Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Саноий иҳомбахш шоир
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Таъкидлаб ўтганимиздек, Саноий шеърларидаги гўзал тасвирлар ва яратувчанлик маҳорати кейинга шоирларга илҳомбахш бўлган. Ундан кейин яшаб ижод қилган Хоқоний, Жомий, Хусрав Деҳлавий каби шоирлар баъзи вақтда шоир Саноийга тақлид қилишган.
Маъноли сўзлар, чиройли тасвирлар, янги таркиблар ва хушоҳанглик Саноий ашъорининг муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. Эронлик машҳур шоир ва орифлар Саноийнинг шеърларини юксак баҳолашган ва унинг ашъорига катта эътибор қаратишган.
Саноийни шоирликда янги услуб яратган шоир сифатида тан олишган. Милодий 12 асрда яшаган машҳур шоирлардан бири Хоқоний таъбири билан айтганда, Санойининг услуби зоҳидонадир.
Шоир Саноий ўзининг зоҳидона услубда ёзган шеърларида зуҳд, тавҳид ва ирфоний маъноларни шоирона таъбирлар қолабида баён қилган.
Худо тавҳиди, Қуръон тавсифи, пайғамбар васфи ва шоиста ахлоқни таъкидлаш Саноий ёзган зоҳидона шеърларнинг асосий мавзусини ташкил этади. Шоир Саноий бу каби шеърларида теран нигоҳ ва аниқ мушоҳадалари билан янги ва гўзал маъноларни яратганки, ўзига хос ва беназирдир.
Ҳаким Саноий шундай бир шахсиятки, омманинг гумроҳлиги ва бепарволигидан ғазабланади ва ҳатто уларга нисбатан нафрати ҳам ошади. Айш-ишрат билан шуғулланувчилардан, хусусан, дарбор аҳлидан бўлган бу каби кишилардан шикоятлар қилади. Бироқ у бунга ўхшаган гила ва шикоятларни гўзал тилда, орифона ва дилкаш таъбирларда баён этади ҳамда одамларга умр ўтаётганини эслатиб қўяди.
У, жумладан, ўзи яшаган даврнинг сиёсий ва ижтимоий мавзуларига ҳам эътибор қаратади. Ҳаким Саноий жамиятда мавжуд пастлик ва баландликларни баён этиб, уларни баратараф этиш учун қатор насиҳатлар ҳам беради. Доктор Шафиъий Кадканийга кўра, мазкур масалаларда шоир Саноий мумтоз ҳисобланади. Чунки ундан олдин ва ундан кейин ўтган шоирлар ҳам Саноийдек бу масалаларга эътибор қаратишмаган.
Милодий 11 асрнинг охири ва 12 асрнинг авваларида яшаб ижод қилган эронлик буюк шоир, ҳақим ва ориф Саноий ўзининг хос услубига эга эди. Мавлавий ва Аттор каби буюк шоирлар унинг шоирлик услуби, тафаккури ва эътиқоди таъсири остида қолишган.
Адабий мутахассисларнинг ақидаларига кўра, шоирлик ва шеърият майдонида шеъриятнинг муҳим пояларидан бўлган қолиб –шакл ва мазмун-мундарижасига янгилик киритувчи шоир маваффақиятга ноил бўлган ижодкор ҳисобланади. Шоир Саноий ашъорига назар солсангиз, форс шеъриятининг анъанавий тузилмасига, хусусан қасида ва ғазал жанрларига Саноий ўзгача янги ҳолат берганига гувоҳ бўламиз. У зоҳидона тажрибалар ва орифона ақидаларнинг кўплаб қисмини форс шеърияти тузилмасига киритишга эришади.
Ҳаким Саноийдан олдин, милодий 8 асрдан 11 асргача орифлар ва зоҳидларнинг руҳоний тажрибалари наср тарзида “”Рисолаи қаширия” ва “Эҳёи улуми дин” кабм китобларда баён этилган. Саноий ушбу тажрибаларни шеъриятда хос тарзда тасвир этиб, улкан ўзгаришларни ушбу заминада вужудга келтиради. Адабий танқидчилар ва тадқиқотчилар Саноийни ушбу заминада ҳам бошловчи ва ушбу янгиликларни авжига етказган шоир сифатида билишади.
