октябр 24, 2016 12:07 Asia/Tashkent

669 қисм"Намл" муборак сураси 17-22- ояти карималар

Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 17-18-ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

«وَحُشِرَ لِسُلَیْمَانَ جُنُودُهُ مِنَ الْجِنِّ وَالْإِنسِ وَالطَّیْرِ فَهُمْ یُوزَعُونَ»، «حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِ النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ یَا أَیُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاکِنَکُمْ لَا یَحْطِمَنَّکُمْ سُلَیْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا یَشْعُرُونَ»

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар.  (17) Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.)  (18)

Ӯтган суҳбатимизда Аллоҳ таъоло ҳазрат Довуд ва ҳазрат Сулаймон алайҳиссаломларга илм ва ҳикмат ато этди, бу илм ва ҳикмат ила улар Шом ва унинг атрофидаги ӯлкаларга ҳукмронлик қилишди, деб айтган эдик. Бу ояти карималарда эса ҳукуматнинг асосий таркибий рукнларидан бири – лашкарнинг мавжудлигига ишора қилиниб, буюрилади: Бир гуруҳ инсонлар, бир миқдор жинлар ва бир қисм паррандалар Сулаймоннинг хизматида бӯлиб, унинг қӯшинини ташкил  қилишарди.

Сулаймон ирода қилган чоғи бу қӯшин душманга қарши курашиш учун тайёр турарди. Бирида ҳазрат Сулаймон уларни чорлади. Қӯшин белгиланган пайтда айтилган жойда ҳозир бӯлиб, ҳаракатга тушди. Қушин бир саҳрога етиб келди. Унда чумолилар ғужғон эди. Аллоҳнинг изни билан ҳазрат Сқлаймон бир чумолининг бошқаларига қарата айтаётган гапларини эшитди: “Эҳтиёт бӯлинглар, Сулаймон навкарлари ва отларининг оёғи тагида эзилиб кетманглар тағин. Улар эътибор бермай, ӯзлари истамаган ҳолда сизларни нобуд қилишлари мумкин”.

Саҳродаги чумоли ҳам Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳатто чумолига озор бермаслиги лозимлигини, сипоҳийлари эса чумолига зулм қилмаслиги шарт эканлигини билиб турарди гӯё.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни ӯргатади:

  1. Одамизод жинларни тасхир қилиш ва улардан турли ишларда фойдаланиш қудратига эга.
  2. Тартиб-интизом, ҳарбий иқтидор ҳамда душманга қарши курашда қудратли кучлардан фойдаланиш анбиёлар ҳукуматининг ӯзига хос хусусиятидир.
  3. Ҳайвонлар ҳам яқинлашиб келаётган хавф-хатарни сезиб, бир-бирларини огоҳлантиришади.
  4. Аллоҳ томонидан танланган кишилар ҳатто чумолига ҳам озор беришмайди.

Энди “Намл” муборак сураси  19--ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

«فَتَبَسَّمَ ضَاحِکًا مِّن قَوْلِهَا وَقَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِی أَنْ أَشْکُرَ نِعْمَتَکَ الَّتِی أَنْعَمْتَ عَلَیَّ وَعَلَى وَالِدَیَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِی بِرَحْمَتِکَ فِی عِبَادِکَ الصَّالِحِینَ»

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар.)  (19)

Саҳродаги чумолининг “Эҳтиёт бӯлинглар, Сулаймон навкарлари ва отларининг оёғи тагида эзилиб кетманглар тағин. Улар эътибор бермай, ӯзлари истамаган ҳолда сизларни нобуд қилишлари мумкин”—деган гапи ҳазрат Сулаймонни таажжублантирди. Пайғамбарнинг лабларида табассум қалқди. Ӯзига-ӯзи деди: Ҳатто чумоли ҳам ӯз ҳамжинсларининг ғамини ейди.

