Такфирий жараёнлар
фалон дорининг фойдаси тегди
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Таъкидлаб ўтганимиздек, Абдулваҳҳоб ўғлининг инглиз жосусидан ўрганганлари бўйича, бирон қабр бошида дуо қилинганда, бу - майитга қарата тўғридан гапириш бўлиб, зиёратчи мушрик бўлармиш. Аллоҳдан бошқа бирон кимса ёки нарса учун бирон нарса қилди дейиш, масалан, "фалон дорининг фойдаси тегди", "Пайғамбаримиз ёки фалон авлиёни восита қилиб ўқиган дуом қабул бўлди" деган мусулмонлар мушрик бўлармиш. Абдулваҳҳоб ўғлининг бу иддаоларига далил сифатида кўрсатган нарсалари бутунлай ёлғон ва туҳматдан иборат бўлса ҳам жоҳил халқ тўғрини эгридан ажрата олмагани учун унинг сўзлари бекорчиларга, қароқчиларга, айниқса Дария ҳокими Муҳаммад бин Суудга жуда ёқиб тушган эди. Жоҳиллар, тош юраклилар кўп кутказмасданоқ Абдулваҳҳоб ўғлининг гапларига учиб, тўғри йўлда бўлган холис мусулмонларга "кофир" деб тамға босишга шўнғиб кетишди.
Абдулваҳҳоб ўғли ўз фикрларини бемалол тарқата олиши учун Даръия ҳокимига ёрдам сўраб мурожаат қилгач, у ҳам ўз навбатида вазиятдан фойдаланиб ҳудудларини кенгайтириб олиш ва Лондондан олиб турган буйруқларни бажо келтира олиш учун Абдулваҳҳоб ўғли билан жону кўнгилдан бош қўшиб, шериклик қилишди. Сууд ўғли Муҳаммад, Абдулваҳҳоб ўғли Муҳаммадниннг фикрларини ҳар тарафга ёйишда бор кучини сарфлади. Имонига содиқ қолиб, ваҳҳобийлик сафсаталарига ишонмаган, қарши чиққан мусулмонларга ҳокимият ва ҳарбий қувватларидан фойдаланиб, жанг қилди. Мусулмонларнинг молларини талон-тарож қилиш, ўзларини қатл қилиш, хотин-қизларидан хоҳлаган мақсадда фойдаланиш ваҳҳобийларга ҳалол деган "фатво" ҳам берилгандан кейин чўлдаги ваҳшийлар, қароқчилар Муҳаммад бин Суудга аскар бўлишга шошилдилар. Шу тариқа бир нечта туя чавандозидан ташкил топган кичик аскар қисқа вақтда кўп сонли ипини узиб кетган ваҳшийлар галасига айланди. Сууд ўғли билан Абдулваҳҳоб ўғли биргаликда ваҳҳобийликни қабул қилмаганларнинг кофир эканликларини, уларнинг қонларини тўкиш ва молларини тортиб олиш ҳалол эканлигига 1730 йилда қарор қилиб, 1738 йилда ваҳҳобийликни эълон қилишди. Абдулваҳҳоб ўғли калласида ғужғон ўйнаган жирканч таълимотларини тарғибот қилишга 32 ёшида киришган, 40 ёшида эса, ваҳҳобийликни батамом эълон қилган эди.
Маккаи мукаррама шофеъий муфтийси ас-саййид Аҳмад бин Зайни Даҳлон “Ал-футуҳот-ул исломия” китобининг 2-жуз 228-саҳифасидан бошлаб “Фитнат-ул ваҳҳобия” сарлавҳаси тагида уларнинг бузуқ эътиқодлари-ю мусулмонларга ўтказган жабру зулмларини атрофлича ёзиб қолдирган. Шу китобнинг 234-саҳифасида айтиладики:
“Осийлар (исёнчилар) Макка ва Мадинадаги аҳли суннат олимларини алдаш учун бу ерларга ўз одамларидан ташкил топган бир ҳайъат юборишди. Бу одамлар ислом олимларининг мажлисида қўйилган саволларга жавоб бериша олмади. Натижада жоҳил ва залолатда эканликлари маълум бўлди. Кофир эканликларини тасдиқловчи ҳужжат ёзилиб, чор тарафга ва ислом ўлкаларига жўнатилди.”
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Ҳижоздаги тўрт мазҳаб олимлари ва буларнинг орасида Абдулваҳҳоб ўғлининг акаси Сулаймон, ўқитган устозлари Абдулваҳҳоб ўғли ёзган китобларни ўрганиб чиқиб, унинг дини Исломга хилоф ёзувларига жавоб ҳозирладилар. Залолатга бошловчи фикрларни таг-томири билан чиритадиган қувватли васиқалар билан дастакланган китоблар ёзиб, мусулмонларни осий ва шақийлар иғвосидан огоҳ қилишга ҳаракат қилишди. Сулаймон бин Абдулваҳҳобнинг ўз укасига қарши ёзган китобининг номи “Савоиқ-ул илоҳия фир-радди алал ваҳҳобия”дир.
Афсуски, бу китоблар иккита можаропарастни ва орқаларидаги ваҳшийларни ғафлатдан уйғота олмади. Аксинча мусулмонларга қарши нафрат-адоватларини орттирди ва Муҳаммад бин Сууднинг мусулмонлар устига беаёв ҳужум қилишига, кўп қон тўкилишига сабаб бўлди. Сууд ўғли Баний Ханифа қабиласидан бўлиб, Мусайлама тул Каззобнинг пайғамбарлигига ишонган аҳмоқларнинг авлодидан эди. Муҳаммад бин Сууд 1765 йили ўлгандан кейин, ўрнига ўғли Абдулазиз ўтирди. Абдулазиз бин Муҳаммад бин Сууд 1803 йили Дария масжидида бир шиа тарафидан қорнига ханжар тиқиб ўлдирилди. Ундан кейин унинг ўғли Сууд бин Абдулазиз ваҳҳобийларнинг раҳбари бўлди. Арабларни алдаш, бузуқ ақидаларини ёйиш борасида мусулмонларнинг қонини тўкишда уччови ҳам бир-биридан қолишмади.
Ваҳҳобийларнинг ва енгил йўл билан мол-мулкка эришиш илинжида улар орасига аралашиб кетган текинхўр ваҳшийларнинг Тоиф, Макка, Мадина ва бошқа жойлардаги мусулмонларга қилган зулму исканжалари, хотин-халаж, бола-чақаларни аёвсиз ўлдирганлари Аҳмад бин Зайни Даҳлоннинг "Хулосат-ул-калом" китобида, Айюб Сабрий бошонинг 1879 йилда нашр қилинган "Тарихи ваҳҳобиён" ва "Миръот-ул-Ҳарамайн" китобларида батафсил тасвирланган.
Юраги дош бера оладиганлар ўша манбалардан маълумот олишлари мумкин. Бу бузғунчиларнинг Усмоний давлати томонидан қандай жазоланганликлари ва биринчи Жаҳон Урушидан кейин яна инглизларнинг катта молиявий ҳамда қурол-аслаҳа ёрдамлари туфайли қандай қилиб бошқатдан давлат қурганликлари ҳам бафуржа баён қилинган.
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.