Нур томон йӯл--886
«Фуссилат" муборак сураси 49-54-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Фуссилат” муборак сураси 49- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
لَّا يَسْأَمُ الْإِنسَانُ مِن دُعَاءِ الْخَيْرِ وَإِن مَّسَّهُ الشَّرُّ فَيَئُوسٌ قَنُوطٌ ﴿٤٩﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Инсон яхшилик тилашни ҳеч малол олмас. Агар уни ёмонлик тутса, у умидсиз тушкундир. (Бу дунёда инсон ўзига яхшилик тилашдан ҳеч тўхтамайди. Унга қанчалик кўп яхшилик етса, яна кўпроқ яхшилик келишини истайди, ҳеч малол олмайди. Аммо озгина зарар етса, қаттиқ хафа бўлиб кетади. Умидсизланиб тушкунликка тушади. Беш кунлик дунёнинг яхшилигига шунчалик қаттиқ ҳирс қўйган, ёмонлигидан шунчалик қўрққан инсон нима учун охиратнинг абадий азобидан қўрқмайди ва абадий яхшилигига қизиқмайди?!) (49)
Иймонсиз ёхуд иймони заифлар калтафаҳм ва енгилтак одамлардир. Бундай кимсалар дунёнинг айш-ишратини суриш учун мол-дунё тӯплашдан зерикмайдилар. Қанча йиғсалар шунчалик кам бӯлиб кӯринади, назарларида.
Аммо мусибатга учраган ёхуд қийинчиликка дуч келган чоғи худди дунё охирига етганидек чуқур тушкунликка тушадилар.
Бундай кимсалар моддиёт оламида қолиб кетган, тарбия кӯрмаган кимсалардир. Улар мол-дунёга эга бӯлган пайтлари масрур ва мағрур, дунё улардан юз ӯгирган чоғи эса маъюс ва умидсиз бӯладилар.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Инсон табиий ҳолда ҳирс, тамаъ ва кибр-ғурурга мойил бӯлади. Энг яхши нарсалар ӯзиники бӯлишини хоҳлайди.Аммо пайғамбарларнинг юксак таълимоти уни тарбиялаб, хайр-саховат аҳли ҳамда бошқалар ҳақида ҳам қайғурадиган даражага етказади.
- Ҳаётда ӯзини боши берк кӯчага кириб қолгандек ҳис қилиш кишининг енгилтак ва иймони заифлиги нишонасидир.Ҳақиқий мумин киши ҳеч қачон боши берк кӯчага тиқилиб қолмайди.
Энди “Фуссилат” муборак сураси 50-51-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
مَّ وَلَئِنْ أَذَقْنَاهُ رَحْمَةً مِّنَّا مِن بَعْدِ ضَرَّاءَ مَسَّتْهُ لَيَقُولَنَّ هَـٰذَا لِي وَمَا أَظُنُّ السَّاعَةَ قَائِمَةً وَلَئِن رُّجِعْتُ إِلَىٰ رَبِّي إِنَّ لِي عِندَهُ لَلْحُسْنَىٰ ۚ فَلَنُنَبِّئَنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بِمَا عَمِلُوا وَلَنُذِيقَنَّهُم مِّنْ عَذَابٍ غَلِيظٍ ﴿٥٠﴾ وَإِذَا أَنْعَمْنَا عَلَى الْإِنسَانِ أَعْرَضَ وَنَأَىٰ بِجَانِبِهِ وَإِذَا مَسَّهُ الشَّرُّ فَذُو دُعَاءٍ عَرِيضٍ ﴿٥١﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Агар Биз унга уни тутган зарардан сўнг Ўзимиздан раҳмат тоттирсак, албатта, у: «Бу меникидир. Мен (Қиёмат) соати қоим бўладир, деб ўйламасман. Агар Роббимга қайтарилсам, албатта, мен учун Унинг ҳузурида гўзал (мукофот) бордир», дер. Бас, албатта, куфр келтирганларга қилган амаллари хабарини берурмиз. Албатта, уларга оғир азобдан тоттирурмиз. (50) Қачон инсонга неъмат берсак, у юз ўгирар ва ёнбоши ила узоқлашар. Қачон уни ёмонлик тутса, бас, у узундан-узоқ дуо эгасидир. (51)
Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: бундай кимсалар Худони ӯз ҳаётлари жараёнида кӯришга йӯл қӯймайдиган кибр-ғурур соҳибидирлар. Бор нарсалари Аллоҳнинг неъматларидир. Аммо шукрона қилиш ӯрнига қӯлга киритган ютуқларимнинг барчаси ӯз меҳнатим ва истеъдодимнинг маҳсулидир, дея кериладилар.
Ғурур бундай кимсаларни қиёматни инкор қилишга етаклайди. Улар: аслида қиёмат бӯлмаган нарса, аммо агар бӯлса ҳам менинг жойим унда роҳат-фароғатда бӯлиши керак, дейишади мағрур.
Аллоҳ таъоло бундай кишилар ҳақида буюради: биз зудлик билан уларни қилаётган аъмоллари учун огоҳлантирамиз, қиёматда эса улар даҳшатли азобни тотиб кӯришади.
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Бундай кибр-ғурурга берилган кимсалар ноз-неъматлар оғушида Худони унутишади. Аммо мусибатга йӯлиққан пайти Худони чорлаб, дуо қилишади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Тарбия кӯрмаган инсонлар енгилтак ва мағрур бӯлишади.Улар мол-дунёга эришган пайти ӯзларидан бошқани кӯрмайдилар, масту мағрур бӯлишади.
- Аллоҳнинг неъматлари лутф-раҳматининг самарасидир, биздаги истеъдод ва лаёқатларнинг натижаси эмас. Шу сабабли Аллоҳга шукрона келтиришимиз шарт.
