октябр 15, 2016 10:24 Asia/Tashkent

702 қисм"Қасас" муборак сураси 79-82- ояти карималар

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  79-80-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

«فَخَرَجَ عَلَى قَوْمِهِ فِی زِینَتِهِ قَالَ الَّذِینَ یُرِیدُونَ الْحَیَوةَ الدُّنْیَا یَا لَیْتَ لَنَا مِثْلَ مَا أُوتِیَ قَارُونُ إِنَّهُ لَذُو حَظٍّ عَظِیمٍ»، «وَقَالَ الَّذِینَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَیْلَکُمْ ثَوَابُ اللَّـهِ خَیْرٌ لِّمَنْ آمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا وَلَا یُلَقَّاهَا إِلَّا الصَّابِرُونَ»

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар: «Қани энди бизга ҳам Қорунга берилган нарсадан бўлса эди. Ҳақиқатда у улуғ насиба эгасидир», дедилар. (Молу дунёсига ишониб мутакаббирлик билан ғурурга кетган, дунёда бузғунчилик қилишга уринган, ношукр одамга фақат ҳаёти дунёни ўйлайдиган кишиларгина ҳавас қилиши мумкин. Ушбу дунёнинг беш кунлик матоҳига эришишдан бошқа мақсади йўқларгина ўша туғёнкор, бузғунчига ўхшаган бўлишни орзу қилиши мумкин. Ана ўшаларгина ғурурга кетган мазкур мутакаббирни «улуғ насиба эгаси, дейиши мумкин.) (79) Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар. (80(

Ӯтган суҳбатимизда Қорун ҳазрат Мусонинг издошларидан бири эди, аммо мол-дунёси кӯпайгач,  манманлик ва туғёнга берилиб, иймон ҳудудларидан  тажовуз этди, деб айтган эдик. Бу ояти карималарда унинг бугунги жамиятда ҳам кӯзга ташланадиган ёвуз қилмишларидан бирига ишора қилинади. Бу нарса мол-дунё билан мағрурланиб, кибр-ҳавога берилиш ва бошқаларни менсимасликдир. Манманликка берилган айрим бадавлат кишилар гоҳида  одамларни ҳайратда қолдирадиган осмонӯпар қасрлар қуриш, ёхуд жуда қиммат мошиналарда бошқаларни доғда қолдириб юриш, гоҳида улкан исрофкорликка йӯл қӯйиб дабдабали зиёфатлар уюштириш йӯли билан ӯзларини бошқаларга кӯз-кӯз қилишади.

Бу манманликларни кӯрган айрим кишилар умидсизликка тушиши, ӯзининг камбағаллигидан надомат чекиши ва ҳатто ӯзини бахтсиз ҳис қилиши, бойларни бахт-саодатнинг авж чӯққисида деб гумон қилиши табиий. Албатта, тушунган кишилар бахт-саодат фақат бойликда эмаслигини, бойлар эса кӯпчилик ӯйлаганидек жуда ҳам ҳавас қиларли даражада бахтиёр эмаслигини яхши билишади. Бойларнинг кӯпчилиги учун мол-дунё роҳат-фароғат эмас, балки кулфат ва бало келтиради, улар руҳий ва оилавий жиҳатдан хотиржамликни орзу қилишади.

 Бу ояти карималар  бизга қуйидагиларни таълим беради:

1. Бой-бадавлат бӯлиш ёмон иш эмас, аммо бу мол-дунё билан мағрурланиб манманлик қилиш, бошқаларни таҳқирлаш пасткашликдир.

 2. Жамият раҳбарлари  ашрофзодалик ва қорунлик руҳиясидаги одамлар бӯлса, фуқаролар ҳам усти ялтироқ дабдабали расм-русумларга ружуъ қӯйишади.

3. Дунёпарастлик донишманд инсонларнинг эмас, балки узоқни кӯролмайдиган калтабин одамларнинг орзусидир.

4.Дунёнинг бутун бойликлари пок ва солиҳ инсонларнинг совғаси бӯлмиш Илоҳий жаннат наздида сариқ чақага арзимайди. Шу сабабли тушунган одамлар халойиқни дунёпарастликдан қайтаришлари керак.

Энди “Қасас” муборак сураси  81-82-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 

«فَخَسَفْنَا بِهِ وَبِدَارِهِ الْأَرْضَ فَمَا کَانَ لَهُ مِن فِئَةٍ یَنصُرُونَهُ مِن دُونِ اللَّهِ وَمَا کَانَ مِنَ الْمُنتَصِرِینَ»، «وَأَصْبَحَ الَّذِینَ تَمَنَّوْا مَکَانَهُ بِالْأَمْسِ یَقُولُونَ وَیْکَأَنَّ اللَّـهَ یَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن یَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَیَقْدِرُ لَوْلَا أَن مَّنَّ اللَّـهُ عَلَیْنَا لَخَسَفَ بِنَا وَیْکَأَنَّهُ لَا یُفْلِحُ الْکَافِرُونَ»

 

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга ютдирдик. Унга Аллоҳ (азоби)дан ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, унинг ўзи нусратга эришгувчилардан ҳам бўлмади. (Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади.) (81)Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир. Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга ютгизар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» дейишга ўтдилар. (Ҳаёти дунёга берилган ғофилларнинг кўзи шунга ўхшаш фалокатлар вақтида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг ҳовли-жойини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган ҳаёти дунё ихлосмандларининг кўзи очилди.) (82(

Ӯз мол-дунёсини намойиш этиб, манманлик қилиш йӯли билан одамларни таҳқирлаш ҳамда Аллоҳнинг пайғамбарини менсимаслик қилгани учун Аллоҳ таъоло даҳшатли бир зилзила воситасида Қоруннинг қасрлари, боғ-роғлари ва барча хазина-ганжларини ер ютди.

Қуръони карим оятлари  олдинги саркаш қавмларнинг зилзила воситасида ҳалок этилгани ҳақида далолат берган. Аммо бу можарода фақатгина Қорун ва унинг мол-мулкини тупроқ ютди, бошқа кишиларга зиён-заҳмат етмади. Бу Илоҳий муъжиза эди. Ӯзини Миср ва Нил дарёсининг эгаси деб билган Фиръавннинг  Нил дарёсида ғарқ бӯлиб қудрат ва ҳукумати барҳам топгани каби.

Авом халқ Аллоҳнинг бу маъжизасини кӯргая, ғафлат уйқусидан уйғонди. Улар Қоруннинг мол-дунёсига ҳавас билан қараганликлари хато эканлигини, ризқни Худо беришини, У ӯзининг илм ва ҳикмати асосида ризқ-рузни эл орасига тақсимлашини, одамларга берганига яраша улардан масъулият талаб қилишини англаб етишди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.   Манманлик ва кибр-ғурурнинг ниҳояси ҳақирлик ва ҳалокатдир.

2.   Мол-дунё қанчалик кӯп бӯлмасин у инсонни Аллоҳнинг ғазаби ва азобидан қутқара олмайди.

3.Бирор-бир масала ҳақида шошилинч ҳукм чиқариш ярамайди. Қоруннинг бойлигини кӯриб, унга ӯхшашликни орзу қилганлар ишининг оқибатини кӯргач, Қорунга ӯхшамаганликларига шукрона қилишди.

4.Бошқаларнинг мол-мулкига ҳавас қилиш ӯрнига Аллоҳнинг берганига қаноат қилишимиз ва айрим орзуларимиз аслида бизнинг зараримизга бӯлиши ҳам мумкинлигини англашимиз лозим.