Нур томон йӯл--855
«Зуммар" муборак сураси 64-70-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Зуммар” муборак сураси 64-66- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
قُلْ أَفَغَيْرَ اللَّـهِ تَأْمُرُونِّي أَعْبُدُ أَيُّهَا الْجَاهِلُونَ ﴿٦٤﴾ وَلَقَدْ أُوحِيَ إِلَيْكَ وَإِلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكَ لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ ﴿٦٥﴾ بَلِ اللَّـهَ فَاعْبُدْ وَكُن مِّنَ الشَّاكِرِينَ ﴿٦٦﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Сен: «Эй жоҳиллар! Мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишимга буюрурмисиз?!» деб айт. (64) Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: «Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан. (65) Йўқ! Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этгувчилардан бўл!» деб ваҳий қилинган. (66)
Олдинги суҳбатларимизда тавҳид ва ширк ҳақида гапирилган эди. Ӯтган ояти карималарнинг давоми сифатида бу ояти карималарда ҳам буюрилади: Мушриклар ва бутпарастлар турли баҳоналар билан Расули акрам (с)ни уларнинг бутларини эҳтиром қилиб, ибодат қилишга кӯндиришга ҳаракат қилишарди. Улар агар сен бизнинг бутларимизга сажда қилсанг, биз ҳам сенинг худоингга сажда келтириб, намоз ӯқишга тайёрмиз, деб айтишарди.
Аллоҳ таъоло бу ояти карималарда кескин буюради: Бундай бемаъни талаблар уларнинг жаҳолат ва нодонликларининг натижасидир. Одамларни яктопарастликка даъват этиш ҳамда ширк ва бутпарастликдан узоқлашишга таблиғ қилиш учун келган пайғамбар қандай қилиб мушрикларни жалб қилиш учун уларнинг бутларига сажда қилади?!
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Эй пайғамбар, уларга мен фақат ягона Аллоҳга сиғинаман, ҳеч қачон сизларнинг бутларингизга сажда қилмайман, деб айтинг. Зеро, тавҳид ва ширк савдога солинадиган мавзулар эмас. Ким ширкка мойил бӯлса, эзгу амаллари ботил бӯлгай. Бордию, Аллоҳнинг пайғамбари шундай йӯл тутса, табиийки, унинг жазоси янада оғир бӯлади. Зеро, у бошқаларнинг ҳам гумроҳ бӯлишига сабаб бӯлади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳдан бошқа ҳар қандай нарсага сиғиниш кишининг жоҳил ва ақл-фаросатсизлигининг натижасидир. Гарчи у зоҳиран ӯзини жуда билимли ва ӯта маданиятли деб билсада.
- Тавҳид ва яктопарастлик иймон аҳли учун қизил чизиқ ҳисобланади. Уни ҳеч қачон бошқа бир нарса билан муомала қилишмайди.
- Душманлар оддий одамлар тугул ҳатто пайғамбарларни ҳам тӯғри йӯлдан адаштириш учун ҳаракат қилишади. Аллоҳга ибодат қилиш унинг сонсиз неъматларига шукрона қилиш усулидир.
Энди “Зуммар” муборак сураси 67-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَمَا قَدَرُوا اللَّـهَ حَقَّ قَدْرِهِ وَالْأَرْضُ جَمِيعًا قَبْضَتُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَالسَّمَاوَاتُ مَطْوِيَّاتٌ بِيَمِينِهِ ۚ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَىٰ عَمَّا يُشْرِكُونَ ﴿٦٧﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Улар Аллоҳнинг қадрини тўғри тақдирламадилар. Ҳолбуки, ер борлигича Унинг сиқимидадир. Осмонлар эса, Унинг қудрат қўлига йиғилгандир. У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир. (Бу дунёда Аллоҳга ширк келтирганлар Аллоҳ таолонинг қандай зот эканини тўғри тақдир қилмадилар. Улар Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаётганлари, Унга ширк келтираётганлари шунга далолатдир. Аллоҳнинг ваҳдониятини ҳам, Аллоҳнинг улуғлигини ҳам идрок қилмадилар. Улар Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодирлигини англамадилар. Агар шу маъноларни идрок қилганларида унга ширк келтирмас эдилар.) (67)
Олдинги ояти карималарнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: Аллоҳнинг расулига шунақа бемаъни таклифни айтиб, бутларини эҳтиром қилишларини сӯраганлар, дарҳақиқат, Аллоҳни танимаган кишилардир. Улар оламларнинг Яратувчисини ҳам ӯзларининг бутлари каби деб билишади.
