Ҳаётий муаммолар калиди
Ҳар бир мусулмон киши ӯзининг ижтимоий вазифасидан келиб чиқиб, бир-бирларига яхши ишни қилишга буюриб, ёмон ишан қайтаришга вазифадордир.
Ислом дини буюк пайғамбари ҳазрат Муҳаммад (с) бу ҳақда буюрмишлар: Қиёмат куни энг олий мақомларга дунёда бошқаларни яхши иш қилишга буюриб, яхшиликка чорлаган кишилар эга бӯлишади.
Мўминлар бир-бирларига панд-насиҳат қилиб, яхшилик йўлларига йўллашлари, бир-бирларини ҳаққа ва ҳақ устида сабр қилишга тавсия қилишлари, ҳаққа зид бўлган ва Аллоҳнинг ғазабини келтириб, раҳматидан узоқлаштирадиган ишлардан огоҳлантиришлари энг катта вазифа ва энг улуғ ибодатлардан саналади. Аллоҳ азза ва жалладан қалбларимиз ва амалларимизни ислоҳ қилишини, Ўзининг динини англаш ва унда саботли бўлиш неъматини ато этишини, Ўзининг динига нусрат беришини ва Ўз калимасини олий қилишини, мусулмонларга бош бўлган жамики раҳбарларни ислоҳ қилишини ва уларни фақат яхшиликларга муваффақ қилишини, уларнинг атрофидаги кишиларни ҳам ислоҳ қилишини, бандалар ва юртлар ислоҳи йўлида барчаларига мадад беришини, барчаларини динда фақиҳ қилишини, дилларини Аллоҳнинг шариатини ҳукмрон қилишга ва унда барқарор бўлишга очишини сўрайман. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.
Амри маъруф ва наҳий мункар (яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш) мавзуси ғоят улкан ва аҳамиятга молик мавзудир. Чунки, умматларнинг манфаати ва нажоти унинг адо этилишига боғлиқ, уни эътиборсиз ташлаб қўйиш билан улкан хатар ва катта фасодлар вужудга келади, фазилатлар ўчиб, разолатлар зоҳир бўлади.
Амри маъруф ва наҳий мункарни иймондан ҳам муқаддам зикр қилинишидаги сир, бизнинг билишимизча, ушбу вазифанинг ғоят муҳимлиги ва унинг ортидан келадиган манфаатларни улканлиги бўлса керак. Хусусан, бизнинг асримизга келиб, мусулмонларнинг амри маъруф ва наҳий мункарга бўлган эҳтиёжлари ғоят кучайди. Боиси, ер юзини маъсиятлар қоплаб олди, аксар ўлкаларда ширк ва бидъатлар ёйилди.
Бизнинг асримизга келиб, айтиб ўтганимиздек, ёмонлик ва фасод кенг ёйилгани, ботилга чақирувчилар кўпайгани ва яхшиликка чорловчилар камлиги туфайли унинг аҳамияти яна ҳам кучайди.
Аммо, амри маъруф ва наҳий мункарни бошқа мақсад ва ғаразлар билан қиладиган, масалан риё, сумъа ё мол-дунё ё бошқа сабаблар учун қиладиган, ё эса маъруф ишлардан ўзини тортиб, мункар ишларни қиладиган кишилар энг нопок ва оқибатлари аянчли кимсалар бўлади.
Амри маъруф ва наҳий мункар ўтган умматларда ҳам мавжуд эди, Аллоҳ таоло у билан пайғамбарларни юборди, у билан китобларни нозил қилди.
Маъруфнинг асли-асоси Аллоҳнинг тавҳиди ва Унга бўлган ихлосдир.
Мункарнинг асли-асоси эса Аллоҳга ширк келтириш ва Ундан ўзгага ибодат қилишдир.////////// Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Ҳаётий муаммолар калиди” эшиттиришини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили [email protected]
Барча пайғамбарлар одамларни маъруфлар ичида энг улуғи бўлмиш Аллоҳнинг тавҳидига чорлаш ва мункарлар ичида энг каттаси бўлган Аллоҳга ширк келтиришдан қайтариш учун юборилганлар.
Уни адо этиш билан уммат тузалади, у билан яхшиликлар кўпаяди, унинг ортидан фазилатлар зоҳир бўлиб, разолатлар йўқолади, уммат яхши ишларда бир-бирига кўмакчига айланади, бир-бирига насиҳат қилади, Аллоҳ йўлида жиҳод қилади, барча яхшиликларга қўл уриб, барча ёмонликдан тийилади.
Уни зое қилиш ва ундан ғофил бўлиш билан эса улкан мусибатлар ва кўп ёмонликлар ҳосил бўлади, уммат парчаланади, диллар тош қотади ё ўлади, разолатлар фош бўлади ва тарқалади, фазилатлар йўқолади, ҳақ зое бўлади, ботилнинг овози кўтарилади. Бу маъруфга буюрилмайдиган ва мункардан қайтарилмайдиган ҳар бир жойда, ҳар бир давлат, шаҳар ва қишлоқда бўлган воқеъ иш бўлиб, у ерларда разолатлар ёйилади, мункарлар зоҳир бўлади, фасод ҳукм суради.