Биз билан Эронга келинг
Аҳвоз шаҳрининг тарихи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Сайёҳат қилишни хуш кўрувчи муҳтарам мухлислар, Айтиш жоизким, Эронда диққатга сазовор жойлар жуда кўп ва хилма-хилдир. Агар кимдир Эроннинг диққатга сазовор жойлари билан танишишни хоҳласа, унга камида уч ой керак бўлади.
Дарҳақиқат, саёҳат дастури,ҳар доимгидек, вақт, имконият ва сайёҳнинг истаклари билан боғлиқ, албатта.Эрон қизиқарли саёҳат учун қулай турли имкониятларга эга учта мамлакатдан биридир.
Беҳисоб музейлар,гўзал боғлар, бозорлару турли тижорат марказлари, зиёратгоҳлар. Чиройли кўчалар, тарихий обидаларга эга Теҳрондан ташқари сайёҳларга аввало Исфаҳон, Шероз, Машҳад шаҳарларини, сўнг Кирмоншоҳ, Табриз, Язд, Кирмон,Шуш шаҳарларини, шунингдек,Гилон ва Мозандарон, Оби Гармнинг ям-яшил ва чиройли қирғоқларини, гуллаётган Ардабилни, Ҳамадон ғорларини, Киш оролининг гўзал қирғоқларини томоша қилиш тавсия этилади.
Мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун турли транспорт имкониятлари, яъни самолёт, поезд, автобус, такси каби транспорт турлари мавжуд.Шуниси эътиборлики, ички транспорт йўналишлари баҳоси бошқа мамлакатларникидан анча арзон нархда.Бироқ, транспорт турини танлаш сайёҳнинг имкониятларига боғлиқ бўлиб қолишидан ташқари , йўналишга, яъни у танишмоқчи ва кўрмоқчи бўлган жойга ҳам боғлиқдир.Ҳар бир сайёҳ ўз вақтини яхши ўтказиш учун ички туристик сайёҳлик бўлимларига ёки ҳеч бўлмаса шундай фирмалардан маслаҳат олмоғи лозим.
Ёдингизда бўлса, олдинги суҳбатларимиз орқали Хузистон вилояти ва унинг маркази бўлган Аҳвоз шаҳрига сафар қилишни бошлаган эдик.
Аҳфоз шаҳрининг қурилган тарихи ва унинг ўтмиши ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, аммо айрим ҳужжатлар асосида маълум бўлишича, эйломликлар мазкур минтақанинг биринчи аҳолиси ҳисобланишади. Тарих давомида Аҳвоз шаҳри кўплаб ҳодисалар билан юзмаюз бўлган. Ташқи кучлар томонидан бўладиган ҳужумлар натижасида ушбу шаҳар бир неча бор вайронага айланган ва вақт ўтиши билан яна қайтадан таъмирланган. Эйломликлар Аҳвознинг ҳозирги жойида бир неча асрлар олдин қадимий Таряна шаҳрини бунёд этган эдилар.Эйломликларнинг орадан кетишлари сабабли ушбу шаҳар ҳам завол топади.Сосонийлар сулоласидан бўлган Ардашер Биринчи Таряна шаҳрини қайтадан бунёд этади ва уни “Ардашер Ҳурмузди” дея атайди
Сосонийлар ҳукмронлиги даврида Аҳвоз Хузистоннинг муҳим шаҳри ҳисобланган. Бир вақтлар ушбу шаҳар Эрон хрестианларининг маркази ҳам бўлган. “Ардашер Ҳурмузди” деб аталган вақтида Аҳвоз шаҳри тожирларнинг асосий марказларидан бири бўлган ҳамда ушбу шаҳар қаиқлар сузувчи йирик Корун дарёси соҳилида жойлашгани боис унда катта тижорат ишлари амалга оширилган.
Аҳвоз шаҳрида “Жунди Шопур” олий илм даргоҳи каби илмий ва маданий марказларнинг мавжуд бўлгани ҳам мазкур минтақанинг нечоғли аҳамиятли эканлиги ва ривожланганидан далолат беради. Улуғ донишмандлар ушбу илмий марказларда Юнон, Миср, Ҳиндистон ва Рим юртларида мавжуд тиббий илмлар ва тажрибаларни бир жойга тўплашган эдилар. “Жунди Шопур” олий илм даргоҳида нафақат тиббиёт илмидан таълим бериларди, балки кўплаб беморлар ҳам у ерда даволанишарди. Мазкур Тиббиёт университети милодий 241-271 йилларда Шоҳ Шопур Биринчи фармони билан бунёд этилган эди. Шопур Иккинчи ҳукмронлиги даврида мазкур билимлар маркази таъмирланади ва қайтадан қурилади ҳамда Анушервон замонида янада такомиллаштирилиб, кўпроқ равнақ топади.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.Исломдан кейин “Ҳурмузди Ардашер” шаҳрининг номи “Сувқулаҳвоз” номига айлантирилади. Аҳвоз шаҳри умавийлар ва аббосийлар даврида ҳам обод ва ривожланган бўлиб, найшакар зироатининг маркази ҳам бўлган. Бироқ ҳижрий-қамарий учинчи асрда Аҳвоз харобазорга айланади. Албатта, уни ободонлаштириш учун кўплаб ҳаракатлар амалга оширилади. Аммо ҳижрий-қамарий 9 асрнинг ўрталарида ушбу шаҳар дарёси устида қурилган йирик тўғон бузилганидан кейин шаҳар вайронагарчилик билан юзмаюз бўлади.Ҳижрий-қамарий 1306 йилда Суэц канали қазилгани ва еропаликларнинг Эрон ғарбига мустамлакачилик сиёсатлари аосида эътибор қаратишганларидан кейин Аҳвоз шаҳрида яна ўзгаришлар юзага келади. Носириддиншоҳ ҳам ушбу имкониятлардан Корун дарёсида тижорат қаиқларини кўпайтириш йўли билан фойдаланишга ҳаракат қилади. Эроннинг ўша вақтдаги шоҳи Носириддиншоҳ Хузистон ҳокими билан Аҳвознинг қадимий қисмида Носирий номланган бандаргоҳни бунёд этади. Шундан кейин Аҳвознинг номи Носирияга айланади. Ҳижрий-шамсий 1314 йилда эса вазирлар қарори билан ушбу шаҳарга яна Аҳвоз номи берилади.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.