Доктор Шафиъий Кадканий Саноийнинг таъсири ва форс шеъриятида тутган ўрни борасида шундай ёзган эди: “Саноий шеъри билан бошланган ва форс шеъриятига кириб келган ҳаракат сўзлар таркибида мухтасар ўзгаришлар билан Ҳофизнинг самовий ғазалларини ҳам шакллантирган нарсадир. Бу каби шеърларда инсоний вужуднинг икки томони, яъни топроқли ва самовий кўламлари ўзаро боғланган. Илоҳиёт ва бандалик ҳамда унда малак ва малакут оламлари уйғунлашган тасвирлар билан форс шеърияти тарихида шоирнинг энг баландпарвоз бўлган лаҳзаларини вужудга келтирган.”
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Саноий Ғазнавийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ҳар замон ул ишқи жононим вафоси ўзгадир,
Гарчи ёрнинг ҳар нафас менга жафоси ўзгадир.
Мен анга соатма-соат боғланурман ҳусн аро,
Ҳар замон онинг менга чун муддаоси ўзгадир.
Дилни берсанг ангаким, хуш асрагай чун офият,
Кўзлари-чи? Ул жаҳонсўзи балоси ўзгадир!
Гар қазо муставлию қодир бўлур ҳар бандага,
Мен каби бечора ошиққа қазоси ўзгадир…
Зулфидин эсган шамол хуш келтирар ёмғир ҳидин,
Хоки пойиким, азиздир — тўтиёси ўзгадир.
Ул латофат ичра шамс-у, алдагай лутфи ила,
Лек заифлик ичра ошиғи ҳубоси ўзгадир.
Айрилиқ ранжи дилимни лаҳзае тарк этмади,
Ўйласам васлин валек — роҳатфазоси ўзгадир…
Эрон ҳозирги замон адабиётининг етук тадқиқотчиси ва шоири Шафиъий Кадканий “Тозиёнаи сулук” китобида ҳаким Саноийнинг ашъори ва ақидаларини тадқиқ этади ва бу борада шундай ёзади: “Ғазал фазоси Саноийдан олдин ва ҳатто унинг асрида сокин эди ва унда ҳеч қанақа ҳаракат, ҳаёт ва талпинишлар мавжуд эмас.”Шоир Саноий ғазалга янгича ҳол ва ҳаракат бахш этади. У ирфон ёрдами ва равон тил ила янги ғазал яратади. Бу шундай ғазалки, журъат билан айтиш мумкин, Мавлавийнинг “Девони Кабир”идаги барча ғазаллар ундан ва Саноийнинг шоирлик услубидан таъсирланган. Ҳаким Саноий асридан кейин ирфоний мазмун ва мафҳумлар форс шеъриятида оммабоп мазмун-мундарижага айланади. Шоир Саноийдан қолган асарлар, хусусан, қасида ва ғазалларида ва “Ҳадиқатулҳақиқат” асарида ҳам комил тарзда ирфоний маъно ва мазмунларни кузатиш мумкин. Адабий танқидчиларга кўра, ирфонда мавжуд бўлган барча асосий ақидалар шоир Саноий шеърларида ўз ифодасини топган. Саноий асарларида тасаввуф, ирфон, фалсафа ва ҳикмат мавзулари муҳим ўрин тутади. Шу сабабдан шоир Саноийнинг асарлари ушбу соҳаларда муҳим манба сифатида хизмат қилиши мумкин. Буюк Фирдавсий ва Носир Хусравдан мустасно, шоир Саноий форс шеъриятида тарихида тафаккурни диққат марказида қарор берган шоир ҳисобланади. У ирфоний ақидаларни шеърият танасида жойлаштирган ҳолда, шеърларда янги ўзгариш ва ҳолатларни юзага келтиради.Ҳаким Саноий комил инсон бобидаги ақидани биринчи бор форс шеъриятида қўллаган шоир ҳам ҳисобланади.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.