тўй ва оилавий маросимларда кийиладиган аёллар миллий либослари эскизлари ўрин олган.
Хабарда айтилишича, ҳозирда эркаклар учун ҳам ана шундай йўриқнома ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Чапаево қишлоғида полиция сержанти взвод командирини отиб ўлдирди. Бу ҳақда «Мой город» минтақавий портали Акжайик тумани ҳокими Одил Жўламановга асосан хабар бермоқда.
Портал маълумотларига кўра, воқеа пайшанба, 6 сентябрь куннинг иккинчи ярмида содир бўлган.
«Ҳаммаси ИИБ ҳовлисида содир бўлди. Ходим ўз бошлиғи - взвод командирини отиб ўлдирди. Тергов ишлари бошланди», - дея маълум қилди Жўламанов.
Унинг таъкидлашича, сержант ҳозирги вақтда қўлга олинган.
Вилоят полицияси матбуот хизматидан хабар беришларича, взвод командири шифокорлар келишидан олдин ҳаётдан кўз юмган.
Таъкидланишича, ҳалок бўлган взвод командири 29 ёшда, сержант эса - 24 ёшда бўлган. Уларнинг ўртасидаги можаро сабаби ҳозирча номаълум.
Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида 3 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди. Унда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Республикаси бош вазири Виктор Орбан анжуманда фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Қирғизистонда бўлиб ўтган Туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Саммитида қуйидаги ҳужжатлар имзоланган: Туркий тилларда сўзлашувчи давлатларнинг VI Саммити декларацияси; Туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг бош котиби, бош котиб ўринбосарлари ҳамда Туркий академия президентини тайинлаш ҳақидаги қарор; Венгрияга Туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Ҳамкорлик кенгашида кузатувчи мақомини бериш ҳақидаги қарор;
Шунингдек, Саммитда қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинган: Туркий тилларда сўзлашувчи давлатларни интеграция қилиш концепцияси; Ўзбекистон президенти саммитда сўзлаган нутқида халқларни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этди.
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштирок этиш ниятини юқори баҳолади. Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, бу қадам Туркий кенгашнинг кенгайиши ва унинг халқаро майдондаги нуфузининг ошиши учун яхши шароит яратади, ташкилотга янги нафас беради ҳамда кўплаб янгиланишлар манбаига айланади. У мазкур саммит туркий тилли давлатларнинг кўп асрлик дўстлигини янада юқори босқичга кўтаришига ва унинг тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилиши Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишининг тезроқ бошланишига туртки бўлади. Туркий тилли давлатлар саммитида биринчи марта Ўзбекистон президенти иштирок этди. Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.
Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошган. Ўзбекистон президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо давлатлар ҳисобланади. 2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.
Дастлаб, 1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. Туркия ушбу саммитни ташкил этиш ташаббускори ҳисобланади. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити 2010 йилдан бошлаб 2015 йилгача ҳар йили ўтказилиб келинган. 2015 йилда саммитни ўтказиш навбати Қирғизистонга келган эди. Бироқ бу даврга келиб Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Туркия ва Қозоғистон билан алоқаларни совуқлаштиргани ортидан бу саммит ўтказилмай қолинган эди.
Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.