Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Дастуримизда ӯтган ҳафта давомида Ӯзбекистонда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:
1. Ўзбекистон ТИВда Хитой элчиси билан учрашув бўлиб ўтди;
2. Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 12-йиғилиши бўлиб ўтди;
3. Тошкент ва Сеул янги лойиҳалар ҳақида келишиб олишди;
4. Ўзбекистон президентлиги учун сайловларда номзодлар расман илгари сурила бошланади;
5. ЕХҲТ Ўзбекистон Президенти сайлови арафасида вазиятни ўрганиш учун Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг элчиси Сунь Лицзе билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизматига таяниб Кун уз сайти хабар берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон-Хитой кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
ххххххх
Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 12-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар ҳолати ва истиқболлари, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида алоқаларни ривожлантириш ҳамда қатор бошқа масалалар муҳокама этилди.
Ўтган йил якунлари бўйича ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 319,7 миллион долларни, жорий йил 7 ойи мобайнида эса 177 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди.
Транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, транзит юк ташиш борасида ўзаро имтиёз ва енгилликлар тақдим этиш муҳимлиги,таъкидланди.
Йиғилиш якунлари бўйича томонлар тегишли баённомани имзолади. Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида транспорт, илмий-техник, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқа қатор масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон беради.
хххххх
Тошкент ва Сеул янги лойиҳалар ҳақида келишиб олишди.
Тошкент ва Сеул 29 сентябрь, пайшанба куни Ўзбекистонда янги инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамжиҳатлик ҳақида меморандум имзолади.
Сеулдаги икки мамлакат молия вазирлари музокараларида Рустам Азимов ва Ю Иль Хо иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва Жанубий Корея компанияларининг Ўзбекистон лойиҳаларидаги иштирокини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Меморандумга мувофиқ, Корея Республикаси ҳукумати Ҳамкорлик ва иқтисодий тараққиёт давлат фонди орқали 250 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Ушбу маблағлар Тошкент аэропортининг янги халқаро терминалини қуриш ва миллий маълумотлар марказини яратишга сарфланади. Ўзбекистон лойиҳага 100 миллион доллар киритади.
хххххх
Маълумки, Ӯзбекистонда Президент сайлови шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтиши белгиланган. Ўзбекистондаги сиёсий партиялар олий органлари 30 сентябрдан 20 октябргача бўлган муддат ичида Марказий Сайлов Комиссияси қарори билан белгиланган режага мос равишда ўз номзодларини президентлик учун илгари суради.
Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон раҳбарлиги учун сайлов эълон қилинган кундан 6 ой муқаддам рўйхатдан ўтган сиёсий партияларгина президент сайловида иштирок эта олади.
Аввалроқ, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча тўртта сиёсий партия ўз пленумларини ўтказиб, президентлик сайловида иштирок этишга қарор қилган эди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевни, "Миллий тикланиш" миллий демократик партияси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуродовни, Халқ демократик партияси ўз етакчиси Ҳотамжон Кетмоновни ва "Адолат" социал-демократик партияси Наримон Умаровни президентликка номзод сифатида тавсия қилган эди. Номзодларнинг барчаси октябрь ойи ўрталарида бўлажак партия съездларида тасдиқланиши керак.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов барча тўртта сиёсий партияларга президентлик сайловида иштирок этиш ҳуқуқи тақдим этилганини маълум қилган эди. Улар 20 октябрь кунигача давом этадиган имзо йиғиш жараёнида, қонунчиликка биноан барча сайловчиларнинг бир фоизи (214,35 минг имзо) миқдорида имзони тўплаши талаб этилади.
хххххх
ЕХҲТ Ўзбекистон Президенти сайлови арафасида вазиятни ўрганиш учун Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилди.
Марказий сайлов комиссияси (МСК) таклифига мувофиқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини (ЭБМ) Ўзбекистонга юборишга қарор қилди.
Дарё.уз сайтига кўра, миссиянинг Ўзбекистонга ташрифи мобайнидаги вазифалари ҳақида МСК матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматов қуйидагиларни маълум қилди.
— Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси сайлов арафасида сайловолди вазиятни ва сайловга тайёргарлик боришини баҳолаш, сайлов комиссиялари иши ташкил қилиниши, сайлов ўтказишга алоқадор давлат органлари, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайловолди жараёнидаги фаолияти билан танишиш учун юборилади. Миссия сайлов бўйича миллий қонунчилик умумеътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил этади.
Ушбу миссия хулосалари асосида ЕХҲТ ДИИҲБ сайловни кузатиш, унинг шакли, давомийлиги ва кузатувчиларнинг зарур сони тўғрисида қарор қабул қилади.
Миссия ўз ташрифи чоғида Ташқи ишлар вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида бўлиши, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Мазкур учрашувлар якунлари бўйича миссия ўз хулосаcсини тайёрлайди.
Эҳтиёжларни Баҳолаш Миссияси Ўзбекистонга 2004, 2009 ва 2014 йилларда ҳам юборилган. Ўтган йилларда миссия хулосаларига мувофиқ Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун ЕХҲТнинг 15—18 та аъзо мамлакатидан 25 кишидан кўп бўлмаган миқдорда Сайловни кузатиш бўйича чекланган миссияси юборилган эди.