- Дунёда қудрат ва сарват соҳиби бӯлиш Худонинг яхши кӯрган бандаси дегани эмас. Бундай кимсалар қиёматда ҳам менинг аҳволим шундай бӯлади, дея ӯйламасликлари керак.
- Неъматлар оғушида Худони унутиб қӯйишдан Ӯзи асрасин. Зеро, бундай ҳолда неъматлар мусибатга айланади.
Энди “Фуссилат” муборак сураси 52-54-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِن كَانَ مِنْ عِندِ اللَّـهِ ثُمَّ كَفَرْتُم بِهِ مَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ هُوَ فِي شِقَاقٍ بَعِيدٍ ﴿٥٢﴾ سَنُرِيهِمْ آيَاتِنَا فِي الْآفَاقِ وَفِي أَنفُسِهِمْ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُ الْحَقُّ ۗ أَوَلَمْ يَكْفِ بِرَبِّكَ أَنَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ ﴿٥٣﴾ أَلَا إِنَّهُمْ فِي مِرْيَةٍ مِّن لِّقَاءِ رَبِّهِمْ ۗ أَلَا إِنَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ مُّحِيطٌ ﴿٥٤﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Сен: «Менга айтинглар-чи, агар у Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сиз унга куфр келтириб юрган бўлсангиз. Хўш, (ҳақдан) узоқ тортишувда бўлганлардан ҳам адашганроқ ким бор?!» деб айт. (52) Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?! (Дарҳақиқат, ўтган давр ичида Аллоҳ таоло одамларга уфқларда, атроф-жонибида кўплаб ажойиботларни англатиб қўйдики, ўша белгиларни ўрганган одамлар Қуръоннинг ҳақ илоҳий китоб эканини тан олиб, мусулмон бўлмоқдалар. Ершунос, осмоншунос, табиатшунос, ҳайвоншунос ва бошқа турли соҳа олимлари Аллоҳнинг уфқларидаги оят-белгиларини ўрганиб, Аллоҳ таолога иймон келтирмоқдалар. Шунингдек, инсоннинг ўзини ўрганган олимлар ҳам Қуръонни тан олмоқдалар.) (53) Огоҳ бўлинглар. Албатта, улар Роббиларига рўбарў бўлишдан шакдадирлар. Огоҳ бўлинглар. Албатта, У зот ҳар бир нарсани иҳота қилгувчидир. (Унга рўбарў бўлишдан қочиб қаерга борадилар?) (54)
Бу ояти карималарда буюрилади:
Сиз Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил бӯлган китоб эканлигига ишонмай, унга қаршилик қиласиз. Бу китоб Аллоҳ томонидан нозил этилган бӯлиб, ундаги жаннат ва дӯзах ҳақидаги гаплар тӯғри бӯлса, қиёмат куни нима қиласиз? Шундай экан, аждодларингизнинг расм-русумлари ва ортиқча таассубдан воз кечиб, ҳақиқатга юз буринг.
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Дунёнинг барча жойлари ва ҳатто инсоннинг ботинида Аллоҳнинг нишоналари жуда кӯпдир. Нега диққат қаратмайсиз? Шариатнинг китобига шак келтирдингиз, аммо табиат китобига ҳам шак келтирасизми?!
Табиатдаги ой, қуёш ва юлдузларнинг яртилиши ва уларнинг аниқ ҳисоб-китоб билан ҳаракатланиши, ёхуд ҳар куни минглаб муъжизаларни зоҳир айлайдиган жониворлар, ӯсимликлар, тоғлар ва денгизлар Аллоҳнинг пок зоти нишоналаридир.
Шунингдек, Аллоҳнинг нишоналари инсон баданидаги нафас олиш тизими, ҳазм қилиш тизими, қон айланиши тизими, юракнинг бир тартибда ҳаракатланиши, миянинг ҳайратланарли тузилиши каби инсон баданининг ҳар бир аъзоси буюк Яратувчининг маърифати китобидир.
“Ӯз оятларимизни кӯрсатамиз” ибораси келаси замон фели бӯлиб, у ҳаракатнинг давомийлигини билдиради. Яъни келажакда ҳам ӯз оятларимизни кӯрсатамиз, деган маънода. Шу сабабли аҳли башар илм-фанда ютуқларга эришиб, янги-янги кашфиётлар қилгани сари оламлар Яратувчисининг яширин муъжизаларини кашф эта боради. Бошқача қилиб айтганда ҳар бир янги илмий кашфиёт Аллоҳнинг қудрат ва ҳикмати жилвалари бӯлиб, Худошуносликка томон қӯйилган қадамдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ақлли инсон олдинда улкан хавф-хатар борлигини сезса, ӯз қилмишларини эҳтиёткорлик билан назорат қила бошлайди.
Қиёматнинг мавжудлиги эҳтимоли ҳам инсонни гуноҳ қилишдан қайтариши керак.
- Бутун борлиқ олами Худошунослик синфидир. Осмон жисмлари, ердаги мавжудотлар, инсон, хуллас, ҳамма нарсада Аллоҳнинг қудрат ва ҳикматини мушоҳада қилиш мумкин.
- Оламнинг яратилиши ва қиёмат кунига иймон келтириш ӯзаро уйғун ҳодисадир. Зеро, оламнинг ибтидоси ва интиҳоси ягона Аллоҳнинг илкидадир.
Қадрли суҳбатдошлар, шу билан “Фуссилат” сурасининг шарҳи ниҳоясига етди. Келаси суҳбатимиздан “Шӯро” муборак сурасининг шарҳини бошлаймиз, иншаАллоҳ.