Ширкнинг сарчашмаси Аллоҳни англаш маърифатининг йӯқлигидир. Барча мавжудотнинг яратувчиси бӯлган Аллоҳ оламнинг бутун ишларини ҳикмат ила тадбир қилади. Бутун мавжудот ҳаёт кечириш учун Унга эҳтиёж сезади.
Қиёматда ҳам ер ва осмон Аллоҳ қудратининг илкидадир.
Ҳа, Аллоҳ ҳар қандай шерикдан пок ва муназзаҳдир. Аммо мушриклар орқага қайтиш иложсиз бӯлган пайтдагина бу ҳақиқатни англаб етишади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ширк Худони эҳтиром қилмаслик ҳамда унинг илм ва қудратига таважжуҳ қилмасликдир.
- Бу улкан осмон ӯзининг яратувчиси бӯлган Аллоҳ қудратининг наздида ӯта кичик ва кӯримсиздир.
Энди “Зуммар” муборак сураси 68-70-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَصَعِقَ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَمَن فِي الْأَرْضِ إِلَّا مَن شَاءَ اللَّـهُ ۖ ثُمَّ نُفِخَ فِيهِ أُخْرَىٰ فَإِذَا هُمْ قِيَامٌ يَنظُرُونَ ﴿٦٨﴾ وَأَشْرَقَتِ الْأَرْضُ بِنُورِ رَبِّهَا وَوُضِعَ الْكِتَابُ وَجِيءَ بِالنَّبِيِّينَ وَالشُّهَدَاءِ وَقُضِيَ بَيْنَهُم بِالْحَقِّ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ ﴿٦٩﴾ وَوُفِّيَتْ كُلُّ نَفْسٍ مَّا عَمِلَتْ وَهُوَ أَعْلَمُ بِمَا يَفْعَلُونَ ﴿٧٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар. (Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўладилар. Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ»–«йиқилиб ўлиш» пуфлаши, дейилади. Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун у зот хоҳласа, баъзи жонзотлар саъқ–пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади. Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди, барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.) (68) Ва ер Робби нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди. Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Уларга зулм қилинмади. (Яъни, маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди. Бандаларнинг номаи амаллари–бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди.) (69) Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир. (70)
Бу ояти карималарда дунёнинг интиҳоси ва қиёматнинг ибтидосига ишора қилиниб, буюрилади: Даҳшатли бир самовий товушдан барча мавжудотлар ҳалок бӯлади. Бир муддат ӯтгач, яна бир ҳайбатли товушдан барча тирилади. Улар оёққа туриб, амалларининг сарҳисобига мунтазир туришади.
Бошқача қилиб айтганда Аллоҳнинг биргина буйруғи билан осмон ва заминдаги барча мавжудотлар ӯлиб, яна бир фармони билан ӯликлар тирилиб, амаллари сарҳисобининг маҳкамасига мунтазир туришади.
Одамлар қайта тирилган куни ер юзи Аллоҳнинг нури ила нурланган бӯлади. Ҳақиқат нури ҳоким бӯлади ва кишилар ҳеч нарсани инкор қилолмайдилар. Ҳижоб ва пардалар сидирилиб, инсоннинг яхши-ёмон амаллари ҳақиқати ошкора бӯлади.
Ӯша куни инсонларнинг катта-кичик амаллари қайд қилинган номаи аъмоллари келтирилади. Пайғамбарлар ва гувоҳлар иштирокида ҳар бир кишининг номаи аъмоли ҳақиқат ва адолат юзасидан кӯриб чиқилади. Ҳеч бир кимсага зулм раво кӯрилмайди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Барча мавжудот, жумладан инсонларнинг ҳам ҳаёт-мамоти Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. У ҳар лаҳзада Худо томонидан олиниши ёхуд берилиши мумкин.
- Оҳирзамон кутилмаганда юз беради.
- Қиёмат маҳкамаси амаллар дафтари ва гувоҳлар иштирокида ташкил этилади. Унда инсонларнинг амали ҳақиқат ва адолат асосида муҳокама қилинади.
- Шу дунёдаёқ бир гуруҳ гувоҳлар ва назоратчилар бизнинг амалларимизни кузатиб боришяпти. Шунингдек, аъмолимиз масъул фаришталар томонидан ҳам ёзиб борилади.