сентябр 25, 2019 20:04 Asia/Tashkent

«Зуммар" муборак сураси  54-58-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  54-55- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَأَنِيبُوا إِلَىٰ رَبِّكُمْ وَأَسْلِمُوا لَهُ مِن قَبْلِ أَن يَأْتِيَكُمُ الْعَذَابُ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ ﴿٥٤﴾ وَاتَّبِعُوا أَحْسَنَ مَا أُنزِلَ إِلَيْكُم مِّن رَّبِّكُم مِّن قَبْلِ أَن يَأْتِيَكُمُ الْعَذَابُ بَغْتَةً وَأَنتُمْ لَا تَشْعُرُونَ ﴿٥٥﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас. (54) Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Роббингиздан сизга туширилган энг гўзал нарсага эргашинг. (55)

Ӯтган суҳбатимизда Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати барча бандаларни қамраб олади, деб айтган эдик. Бу ояти карималарда таъкидланишича, Илоҳий раҳматга эришишнинг йӯли иккита:

  1. Гуноҳлардан тавба қилиб, Аллоҳга қайтиш.
  2. Илоҳий таълимотга эргашиш.

Бу ояти карималарда Аллоҳнинг лутфу иноятига умид қилишга чақирилиш билан бирга Худонинг қаҳр-ғазаб ва жазоси ҳам эслатилади. Бунда ӯтган гуноҳларидан тавба қилмай, ёвуз амалларини давом эттирган киши азобга гирифтор бӯлиши таъкидланади. Булар кутилмаганда кишини ӯз домига туширадиган дунёвий ҳамда ӯлимдан сӯнг юз берадиган ухровий азоблардир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ҳақиқий тавбанинг белгиси қалбнинг Аллоҳ кӯрсатмаларига сӯзсиз таслим бӯлишидир.
  2. Тавбани кечиктирмаслик керак, зеро ӯлимнинг келиш вақтини ҳеч ким билмайди.
  3. Инсон қалбан таслим бӯлиш билан бирга солиҳ амаллар ҳам қилиши лозим.
  4. Дунёда яхши ишлар кӯп, аммо инсоннинг умри ва имкониятлари чеклангандир. Шу сабабли яхши ишларнинг энг яхшисини танлашимиз лозим.

Энди  “Зуммар” муборак сураси   56-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَن تَقُولَ نَفْسٌ يَا حَسْرَتَىٰ عَلَىٰ مَا فَرَّطتُ فِي جَنبِ اللَّـهِ وَإِن كُنتُ لَمِنَ السَّاخِرِينَ ﴿٥٦﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Жон: «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Тўғриси, мен масхара қилгувчилардан бўлган эдим», демасидан олдин... (56)

 Қиёматнинг Қуръон оятларида таъкидланган ӯзига хос хусусиятларидан бири кишиларнинг дунёда қилган эътиборсизликлари учун ҳасрат чекишларидир. Шу сабабли унинг номларидан бири “явмул ҳасра” яъни “ҳасрат куни” деб аталади.

Маҳшар саҳросига кириб боргач, ӯзининг дунёдаги бепарволиклари ва гуноҳларини кӯз олдида кӯрган инсон во дариғ, дея ҳасрат чекади. Гунаҳкорлар Аллоҳнинг оят ва расулларини масхаралаганликлари учун афсус-надомат чекишади.  Зеро, улар гумроҳлигининг илдизи Худонинг оят ва пайғамбарларини масхаралашга бориб тақалишини англаб етишади.

Умумун олганда қиёмат куни барча инсонлар афсус-надомат чекишади. Улар дунёга қайтиб, дунё ҳаётининг ҳар бир лаҳзасидан охират учун савоб тӯплаш мақсадида фойдаланишни орзу қилишади. Аммо энди қайтиш учун йӯл йӯқ.  Унда кӯплаб донишмандлар ҳам ӯзларининг билим ва малакаларига амал қилмаганликлари учун бошқалардан кӯра кӯпроқ ҳасрат чекишади.

