Нур томон йӯл--828
« Сод " муборак сураси 26-28-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Сод” муборак сураси 26- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
يَا دَاوُودُ إِنَّا جَعَلْنَاكَ خَلِيفَةً فِي الْأَرْضِ فَاحْكُم بَيْنَ النَّاسِ بِالْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعِ الْهَوَىٰ فَيُضِلَّكَ عَن سَبِيلِ اللَّـهِ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَضِلُّونَ عَن سَبِيلِ اللَّـهِ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا نَسُوا يَوْمَ الْحِسَابِ ﴿٢٦﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавои нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир. (26)
Ӯтган суҳбатимизда Довуд алайҳиссалом икки кишининг ӯртасида шошилинч ҳакамлик қилгани учун хатога йӯл қӯйди. Шу сабабли Аллоҳнинг даргоҳига тавба-тазарруъ қилди. Аллоҳ ҳам ӯз пайғамбарининг тавбасини қабул қилди ва унинг мақомини пасайтирмади, деб айтган эдик.
Бу ояти каримада буюрилади: Эй, Довуд! Биз сенга рисолат мақомини бериб, ӯзимизнинг ердаги ӯринбосаримиз қилдик. Шундай экан, бизнинг кӯрсатмамиз асосида фаолият қилишинг, ҳар бир амалинг Илоҳий сифатлар кӯзгуси бӯлиши керак. Эҳтиёт бӯлиб, одамлар ӯртасида ҳакамлик қилган чоғи ҳақ ва адолат асосида амал қилишинг лозим.
Ҳавойи нафсга берилма, ӯзинг истаган нарсани Ҳақнинг номидан амалга оширма. Зеро, бу нарса Аллоҳнинг йӯли бӯлган ҳақиқатдан чалғишингга сабаб бӯлади.
Маълумки Илоҳий пайғамбарлар маъсум, яъни бегуноҳдирлар. Улар Аллоҳнинг йӯлидан адашмайдилар. Аммо бу ояти каримадан кӯриниб турибдики, пайғамбарлар ҳам эркин амал қиладилар ва улар ҳам инсонлар каби хато ва камчиликларга йӯл қӯйишлари мумкин. Шу сабабли Аллоҳ уларга нафсларига эҳтиёт бӯлиш лозимлигини эслатади. Чунки нафсга эргашиб, Худонинг йӯлидан адашишлари ва оғир азобга гирифтор бӯлишлари ҳам мумкин.
Олдинги ояти карималарнинг давоми сифатида бу оятда одамлар ӯртасидаги ҳакамликка эътибор қаратилган. Уқтирилишича, ер юзида ҳукумат юритадиган киши ҳар қандай ҳолатда ҳақ ва адолат асосида амал қилиши лозим. Бундай киши ҳақиқат ва адолатни англаш учун Аллоҳнинг дини аҳкомларини ӯрганиб чиқиши ва ана шу кӯрсатмалар асосида амал қилиши лозим, нафсининг хоҳишларига эмас. Акс ҳолда одамларнинг ҳуқуқи амалдорлар ҳавойи нафсининг истаклари қаршисида зоеъ бӯлади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дин сиёсатдан айри эмас. Одамлар устидан ҳукумат юритиш ва жамиятдаги муносабатларни тадбир билан ҳал этиш пайғамбарлар рисолати талабларидан эди.
- Маҳкаманинг асосий мезони ҳамда қонун-қоидаси фақат ва фақат ҳақиқат бӯлиши керак, ҳоким ёхуд қозининг истак-хоҳиши эмас.
- Ҳаво ва ҳавас ҳақни бир четга суриб ташлайди. Нафспараслик ҳақ йӯлдан адашишдир. Шу сабабли солиҳ инсонлар турли мавридларда ҳақдан чекинмаслик учун ӯз нафсларини назорат қиладилар.
Энди “Сод” муборак сураси 27-28- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَمَا خَلَقْنَا السَّمَاءَ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا بَاطِلًا ۚ ذَٰلِكَ ظَنُّ الَّذِينَ كَفَرُوا ۚ فَوَيْلٌ لِّلَّذِينَ كَفَرُوا مِنَ النَّارِ ﴿٢٧﴾ أَمْ نَجْعَلُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ كَالْمُفْسِدِينَ فِي الْأَرْضِ أَمْ نَجْعَلُ الْمُتَّقِينَ كَالْفُجَّارِ ﴿٢٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Бас, куфр келтирганлар учун дўзах(азоби)дан вой бўлсин!(27) Йўқ! Биз иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?! (28)
Аллоҳ таъоло ҳазрат Довудга ерда ҳақ асосида ҳукумат юритиб, қазоват қилгин. Зеро, сен бизнинг ердаги ӯринбосаримизсан, дея таъкидлаган олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: Биз дунёни ҳақ асосида яратдик ва унда ботилга йӯл йӯқ. Шундай экан, ерда фақат ҳақиқат ҳоким бӯлиши керак. Албатта, Аллоҳга ва унинг тадбирига ишонмайдиган, унинг борлигини инкор қиладиганлар дунёни шунчаки мақсадсиз яратилган деб ӯйлашади. Улар дӯзах оловига гирифтор бӯлган чоғи гумонларининг мутлақо ботил эканлигини англаб етишади.
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Фақатгина яратилиш тизими эмас, балки Илоҳий жазо ва мукофотлаш тизими ҳам ҳақ ва адолат асосига қурилган. Шу сабабли Аллоҳ яхши ва ёмонлар билан бир хил муомала қилмайди.
Табиийки, Аллоҳни ӯзларининг яратувчиси деб биладиган, қиёмат кунига иймон келтирганларнинг Аллоҳга иймон келтирмаган кишилар билан ердаги юриш-туришлари фарқ қилади. Биринчи гуруҳдагилар ӯзлари ва жамиятни ислоҳ қилиш учун ҳаракат қилишади. Иккинчи гуруҳдагилар эса ерда иложи борича кӯпроқ фисқ-фасодни ёйиш учун. Биринчи гуруҳ Аллоҳ белгилаган услубда амал қилишади, иккинчи гуруҳдагилар эса моддий ва шахсий манфаат асосида. Биринчи гуруҳ қӯлга киритадиган натижа тақво ва покдомонликдир, иккинчи гуруҳ қӯлга киритадиган натижа эса жамиятда фисқ-фужурнинг ёйилиши.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Диний таълимот бӯйича борлиқ ҳикмат ва мақсад билан яратилган. Ғайридиний нуқтаи назардан борлиқ мақсадсиз, шунчаки ӯзи яралган.
- Борлиқ низоми ҳақ асосида яратилган. Шу сабабли инсоният жамиятининг бутун борлиққа уйғунлашиб кетиши учун ундаги қонун-қоидалар ҳам ҳақ асосида бӯлиши керак.
- Ҳақнинг талаби дунё ва охиратда адолатга риоя қилинишидир. Жамиятда яхши ва ёмонларга бир хил муносабатда бӯлиш адолатдан эмас.
- Аллоҳнинг буйруқларини менсимаслик ер юзида фисқ-фужурнинг болалаб кетишига сабаб бӯлади.