Нур томон йўл (944)
Фатҳ муборак сураси 22-25 - ояти карималарининг шарҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Аввал муборак Фатҳ сурасининг 22 ва 23 ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
«وَ لَوْ قاتَلَکُمُ الَّذِینَ کَفَرُوا لَوَلَّوُا الْأَدْبارَ ثُمَّ لا یَجِدُونَ وَلِیًّا وَ لا نَصِیراً»، «سُنَّةَ اللَّهِ الَّتِی قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلُ وَ لَنْ تَجِدَ لِسُنَّةِ اللَّهِ تَبْدِیلًا»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Агар кофирлар сизлар билан урушганларида орқага қараб қочар эдилар, сўнгра ўзларига валий ҳам, нусрат бергувчи ҳам топмасдилар. Бу Аллоҳнинг аввалдан келаётган суннатидир. Ва Аллоҳнинг суннатини ҳеч ўзгартира олмассан.
Аввалги кўрсатувларда Макка яқинидаги бир ҳудудда Пайғамбаримиз билан Макканинг бутпараст етакчилари ўртасида тузилган Ҳудайбия тинчлик битими ҳақида сўз борди. Баъзилар Пайғамбаримиз ва мусулмонларни ёмон кўриб, сизлар ожизлигингиздан шундай тинчликни қабул қилдингиз, агар уруш бўлса, мағлуб бўлармидингиз, дейишди. Бунга жавобан ушбу оятлар мусулмонларни руҳлантириб, бундай гапнинг асоссиз ва ёлғон эканлигини таъкидлайди. Асосан, мўминлар моддий мақсад ва ихтилоф ва тарқоқликдан йироқ бўлиб, жанг майдонига фақат Аллоҳ ризоси учун кириб, Расулуллоҳнинг амрларига қулоқ тутсалар, Аллоҳ таолонинг анъанаси уларга душманларга қарши ёрдам беришдир. Бадр ва Аҳзоб жангларидаги тажрибалар билан исботланганидек, Аллоҳ таолонинг ёрдами ва нусрати билан мўминларнинг кичик бир гуруҳи мушрикларнинг катта гуруҳи устидан ғалаба қозонди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Аллоҳни инкор қилган киши, аслида, ҳаётда Аллоҳнинг ёрдами ва ҳидоятидан маҳрум бўлган бўлади.
2. Ҳақнинг ботил устидан ғалаба қозониши ва мўминларнинг кофирлар устидан ғалабаси Аллоҳ таолонинг қатъий одатларидандир.
3. Илоҳий қонунлар кенг қамровли бўлиб, вақт ва макондан ташқаридадир, шунинг учун улар вақт ўтиши билан эскирмайди ва самарасиз бўлиб қолмайди.
Энди Фатҳ сурасининг 24 ва 25 ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
«وَ هُوَ الَّذِی کَفَّ أَیْدِیَهُمْ عَنْکُمْ وَ أَیْدِیَکُمْ عَنْهُمْ بِبَطْنِ مَکَّةَ مِنْ بَعْدِ أَنْ أَظْفَرَکُمْ عَلَیْهِمْ وَ کانَ اللَّهُ بِما تَعْمَلُونَ بَصِیرا»، «هُمُ الَّذِینَ کَفَرُوا وَ صَدُّوکُمْ عَنِ الْمَسْجِدِ الْحَرامِ وَ الْهَدْیَ مَعْکُوفاً أَنْ یَبْلُغَ مَحِلَّهُ وَ لَوْ لا رِجالٌ مُؤْمِنُونَ وَ نِساءٌ مُؤْمِناتٌ لَمْ تَعْلَمُوهُمْ أَنْ تَطَؤُهُمْ فَتُصِیبَکُمْ مِنْهُمْ مَعَرَّةٌ بِغَیْرِ عِلْمٍ لِیُدْخِلَ اللَّهُ فِی رَحْمَتِهِ مَنْ یَشاءُ لَوْ تَزَیَّلُوا لَعَذَّبْنَا الَّذِینَ کَفَرُوا مِنْهُمْ عَذاباً أَلِیماً»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
У зот Макка водийсида сизларни уларнинг устидан зафар қозонтирганидан сўнг уларнинг қўлларини сиздан, сизнинг қўлингизни улардан тўсган зотдир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. Улар куфр келтирган, сизларни Масжидул Ҳаромга, қурбонликларни эса, ушланиб ўз жойига етишидан ман қилган кишилардир, агар сиз билмайдиган мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бўлмаганида, сизга билмасдан уларни ҳалок қилганингиз туфайли гуноҳ етиши бўлмаганида эди, -Аллоҳ кимни хоҳласа, Ўз раҳматига киритиши учун- агар ажраб турганларида эди, улардан кофирларини аламли азоб ила азоблар эдик.
Олдинги оятларни давом эттирсак, бу ояти карималар Ҳудайбия сулҳи қиссасининг икки муҳим нуқтасига ишора қилади. Улардан бири шундаки, бу сулҳ, аслида, мусулмонларнинг мушриклар устидан урушсиз, қон тўкмасдан эришилган ғалабалари эди. Чунки мусулмонлар уларнинг юртида бўлганликлари учун, мушриклар уларни ҳалок қилишлари мумкин эди, лекин мусулмонлар Пайғамбарга байъат қилганликларидан сўнг уларнинг қалбларига шунчалик қўрқув ва даҳшат соя солдики, ўзлари тинчлик сулҳини таклиф қилдилар.
Иккинчи нуқта, Макка шаҳрида мусулмонлар орасида баъзи сабабларга кўра Мадинага ҳижрат қилмаганлар ҳам бўлган. Агар Аллоҳ таоло Макка шаҳрига ҳужум қилишни буюрганида, улар ҳам хавф остида қолар эдилар, чунки мусулмонлар уларни танимас эдилар.
Бу ҳолатда, мусулмонлар Маккадаги ўз сафдошларига ҳужум қилганида ёки ўлдирганида катта иснодга қоларди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Баъзида сулҳ ғалаба белгисидир. Албатта, бу ислом жамияти манфаатларини билимдон ва содиқ раҳбарлар томонидан шу тарзда тан олинган ҳолларда.
2. Қачонки душманлар жанг қилишни тўхтатса, биз улар билан уруш бошламаслигимиз керак.
3. Макка бу шаҳар аҳолиси учун ажратилмаган ва ҳеч ким Аллоҳонинг уйи зиёратчиларининг бу шаҳарга киришига тўсқинлик қила олмайди.
4. Уруш пайтида бегуноҳ одамларни ўлдиришдан иложи борича қочиш керак ва душманни енгиш учун ҳисоб-китобсиз иш қилиб бўлмайди.
5. Эҳтиёт бўлиш ва душманни баҳона қилмаслик керак. Мусулмонларни шарманда ва иснодга дучор қиладиган, жамиятдаги обрўсига путур етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан сақланиш керак.
Ушбу дастур якунида сиз азизларни Аллоҳ таолога топширамиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.