Қиёмат куни дунёда холис Аллоҳ учун бажарилган амалларгина эътиборли эканлиги намоён бӯлади.  Одамлар кӯпгина амаллари зоҳирда эзгулик ва эҳсон бӯлсада, аммо уларга риё ва манманлик аралашгани учун қиёматгача етмай, дунёда қолиб кетганига гувоҳ бӯлишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Дунёда Аллоҳ учун эзгу амаллар қилишга қанчалик эътиборсизлик қилсак, охират кунида шунчалик ҳасрат-надомат чекамиз.
  2. Қиёмат кишининг ӯзига иқрор келтириши ва эътироф қилиши ҳамда афсус-надомат чекиш кунидир.
  3. Дунёда Қуръон оятлари  ва Илоҳий ҳукмларни масхаралаган кишилар қиёмат куни ӯз ишларидан пушаймон бӯлишади. Аммо бу кечиккан пушаймонликдан энди фойда йӯқ.

Энди  “Зуммар” муборак сураси  57-58-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَوْ تَقُولَ لَوْ أَنَّ اللَّـهَ هَدَانِي لَكُنتُ مِنَ الْمُتَّقِينَ ﴿٥٧﴾ أَوْ تَقُولَ حِينَ تَرَى الْعَذَابَ لَوْ أَنَّ لِي كَرَّةً فَأَكُونَ مِنَ الْمُحْسِنِينَ ﴿٥٨﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлар эдим», демасидан олдин... (57) Ёки азобни кўрган чоғида: «Агар менга яна бир марта ортга (дунёга) қайтиш бўлганида, гўзал амал қилгувчилардан бўлар эдим», демасидан олдин... (Охират азобини, ўлим талвасасини кўргандан кейинги надоматлар фойда бермайди. Ҳақ калом етиши билан дарҳол тавба қилиш, Аллоҳга тўла-тўкис таслим бўлиш ва Қуръонга эргашиш керак. Чунки, охиратда ушбу сўзларга жавобан Аллоҳ:) (58)

 Инсонларнинг қиёмат кунида афсус-надомат чекишларини ифодалаган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: жаннат аҳлининг эзгу амалларини даст кӯтариб, жаннатга кетаётганини кӯрган киши уларнинг сафида бӯлишни, улар билан биргаликда Илоҳий ноз-неъматларга эришишни орзу қилади. У агар мени Аллоҳ ҳидоят қилсайди дунёда жаннатийлар каби гуноҳдан қочиб, парҳезкорлар муҳитида яшардим, деб айтади. Гунаҳкор бу гапи билан ӯзини оқламоқчи бӯлади.

Азобнинг муқаррар эканлигини ҳис қилиб, кӯзи дӯзахнинг ланғиллаган оловига тушган чоғи қанийди яна бир бор дунёга қайтиб,  ӯтган гуноҳларимни эзгу амаллар воситасида ювсам эди, яхши инсонлар сафида бӯлсам эди, дея орзу қилади.

Албатта, унинг бу гаплари нотӯғри, бу орзулари ботилдир. Зеро, Аллоҳ халойиқни ҳидоятга бошлаш учун пайғамбарларни юборди. Пайғамбарларнинг гапига кирмай, ҳидоятга эргашмаганлар, демак, ӯзлари бу ишни исташмаган. Уларнинг дунёга қайтиш ҳақидаги орзулари ҳам иложсиздир.

  Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қиёмат куни тақвонинг қадру қиймати ошкор бӯлади. Дарвоқе, қиёмат куни фақатгина тақво иш беради, мол-мато,  бойлик ва шуҳрат эмас.
  2. Илоҳий ҳидоятга эргашмаган киши қайси йӯлдан юрмасин, қиёмат азобидан омонда қололмайди.
  3. Қиёмат куни гунаҳкорлар парҳезкорларга ҳасад қилишади, уларга ӯхшашни орзу қилишади.
  4. Тақво ва эҳсон қиёмат куни инсонга нажот бахш этуви омиллардир.