сентябр 07, 2019 17:37 Asia/Tashkent

«Зуммар" муборак сураси  9-10-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  9- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ ۗ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿٩﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Робби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар. (Аллоҳга куфр келтирган, Унга ибодат қилмаган, Унга бўйин эгмаган, кечалари Унинг розилиги  йўлида бедор бўлмаган, охиратдан қўрқмаган, Робби раҳматидан умид этмаган одам, албатта, ушбу кечалари Аллоҳга ибодат қилган, Аллоҳнинг Ўзигагина сиғинган, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бедор бўлган, охиратдан қўрққан ва Робби раҳматидан умидвор кимсага тенг бўла олмайди.) (9)

Ӯтган суҳбатда шарҳлаганимиз ояти карималарда муаммо ва машаққатларга дуч келганида Худони эслайдиган, роҳат-фароғатга эришган пайти эса Уни унутиб, ҳатто куфр келтирадиган инсонлар ҳақида гапирилган эди. Бу ояти каримада буюрилади: Шундай одам Аллоҳни ҳар қандай ҳолатда эсидан чиқормайдиган,  Парвардигори каримнинг раҳматини ӯзига жалб қилиб, дӯзах азобидан омонда бӯлиш учун ярим тунлари  туриб намоз ӯқийдиган, тавба-тазарру қиладиган инсон билан тенг деб ӯйлайсизми?

Аллоҳ дӯстларининг ӯзига хос хусусиятларидан бири тунлари намоз ӯқиб, дуо ва Қуръон тиловат  қилишларидир. Айрим одамлар фарз намозларини қийналиб ӯқишади. Оғриниб рӯза тутишади.  Аммо Аллоҳ ва қиёмат кунига иймонлари қатъий бӯлган ҳақиқий мӯминлар эса намоз ва фарз ибодатларини сидқидилдан бажариш билан бирга ярим тунлар уйғониб,  нафл ва мустаҳаб ибодатларини бажо келтиришади, намоз ӯқиб, Аллоҳнинг даргоҳига муножот қилишади.

Табиийки, бундай кишилар Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бӯлиш билан бирга унинг азобидан ҳадиксираб юришади. Улар хавф ва ражо оралиғида яшашади. Ана шу ҳолат уларнинг Аллоҳнинг раҳматидан умидсизланмаслик ва унинг азобидан ғафлатда қолмасликларига сабаб бӯлади.

Ояти кариманинг давомида Аллоҳнинг Расулига қарата буюрилади: Доно инсонлар нодонлар билан тенг эмаслигини одамларга эълон қилинг. Фақат салим ақл эгаларигина бу икки тоифа инсонлар орасидаги фарқни англаб етишади. Бундай одамлар насиҳатга қулоқ солишади ва саодатга етишиш йӯлини танлашади.   

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръон таълимотида тун фақат ухлаб дам олиш учун эмас. Балки у Аллоҳ билан хилватда бӯлиш, Унга розу ниёз айтишнинг муносиб фурсати ҳамдир.
  2. Ҳақиқий олим ва донишмандлар ибодат ва Аллоҳ билан роз-ниёз қилувчилардир.
  3. Аллоҳнинг азобидан қӯрқиш ва Унинг раҳматига умидвор бӯлиш масаласида муътадилликка риоя қилиш лозим. Аллоҳнинг мардлари қиёмат кунидан ҳадиксираш билан бирга Худонинг фазлу раҳматидан умидвордирлар.

Энди  “Зуммар” муборак сураси   10-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ يَا عِبَادِ الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا رَبَّكُمْ ۚ لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَـٰذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ ۗ وَأَرْضُ اللَّـهِ وَاسِعَةٌ ۗ إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُم بِغَيْرِ حِسَابٍ ﴿١٠﴾

Бу ояти карима    қуйидагича таржима қилинган:

Сен менинг тарафимдан: «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт. ( Иймон Аллоҳга ишониш ва унинг айтганига юришдир. Тақво эса, доимо Аллоҳни ҳис қилиб туриш ва амрларини бажаришдир.) (10)

Ӯтган ояти каримада мағрур ва ношукур инсонлар билан тавба қилувчи ва тавозеъли кишилар, шунингдек олимлар жоҳиллар билан таққосланди. 

Бу ояти каримада эса Аллоҳнинг ҳақиқий бандаларига хос бӯлган айрим хусусиятларга ишора қилинади. Бу хусусиятларнинг энг муҳими тақво эканлиги таъкидланиб, буюрилади: Иймон аҳлининг белгиси бу Парвардигори каримни унутмасликдир. Аллоҳни унутмаган киши Ундан ҳаё қилади, натижада гуноҳ ва нолойиқ ишлардан узоқроқ юриш ҳаракатида бӯлади.

Аммо ёлғиз тақвогина етарли эмас. Эҳсон қилиш ва эзгу амалларни бажариш ҳам лозим.

Тақво инсонни турли хавф-хатар, тойилишлар, гуноҳ жарлигига ағдарилиб кетишлардан сақлайдиган тормозга ӯхшайди. Хайрли ишлар эса инсонни камолот сари судраб борадиган қудратли мотордир.

Ояти кариманинг давомида иймон аҳлининг Аллоҳ йӯлида ҳижрат қилишга шай эканлигига ишора қилиниб, буюрилади: Динингизни асраш йӯлида шаҳар ва минтақангизда муаммоларга дуч келган чоғи бошқа юртларга ҳижрат қилинг. Шаҳар ва ватанингизга бӯлган меҳр-муҳаббат ҳисси динингизнинг шикастланишига сабаб бӯлмасин.

Расули акрам (с)нинг ёронлари қийинчилик ва машаққатларга қарамай,  мушриклар чангалидан қутилиш ва Аллоҳнинг динига кӯмаклашиш мақсадида Маккадан Мадинага ҳижрат қилишди.

Яшаш жойидан бошқа юртларга ҳижрат қилишнинг ӯзига яраша қийинчиликлари бор, албатта. Шу сабабли ояти кариманинг давомида буюрилади: Аллоҳ учун бу машаққатларга чидаб, сабр қилган кишиларга Аллоҳ таъло амалларининг вазнига қараб эмас, балки ӯз лутфу карами ила тӯлиқ ажру савоб ато қилур.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Иймон, тақво ва эҳсон бир-бирини тӯлдириб турувчи амаллардир. Буларсиз инсон саодатга эришолмайди.
  2. Иймонни ҳимоялаш мақсадида яшаш маҳалидан ҳижрат қилишга зарурат туғилса, Аллоҳ учун ҳижрат қилиш, Худонинг лутфу карамига кӯз тикиб, ҳижратнинг машаққатларига сабр қилишимиз лозим.
  3. Аллоҳ сай-ҳаракатларимизга қараб ажр-савоб ато этади. Бошқача қилиб айтганда жаннат баҳога қараб берилади, баҳонага қараб эмас. Сай-ҳаракат ва қатъият инсоннинг камолотига сабаб бӯлиб, уни олий даражаларга етказади.