Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз
Миллий университет
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
”Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Ёдингизда бўлса, ўтган сўҳбатимизда сизни Хоразмий университетининг ташкил этиш тарихи билан таништирган эдик. Эслатиб ўтамиз, Эронда мактабларнинг сони ошиши ва малакали ўқитувчиларга бўлган этиёжлар боис 1928 йилда “Марказий Дорулмуаллимин” номи “Олий Дорулмуаллимин”га ўзгартирилади. 1933 йилда унинг номи “Донишсарои оли”, яъни Олий билим саройига ўзгартирилади. 1963 йилда Олий билим саройи ўрнига Ўқитувчилар тайёрлаш ва тарбия тадқиқоти ташкилоти таъсис этилади. 1967 йилда Фанлар ва олий таълим вазирлиги ташкил этилганидан кейин ушбу ташкилот “Донишсаройи тарбияти” (Тарбия билим саройи) номи билан мазкур вазирлик қошида фаолият кўрсатади. Милодий 1975 йилда ушбу билим саройи Ўқитувчилар тайёрлаш университетига айлантирилади. 2011 йилда ушбу университет Эроннинг буюк донишманди Муҳаммад бин Мусо Хоразмий шарафига “Хоразмий университети” номини олади.
Ҳозирги вақтда Хоразмий университети 16 факултет, 4та тадқиқот муассасалари, 2та илмий марказ, илмий ҳайъатнинг 459та аъзоси, 43та юқори даражали устоз домлалар, 85та профессор, 295та фан докторлари, 36та ўқитувчига эгадир. Мазкур университетнинг марказий биноси Теҳрон шаҳрининг шаҳид Муфаттиҳ кўчасида ва унинг бошқа бинолари Караж шаҳрининг Ҳисорак минтақасида жойлашган.
Хоразмий университети ўзининг фаолиятларини бошлаганидан бери ҳозиргача етук шахсият ва мутахассисларни тарбиялаб, камолот чўққиларига етказган. Эроннинг собиқ президенти ва етук сиёсатчиси Муҳамадали Ражоий, Эронда янги математиканинг отаси номини олган доктор Ғуломҳусейн Мусоҳиб, эронлик етук адиб ва янги форс тили дастурининг асосчиси доктор Абдулазим Қариб, машҳур шоира Парвин Эътисомий шулар жумласидандир.
Милодий 2015 йилнинг статистик маълумотларига кўра, Хоразмий олий ўқув юртининг факултетларида 10099 нафар талаба таҳсил олишмоқда. Талабалар кўпроқ география, шаҳар ва қишлоқларни дастурлаш, бадан тарбияси, араб тили ва адабиёти, муҳандислик, инглис тили ва адабиёти, математика ва амалиёт, илоҳиёт ва Ислом маорифи, фиқҳ ва Исломий ҳуқуқлар асослари, технология ва бошқа факултетларда ўқишмоқда.
Мазкур университетда хорижий мамлакатлардан келиб, таҳсил олаётган талабаларнинг сони 130 нафарни ташкил этади.
Эронда илмий ва таълим бериш муассасалари кенгайиши билан бир вақтда милодий 1960 йилда Теҳрон шимолидаги иқлими энг қулай бўлган минтақаларда “Донишгоҳи миллий” (Миллий университет) таъсис этилади. Кейинчалик унга “Шаҳид Биҳиштий университети” номи берилади.Эрон Миллий университетини ташкил этиш фикри милодий 1911 йилда мавжуд ҳужжатларга алоқадордир. Зеро ўша вақтда Эронда “Дорулфунун” ва бошқа мактабларни ташкил этиш кенгайиб боргани, мамлакатда янги тафаккурларни пайдо бўлгани боис Эрон жамияти учун янги мутахассис кучларини ўқитиш ва тарбиялаш учун илмий ва расмий марказни яратиш эҳтиёжи юзага келган эди.
