Нур томон йӯл--841
« Зуммар " муборак сураси 7-8-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Зуммар” муборак сураси 7-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
إِن تَكْفُرُوا فَإِنَّ اللَّـهَ غَنِيٌّ عَنكُمْ ۖ وَلَا يَرْضَىٰ لِعِبَادِهِ الْكُفْرَ ۖ وَإِن تَشْكُرُوا يَرْضَهُ لَكُمْ ۗوَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَىٰ ۗ ثُمَّ إِلَىٰ رَبِّكُم مَّرْجِعُكُمْ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ۚ إِنَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ ﴿٧﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Агар куфр келтирсангиз, албатта, Аллоҳ сиздан беҳожатдир. У ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар Унга шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур. Ҳеч бир оғирлик кўтаргувчи жон ўзга жоннинг оғирлигини кўтармас. Сўнгра фақатгина Роббингизга қайтишингиз бор. Бас, У нима амал қилиб юрганингизнинг хабарини берур. Албатта, У диллардаги нарсаларни ҳам ўта билгувчи зотдир.(7)
Бу ояти карима Аллоҳга шукрона қилиш мавзусида бӯлиб, унда буюрилади: Айрим кишилар ноз-неъматлар Аллоҳга тегишли эканлигини англаб, унга шукрона келтиришади. Аммо бошқа бир гуруҳ кишилар ӯзлари фойдаланаётган неъматлардан ғофилдирлар. Улар бу неъматлар Худога тегишли эканлигини инкор қилишади. Улар ихтиёримиздаги неъматлар ӯзимизнинг сай-ҳаракатимиз маҳсулидир, деб ӯйлашади. Шу сабабли шукрона қилмайдилар.
Аллоҳ таъоло уларнинг шукронасига муҳтож эмас. Масалан, бутун дунё одамлари куфрга берилиб, Аллоҳни инкор қилишса ҳам Худога заррача зиён етказишолмайди. Зеро, Аллоҳ бизнинг шукронамиз у ёқда турсин, ҳатто мавжудлигимизга эҳтиёж сезмайди.
Аллоҳ ӯз бандаларини неъматларга шукр қилишга бурчли қилиб қӯйган экан, бу нарса бизнинг шукронамизга эҳтиёж сезишини англатмайди. Бундан кӯзланган мақсад шулким, шукрона ва миннатдорчилик руҳияси инсоннинг ахлоқий ва маънавий такомулига сабаб бӯлади. Шунинг учун Қуръони каримда Аллоҳга шукрона келтириш буюрилиши билан бир қаторда “Ота-онангнинг чеккан заҳматларини ҳам унутма, улардан миннатдор бӯл” дея марҳамат қилинган. (“Луқмон” 14-оят).
Ояти кариманинг давомида инсон юриш-туришидаги асосий бир қоидага ишора қилиниб, буюрилади: Инсон ӯз қилмишининг масъулиятини англаб, унинг учун жавоб беришга тайёр туриши керак. Ҳеч ким ӯз ишлари учун масъулиятни бошқага юклашга ҳақли эмас. Зеро, Аллоҳ қиёмат куни бировнинг гуноҳини бошқага юкламайди. Балки ӯзининг илми орқали инсон амалга оширган қилмишларни аниқлайди ва одамизод қилмишларига яраша жазоланади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Намоз ӯқи, рӯза тут, дегани Аллоҳ бизнинг ибодатларимизга муҳтождир, дегани эмас. Балки Аллоҳнинг бу кӯрсатмалари инсоннинг маънавий камолоти заминаларидир.
- Аллоҳ ӯз бандалари билан адолат юзасидан муомала қилади. Шу сабабли ҳар бир киши ӯз қилмишига яраша мукофот ёхуд жазога лойиқ кӯрилади. Қиёмат куни миллат, қабила ва қавм-қариндошлик муносабатлари фойда бермайди.
Энди “Зуммар” муборак сураси 8- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَإِذَا مَسَّ الْإِنسَانَ ضُرٌّ دَعَا رَبَّهُ مُنِيبًا إِلَيْهِ ثُمَّ إِذَا خَوَّلَهُ نِعْمَةً مِّنْهُ نَسِيَ مَا كَانَ يَدْعُو إِلَيْهِ مِن قَبْلُ وَجَعَلَ لِلَّـهِ أَندَادًا لِّيُضِلَّ عَن سَبِيلِهِ ۚ قُلْ تَمَتَّعْ بِكُفْرِكَ قَلِيلًا ۖ إِنَّكَ مِنْ أَصْحَابِ النَّارِ ﴿٨﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Қачонки инсонни зарар тутса, Роббига тавба қилган ҳолида дуо қиладир. Сўнгра унга Ўз фазлидан неъмат берса, олдин дуо қилиб турган нарсасини унутадир ва Аллоҳга Унинг йўлидан адаштирмоқ учун тенгдошлар қилади. Сен: «Куфринг билан бир оз ҳузурланиб тур. Албатта, сен жаҳаннам эгаларидансан», деб айт. (8)
Аҳли башарнинг шукрона қилиш-қилмаслиги ҳақидаги олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада ушбу ҳолатдан намуна келтирилиб, буюрилади: Айрим кишилар ҳаётда касаллик, иқтисодий қийинчиликлар каби муаммоларга дуч келишганида Аллоҳни кӯп эслашади. Улар Аллоҳдан бу мушкулларини осон қилишини илтижо қиладилар. Агар бу мушкулотлари бирор-бир гуноҳ ёхуд огоҳ эмасликлари сабабли вужудга келган бӯлса, тавба-тазарру қиладилар.
Аммо айни шу одамлар муаммолар бартараф этилиб, Аллоҳдан янги-янги ноз-неъматлар етгани чоғи Аллоҳ ва унинг неъматларини унутиб, дунёвий ишларга шӯнғиб кетишади.
Улар баъзида дунёпарастликка шунчалик берилишадиким, Аллоҳни бутунлай унутиб, тақдирларининг яхшилик томон ӯзгаришига айрим шахсларни сабабчи деб билишади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳаётдаги муаммолар инсон учун машаққатли кечсада, унинг учун фойдадан холи эмас. Машаққатларнинг энг муҳим фойдаси шулким, улар инсонни ғафлат уйқусидан уйғотиб, яратилиш ва қиёмат ҳақида фикр юритишга мажбур қилади.
- Лаёқатсиз инсонларга ноз-неъмат ато этилгач, улар муаммоларининг Аллоҳ томонидан бартараф этилганини унутиб қӯйишади.
- Дунёдаги муваффақиятлар ҳақиқий бахт-саодатнинг нишонаси эмас. Жуда кӯп кофир ва мункир кимсалар дунёнинг ноз-неъматларига ғарқ бӯлган бир ҳолда яшашади, аммо бу роҳат-фароғат охиратнинг неъматлари наздида арзимасдир.