Нур томон йӯл-670
670 қисм"Намл" муборак сураси 23-28- ояти карималар
Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 23-24-ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:
إِنِّي وَجَدتُّ امْرَأَةً تَمْلِكُهُمْ وَأُوتِيَتْ مِن كُلِّ شَيْءٍ وَلَهَا عَرْشٌ عَظِيمٌ ﴿٢٣﴾ وَجَدتُّهَا وَقَوْمَهَا يَسْجُدُونَ لِلشَّمْسِ مِن دُونِ اللَّـهِ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ أَعْمَالَهُمْ فَصَدَّهُمْ عَنِ السَّبِيلِ فَهُمْ لَا يَهْتَدُونَ ﴿٢٤﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. (23) Мен у(аёл)нинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар. (Гап шу ерга келганда, энг муҳим хабар чиқди. Ўша Сабаъ мамлакатига подшоҳ бўлган аёл ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётган экан. Бу нотўғри йўл. Аллоҳнинг Пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом уларнинг бу хатоларини тузатишлари зарур. Шайтон лаънати улар қилаётган гуноҳ амалларни ўзларига чиройли кўрсатиб қўйибди. Агар шу ҳолларида юраверсалар, ҳидоят топмайдилар.) (24)
Ӯтган суҳбатимизда айтган эдикким, Ҳудҳуд ҳазрат Сулаймонга кечикишининг сабабини тушунтириб, “мен Сабо минтақасига борган эдим ва у ердан муҳим хабарлар келтирдим” – деди.
Бу ояти карималарда Ҳудҳуднинг ахбороти қуйидагича келтирилади: “Бошқа минтақалардан фарқли равишда Сабо минтақасининг ҳокими аёл киши бӯлиб, унинг жуда кӯп имкониятлари мавжуд, қаср ва кошонаси ҳам гӯзал ва ҳашаматлидир”.
Ҳазрат Сулаймон бундай ҳукумат ҳақидаги хабардан ҳайратга тушиб қолган чоғи Ҳудҳуд ӯз ахборотининг асосий мавзусига кӯчиб, деди: “ Муҳими бу аёлнинг подшоҳлик тожу тахти эмас, балки Сиз, Аллоҳнинг пайғамбари, эътибор қаратишингиз лозим бӯлган нукта шулким, бу минтақанинг аҳолиси қуёшга сиғинувчилар бӯлиб, турли гуноҳ ишларни қилишади. Шайтон ёмонликларни уларнинг кӯзига чиройли жилвалантирган. Шу сабабли бу элнинг ҳидоят топиши мушкулдир.
Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни ӯргатади:
- Аллоҳ неъматларига эга бӯлишнинг ӯзи кишининг яхши-ёмонлигига далил бӯлолмайди. Сулаймон ва Билқис иккиси ҳам кӯпгина имкониятларга эга эдилар. Аммо бири Аллоҳнинг пайғамбари, иккинчиси эса кофир ҳукмдор.
- Одамлар аслида раҳбарлари эътиқод қиладиган дин ва расм-русумга эргашишади. Шу сабабли ҳукуматлар элнинг диний эътиқоди шаклланишида муҳим рол ӯйнашади.
Энди “Намл” муборак сураси 25-26--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
أَلَّا يَسْجُدُوا لِلَّـهِ الَّذِي يُخْرِجُ الْخَبْءَ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَيَعْلَمُ مَا تُخْفُونَ وَمَا تُعْلِنُونَ ﴿٢٥﴾ اللَّـهُ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ ۩ ﴿٢٦﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Осмонлару ердаги сирларни ошкор қиладиган, махфий ва ошкор қилган нарсаларингизни биладиган Аллоҳга сажда қилмайдиларми?! (25) Аллоҳ–Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ зотдир. У улуғ аршнинг Роббидир», деди. (26)
Ҳудҳуд Сабо минтақаси аҳолисининг қуёшга сиғиниши ҳақида гапириб, таажжуб ила дейди: ҳайронман, улар замин ва осмондаги ноаён нарсаларни вужудга келтирадиган, одамларнинг ошкора ва яширин сирларидан огоҳ бӯлган Худога сиғиниш ӯрнига негадир қуёшга сиғинишади.