Эрон миллий ҳужжатлар ташкилотида мавжуд ҳужжатларга кўра, биринчи бор 1915 йилда ўша вақтдаги Маориф вазирлиги Ҳожи Мир Саййид Али бошқаруви остида “Миллий университет” мадрасасини ташкил ваколатини Абулҳасанхон Шарифга топширади. Бу борада мавжуд мактубларда ушбу мадраса “Миллий университет” номи билан ёдга олинган.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда “Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Радиомизнинг электрон манзили ҳам [email protected] ўрнига [email protected]га ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Паҳлавий ҳукуматининг ярим модернизациялаш сиёсатларига эътибор қаратган ҳолда, замонавий ташкилотларга ўхшаган идораларни таъсис этиш режалаштирилган эди. Бу орада университетларни ташкил этиш биринчи навбатда қўйилган ишлардан эди. Милодий 1934 йилда Теҳрон университетини ташкил этиш бутун Эронда бошқа олий ўқув юртларини таъсис этиш ҳаракатларининг бошланиши эди. Йиллар давомида Эроннинг турли шаҳарларида кўплаб университетлар ташкил этилади. Аммо Миллий университетнинг таъсис этилиши анча йилларга чўзилади. Бунга Теҳрон университети ҳануз комил тарзда қурилгани йўқ, нодавлат олий ўқув юрти ташкил этиш ўрнига ушбу университетни кенгайтириш лозим каби қаршиликлар сабаб бўлади.
Ниҳоят 1954 йилда доктор Али Шайхулислом эронлик ёшларнинг мамлакатдан чиқиб, чет элларга бориб ўқишларини олдини олиш учун учун “Миллий университет”ни таъсис этиш таклифини стратегик бир масала сифатида ўша вақтдаги ҳукуматга тақдим этади. Ҳукумат ушбу таклифни қабул қилади ва доктор Шайхулисломга Европа ва Америкадаги нодавлат олий ўқув юртлари қандай ташкил этилгани билан яқиндан танишиш топшириғини беради. Доктор Шайхулислом керакли тадқиқотларни ушбу заминада амалга оширганидан кейин 1959 йилда Эронга қайтади ва ўша вақтдаги ҳукумат розилиги билан ўша йилнинг ўзида, яъни шамсий 1338 йилнинг 10 озар ойида Ромсар кўчасида жойлашган ўзининг уйида норасмий тарзда “Миллий университет котибияти”ни ташкил этади. Ушбу котибиятнинг вазифаси университетни ташкил этишнинг дастлабки ишларини тайёрлаш ҳамда Европа ва Америка олий ўқув юртларини битириб, бекор юрганлар тўғрисида маълумот йиғиш эди.
Мазкур ишлар амалга оширилганидан кейин шаҳид Биҳиштий университети 1959 йили ташкил этилади ва унинг низомномаси ўша вақтдаги Маданият кенгашининг 998- йиғилишида тасдиқланади. Миллий университет ташкил этилганининг дастлабки йилларида талабалардан олинадиган тўловлар ушбу университет харажатларини таъминловчи асосий манба эди. Давлат томонидан ҳам ушбу университетга камроқ маблағ ажратиларди. Эрон Миллий университетининг асосчиси доктор Шайхулислом тадрижий тарзда Америка олий ўқув юртларини битирган мутахассисларни ушбу университетга жалб этади. Мазкур университетнинг аввалги илмий ҳайъатини Америкада ўқиган мутахассилар ташкил этишарди. Доктор Шайхулислом мамлакатнинг ўрта ҳол табақасини ташкил этувчи эронлик зиёиларни ҳам ушбу университетга жалб этади.
Мазкур университет янги ташкил этилгани ҳамда пулли бўлгани боис молиявий жиҳатдан яхши таъминланган талабалардан ташқари бошқаларни ҳам ўзига жалб қилиши қийин кечарди. Милодий 1960-70 йилларда ушбу университет бинолари кенгайтирилади ва янги факултетлар ташкил этилади.Талабалар ҳам турли соҳалар бўйича илм ўрганишарди. 1975 йилда ўша вақтдаги ҳукумат хусусий бўлган илмий ва таълим бериш муассасаларга ҳам давлат бюджетидан пул тўлашни йўлга қўйганидан кейин Миллий университетда катта ўзгаришлар юзага келади. Шундан кейин турли табақалардан бўлган талабалар ҳам Миллий университетда таҳсил олишарди. Кириш имтиҳонлари орқали талабалар қабул килинганидан кейин ушбу миллий ёхуд хусусий университет ҳам умумий университетларга ўхшаб қолади.
Қадрли тингловчилар, " Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таоло паноҳида қолинг.