сентябр 02, 2018 12:32 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  яна эфирда. Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Тожикистон президенти Абдулла Арипов, Абдулазиз Комилов, Зокиржон Алматов, Исмоил Жўрабеков ва Шерали Жўраевни давлат мукофотлари билан тақдирлади;
  2. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Туркманистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси мажлиси ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар;
  3. 1990 йилдан 2017 йилгача Марказий Осиёнинг қанча фуқароси бошқа давлатларга кўчиб кетган?
  4. Туркманистонда сув танқислиги сабабли шолизорлар ағдариб ташланмоқда.

 Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини Тожикистон давлат мукофотлари билан тақдирлади. Бу ҳақда Тожикистон етакчисининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2-даражали “Исмоил Сомоний” ордени билан;

Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 1-даражали "Шараф" ордени билан;

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси - Зокиржон Алматов, Самарқанддаги тожик миллий маданият маркази раҳбари - Абдуваҳоб Воҳидов, сув хўжалиги вазири маслаҳатчиси - Исмоил Жўрабеков, “Овози тожик” газетаси бўлим мудири - Тўхтамиш Тўхтаев ҳамда Бухоро давлат университети профессори - Таваккал Чориев «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Шерали Жўраев ва Мавлуда Халиловалар “Тожикистон халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев бир гуруҳ тожикистонлик амалдор ва санъат арбобларини мукофотлагани хабар берилганди.

 Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Туркманистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси мажлиси ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Саммит 24 август куни Аваза шаҳрида бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича давлат раҳбарлари ОАВ олдида баёнот қилдилар. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз ечимини талаб этадиган кўплаб саволлар йиғилиб қолганини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари ушбу саммит тарихий бўлганлигини қўшимча қилиб, тез орада унинг натижаларини кўриш мумкин бўлишини таъкидлади. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат 2016 йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси кенгаши(МФСА)да ўз иштирокини музлатиб қўйганини эслатиб ўтди.

Жээнбеков ушбу қарор ташкилотда ислоҳотлар ўтказиш вақти келганлиги билан изоҳлади. "Афсуски, биз ушбу масалада ривожланишни кузатмаяпмиз. Аммо шу билан бирга Қирғизистон барча келишув ва битимларни бажариб келмоқда. Мен бугун жамғарма ва унинг органлари фаолияти юзасидан ўз позициямни айтиб эшиттирдим. Тор доирадаги учрашувда келишганимиз каби, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси кенгашини биргаликда ислоҳ қила олишимизга ишонаман", - деди Қирғизистон етакчиси.

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ушбу саммит - экологик муаммолар билан шуғулланувчи дунё ҳамжамияти, БМТ, жамғармалар ва банкларга қилинган ўзига хос мурожаатлигини қайд этди. "Биз жамғарма фаолиятини такомиллаштиришга келишиб олдик, 20 йил муқаддам қабул қилинган қарорлар ўз аҳамиятини йўқотганини очиқ тан олдик. Музокараларда ушбу муаммо ечимига илм-фан нуқтаи назаридан ёндашиш, олимлардан ёрдам олиш сингари яхши таклифлар билдирилди", — деб таъкидлади Назарбоев.

Pew Research Center тадқиқот маркази бутун дунё бўйича 1990 йилдан 2017 йилгача аҳоли миграциясини таҳлил қилди. Таҳлилдан маълум бўлишича, Марказий Осиё аҳолиси ўтган йиллар давомида асосан Россия ва Украинага кўчиб кетишган.

1990 йилда Ўзбекистоннинг 20 млн аҳолисидан 1,43 млн киши кўчиб кетган. 2000 йилда мамлакатни 1,6 млн киши тарк этган (аҳоли сони 24 млн). 2010 ва 2017 йилларда кўрсаткичлар деярли бир хил бўлган. Ўзбекистонни 1,99 млн киши тарк этган. Статистика қўмитасининг маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 2018 йил 1 июль ҳолатига кўра 32 900 100 кишини ташкил этади. Ўтган йиллар давомида ўзбекистонликлар асосан Россия, Украина ва Беларусга кўчиб кетишган.

1990 йилда Қирғизистондан 520 минг киши кўчиб кетган, ўша пайтда мамлакатда 4,391 млн киши яшаган. 2000 йилда мамлакатни 570 минг киши тарк этган – аҳоли сони 4,898 млн киши. 2010 йилда Қирғизистонда яшаётган 5,448 млн кишидан 730 минг нафари кўчиб кетган. 2017 йилда эмигрантлар сони 760 минг кишини ташкил этган. Қирғизистонликлар асосан Россия, Украина ва Қозоғистонга кўчиб кетишган. 

Қозоғистонни 1990 йилда 3 млнга яқин киши тарк этган бўлиб, аҳоли сони 16,35 млн кишини ташкил этган. 2000 йилда 14,88 млн аҳолининг 3,5 млн нафари эмигрантга айланган. 2010 йилда мамлакатни тарк этганлар сони 3,81 млн кишини, умумий аҳоли сони 16,32 млн кишини ташкил этган. 2017 йилда Қозоғистонни 4 млн киши тарк этган. Мамлакат аҳолиси асосан Россия, Украина, Ўзбекистонга кўчиб кетган. 

Тожикистонда эмигрантлар сони деярли ўзгармасдан келган. Мамлакатни 1990 йилда 540 минг киши тарк этган бўлиб, аҳоли сони 5,303 млн нафар бўлган. 2000 йилда 500 минг киши бошқа давлатларга кўчиб кетган (аҳоли сони 6,216 млн). 2010 ва 2017 йилларда 580 минг нафардан киши эмигрантга айланган. Тожикистонликлар энг кўп Россия, Афғонистон ва Қирғизистонга кетишган. 

Туркманистонда 1990 йилда 3,668 млн аҳолидан 260 минг нафари эмигрантга айланган. 2000 йилда 220 минг киши кўчиб кетган бўлиб, аҳоли сони 4,501 млн кишини ташкил этган. 2010 ва 2017 йилларда эмигрантлар сони 240 минг нафардан иборат бўлган. Туркманистонликлар асосан Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистонга кўчиб кетишган. 

Pew Research Center тадқиқот марказининг таъкидлашича, мазкур таҳлил БМТнинг халқаро мигрантлар бўйича маълумотлари асосида тайёрланган.

Туркманистонда сув танқислиги сабабли шолизорлар ағдариб ташланмоқда.

Туркманистон шимолидаги Шоҳсанам қишлоқ хўжалик массивида шолизорларни ағдариш бошланди. Бунга далаларни суғориш учун сувнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда, деб хабар берди «Хроника Туркменистана» нашри.

Нашрнинг хабар беришича, каналларда мутлақо сув йўқ. Маҳаллий ҳукумат шунингдек, аҳолига ҳовлиларидаги экинларни суғоришни ҳам тақиқламоқда.

Бунинг оқибатида ҳудудда гуручнинг бир килоси нархи 10-12 манатдан 18–20 манатгача кўтарилиб кетди. 10 манатга аҳолида талаб унчалик катта бўлмаган импорт «Кубанский» гуручини сотиб олиш мумкин.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

 

Ёрлиқ