Ҳазрат Сулаймон тафаккурга чӯмди: Мабодо менинг салтанатимда қӯл остидагиларим ва фақирларга зулм қилинмаяптими? Дуога қӯл очиб Аллоҳга илтижо қилди: Аллоҳим, менга ӯз масъулиятимни бажаришда кӯмаклаш. Шахсий ва оилавий масъулиятларимни бажаришда, ӯзимга, ота-онамга ато қилган неъматларингнинг шукронасини бажо келтиришимга кӯмаклаш. Ижтимоий ва ҳукумат ишларини ӯзинг рози бӯладиган ҳолатда бажаришим учун тавфиқ ато эт. Ишимнинг оқибатини хайрли қил. Мени яхшилар ва солиҳлар билан бирга қайта тирилтир.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:

1.Раҳбар киши танқиддан тӯғри хулоса чиқариши лозим, худди ҳазрат Сулаймон чумолининг гапидан таъсирлангани каби.

2. Аллоҳнинг неъматларига фақат тил билан шукрона қилиш етарли эмас. Илоҳий неъматлардан тӯғри фойдаланиш, яхши ишларни амалга ошириш, Худонинг бандаларига хизмат қилиш ҳам  неъматларнинг шукронасидир.

3. Аллоҳнинг ризосини қӯлга киритиш мақсадида яхши ишларни амалга ошириш керак, мансаб, унвон ва шон-шуҳрат илинжида эмас.

Энди “Намл” муборак сураси  20-22--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَتَفَقَّدَ الطَّیْرَ فَقَالَ مَا لِیَ لَا أَرَى الْهُدْهُدَ أَمْ کَانَ مِنَ الْغَائِبِینَ»، «لَأُعَذِّبَنَّهُ عَذَابًا شَدِیدًا أَوْ لَأَذْبَحَنَّهُ أَوْ لَیَأْتِیَنِّی بِسُلْطَانٍ مُّبِینٍ»، «فَمَکَثَ غَیْرَ بَعِیدٍ فَقَالَ أَحَطتُ بِمَا لَمْ تُحِطْ بِهِ وَجِئْتُکَ مِن سَبَإٍ بِنَبَإٍ یَقِینٍ

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ва қушларни текширди-да: «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки ғойиблардан бўлдими?  (20) Албатта, уни шиддатли азобла азобларман ёки сўйиб юборурман ёхуд менга, албатта, очиқ-ойдин ҳужжат келтиражак», деди.  (21) Кўп ўтмасдан у келиб: «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим. (Сабаъ Арабистон ярим оролининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ана ўша мамлакатдан ўта муҳим бир хабар келтирганини айтди.)  (22)

Бундан олдинги ояти карималарда паррандалар ҳам Сулаймон алайҳиссаломнинг хизматида эдилар, деб айтдик. Бу паррандалар Шом мамлакати ва унинг теварак атрофида бӯлиб ӯтаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳазрат Сулаймонга ахборот беришарди. Бу ояти карималарда буюрилади: Бирида ҳазрат Сулаймон дарбордаги паррандаларга назар ташлаб, уларнинг орасида Ҳудҳудни учратмади. У ҳукмронга хос қатъият билан ӯйлади: Ҳудҳуд ялқовлиги сабабли кечикаётган бӯлса, у билан жиддий гаплашаман. Шу пайт Ҳудҳуд етиб келиб, ҳазрат Сулаймонга арз қилди:

--Мен Сабо юртига борган эдим. У ерда ажойиб ишларни кӯрдим. Бу гапларни сизга етказмоқчиман.

Ана шу йӯл билан Ҳудҳуд ӯзининг кечикиб келганини оқлаб, ҳазрат Сулаймоннинг ғазабидан омон қолди.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Аллоҳнинг дӯстлари доимо қӯл остидагиларининг ҳолидан хабардор бӯлишади.
  2. Зукколик, босиқлик, фаҳм-фаросат жамиятга раҳбарлик қиладиган кишининг ӯзига хос хусусиятларидандир. Худди Сулаймон алайҳиссалом ӯз ҳукуматидаги барча ишларни назорат қилиб тургани каби.
  3. Ҳукуматнинг бирор-бир ташкилотида масъулиятсизлик қилиш ярамайди. Бошқаларга ӯрнак бӯлиши учун ялқовларга қаттиқ танбеҳ бериш керак.
  4. Исломий ҳукумат раҳбари қатъиятли ва салобатли бӯлиш билан бирга қӯл остидагиларнинг мантиқий узрларини ҳам қабул қила билиши керак.