Қайд қилиш жоизким, осмонлар ва заминдаги ниҳон нарсаларни ошкор этиш деганида ёмғирнинг ёғиши ва гиёҳларнинг ӯсиши кӯзда тутилган. Маълумки, ибтидода бошоқ биргина доннинг бағрида ниҳон. Аммо Аллоҳнинг қудрати ва тадбири ила у доннинг ичидан гӯзал майса сифатида ниш уриб чиқади.
Ҳудҳуднинг назаридан ҳам Аллоҳнинг пайғамбари ва ҳам улуғ подшоҳ бӯлган Сулаймон ҳам сиғинишга лойиқ эмас. Зеро унинг билими чегараланган ва ҳатто Сабо минтақасида нима гаплигидан бехабар. Борлиқ олам ва одамизоднинг барча махфий сир-асроридан огоҳ бӯлган, хоҳлаган пайти ниҳонни ошкора айлаб, бошқаларга кӯрсата оладиган ягона Аллоҳгина сиғинишга лойиқ.
Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:
- Сиғиниш инсоннинг фитрий хусусияти. У ӯз тарихи давомида жамодот, ҳайвонот ва инсонларни муқаддас билиб, сиғиниб келган.
- Қуёш каби табиий омилларнинг гиёҳлар ӯсиши ҳамда борлиқ мавжудот ҳаётида муҳим роли бор. Аммо улар ӯзлари ва ӯз хоссаларининг яратувчиси эмаслар. Аллоҳнинг махлуқларидан бири бӯлган қуёшга эмас, балки қуёшнинг яратувчисига сажда қилиш лозим.
- Шайтон одамизод оламларнинг яратувчисига сажда қилмасин, деган мақсадда ёмонликларни одамларга гӯзал бир тарзда жилвалантиради.
- Олам буюк Аллоҳнинг мазҳари бӯлиб, ҳеч бир нарса ва ҳеч ким ундан яширин эмас.
Энди “Намл” муборак сураси 27-28--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
قَالَ سَنَنظُرُ أَصَدَقْتَ أَمْ كُنتَ مِنَ الْكَاذِبِينَ ﴿٢٧﴾ اذْهَب بِّكِتَابِي هَـٰذَا فَأَلْقِهْ إِلَيْهِمْ ثُمَّ تَوَلَّ عَنْهُمْ فَانظُرْ مَاذَا يَرْجِعُونَ ﴿٢٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
У: «Кўрамиз, рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми? (27) Бу мактубимни олиб бориб, уларга ташла, сўнгра четга чиқиб назар сол-чи, нима қайтарарлар», деди. (28)
Ҳудҳуднинг хабарини эшитган ҳазрат Сулаймон унинг кечикишини узрли деб билиб, Ҳудҳудни жазоламади. Хабар муҳимлиги сабабли уни тадқиқ қилишни ният қилди. Пайғамбар мактуб ёзиб, уни Сабо маликасига етказишни, малика жавоб қайтаргунича у ерда қолишини Ҳудҳудга топширди.
Бошқаларни динга даъват қилиш учун мактуб йӯллаш Аллоҳ пайғамбарларининг суннатидир. Тарихдан маълумки, исломнинг азиз пайғамбари ҳам Рим ва Эрон императорларини даъват қилиш учун уларга мактуб йӯллаганлар.
Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:
1.Одамларни ҳақ динга даъват қилиш учун шароит тақозосига кӯра суҳбат, мактуб ёхуд вакил юбориш каби турли воситалардан фойдаланмоқ жоиз.
2. Бошқаларнинг ҳар хил иддаолари бизни тадқиқ қилишдан тӯхтатмаслиги керак. Ҳудҳуд ӯзи келтирган хабарнинг ростлигини иддао қилсада, ҳазрат Сулаймон уни тадқиқ қилишга киришди.
3. Мухолифлар ҳақида қарор қабул қилишдан олдин уларни иршод қилиш ва огоҳлантириш лозим. Улар қайтарган жавоб билан танишгач, сӯнгги қарорни қабул қилиш жоиз.