Нур томон йўл (995)
Муборак мужодала сурасининг 18-22-ояти карималарининг шархи.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Аввал муборак Мужодала сурасининг 18 ва 19-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
یَوْمَ یَبْعَثُهُمُ اللَّهُ جَمِیعًا فَیَحْلِفُونَ لَهُ کَمَا یَحْلِفُونَ لَکُمْ وَیَحْسَبُونَ أَنَّهُمْ عَلَى شَیْءٍ أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ الْکَاذِبُونَ، «اسْتَحْوَذَ عَلَیْهِمُ الشَّیْطَانُ فَأَنْسَاهُمْ ذِکْرَ اللَّهِ أُولَئِکَ حِزْبُ الشَّیْطَانِ أَلَا إِنَّ حِزْبَ الشَّیْطَانِ هُمُ الْخَاسِرُونَ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
18 - Аллоҳ уларнинг барчасини қайта тирилтирадиган кунда худди сизларга қасам ичганларидек, Унга ҳам қасам ичарлар, ва бирор нарсага эришамиз, деб ўйларлар. Аё, огоҳ бўлинг, улар, ҳа, улар ёлғончидирлар. 19 - Шайтон уларни эгаллаб олган ва Аллоҳнинг зикрини унутдирган. Ана ўшалар, шайтон фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, шайтон фирқаси, ҳа, ўшалар, ютқазувчидирлар.
Олдинги кўрсатувда мунофиқларнинг хусусиятларидан бири, яъни Аллоҳ номига қасам ичиш каби диний муқаддас нарсаларни суиистеъмол қилишга уриниши ҳақида гапирилган эди. Қуръони карим бу оятларда ёлғон қасам ва ёлғон фақат бу дунёда эмас, балки охиратда ҳам уларнинг одати эканлини айтади.
Мунофиқлар қиёмат куни ёлғон қасам ичиш орқали ўзларини Аллоҳнинг маҳкамасидан қутқараман, деб ўйлайдилар, шунинг учун ҳам қасам ичиш орқали қилган ёмонликларини инкор этишга ҳаракат қиладилар. Дарҳақиқат, улар ўзлари Аллоҳни алдашлари мумкин бўлган кучга эга деб ўйлашади ва бу уларнинг жаҳолат ва аҳмоқликларининг энг юқори чўққисидир.
Қуръони каримда яна шундай дейилади: Мунофиқларнинг асосий муаммоси шундаки, шайтон уларга ҳукмронлик қилган ва улар шайтоннинг ўз устидан ҳукмронлигини қабул қилганлар.
Шайтон мавжуд бўлган ва ҳукмронлик қилган жойда энди Аллоҳнинг зикри бўлмаслиги аниқ. Оқибатда, мунофиқларнинг иши шу даражага етадики, улар шайтоннинг ҳизбига аъзо бўлиб, Аллоҳга эргашиш ўрнига унга эргашишни ўзлари учун қадрият деб биладилар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Ким шайтонга эргашса, зиён ва зарар кўради. Бу зиён ва зарар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам; Аммо охиратда унинг зиён кўриши аниқроқ бўлади.
2. Ёлғон инсоний хислатга айланса, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ёлғон гапиради ва буни ўзининг ақллилиги туфайли деб ўйлайди.
3. Ҳақиқий йўқотиш моддий йўқотишларда эмас, инсониятни вайрон қилувчи шайтонга эргашишдадир.
Энди муборак Мужодала сурасининг 20 ва 21-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
إِنَّ الَّذِینَ یُحَادُّونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُولَئِکَ فِی الْأَذَلِّینَ، کَتَبَ اللَّهُ لَأَغْلِبَنَّ أَنَا وَرُسُلِی إِنَّ اللَّهَ قَوِیٌّ عَزِیزٌ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
20 - Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилувчилар, ана ўшалар, энг хорлар ичидадир. 21 - Аллоҳ, Мен ва Менинг Расулларим ғалаба қиламиз, деб ҳукм қилган. Албатта, Аллоҳ қувватли ва ғолибдир.
Олдинги оятда мунофиқларнинг мўминларга қарши мағрурлик ва куч-қудрат ҳисси ҳақида гапирилган эди; Бу оятлар шундай дейилади: Аллоҳнинг наздида бу одамлар энг паст одамлардир ва улар ҳеч қачон Аллоҳнинг иродасини енгиб чиқа олмайдилар.
Илоҳий диннинг ботил мазҳаблар устидан қозонган ғалабаси икки жиҳатга эга: бири зоҳирий жиҳат, агар пайғамбарларга мўминлар ёрдам берсалар эришилади. Иккинчиси - интеллектуал ва мантиқий жиҳат. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳар доим тўғри нотўғридан устун келган ва бу ҳукмронлик кенгайиб бормоқда.
Ушбу оят ва Қуръоннинг бошқа оятларига кўра, Аллоҳ таолонинг Қуръондаги қатъий ваъдаларидан бири ҳақиқатнинг ботил устидан ғалаба қозониши, пайғамбарлар мактабининг эса инсоний мактаблар устидан ғалаба қозонишидир, ботилнинг мағлубиятига олиб келади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Диний ишлардаги мунофиқлик ва иккиюзламачилик оқибати куфр водийсига тушиб, Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг амр ва ўгитлари билан юзма-юз туришдир.
2. Ҳақга қарши туриш ботил аҳлининг хорлигига олиб келади.
3. Ҳақнинг ботил устидан якуний ғалабаси ҳақидаги илоҳий ваъда ҳозиргача амалга ошмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ривоятга кўра, Имом Маҳдий (а.с.) зоҳир бўлгач, бу ваъда амалга ошади.
Сўнгда муборак Мужодала сурасининг 22-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:
لَا تَجِدُ قَوْمًا یُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْیَوْمِ الْآخِرِ یُوَادُّونَ مَنْ حَادَّ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَوْ کَانُوا آبَاءَهُمْ أَوْ أَبْنَاءَهُمْ أَوْ إِخْوَانَهُمْ أَوْ عَشِیرَتَهُمْ أُولَئِکَ کَتَبَ فِی قُلُوبِهِمُ الْإِیمَانَ وَأَیَّدَهُمْ بِرُوحٍ مِنْهُ وَیُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِی مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِینَ فِیهَا رَضِیَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ أُولَئِکَ حِزْبُ اللَّهِ أَلَا إِنَّ حِزْبَ اللَّهِ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
22 - Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилувчиларга дўстлик қилганларини топмайсан. Ҳатто у(душман)лар ўз оталари, болалари, ака-укалари ёки қариндошлари бўлса ҳам. Аллоҳ ундоқ кишиларнинг қалбларида иймонни собит қилган, уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллагандир. Ва уларни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритадир. Унда абадий қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўладир. Улар Аллоҳдан рози бўладир. Ана ўшалар, Аллоҳнинг фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг фирқаси, ҳа, ўшалар ютувчилардир.
“Мужодала” сурасининг охирги ояти бўлган бу оят умумий асосга ишора қилиб, шундай дейди: Аллоҳга ва Аллоҳнинг авлиёларига бўлган муҳаббат ва Аллоҳнинг дини душманларининг севгиси бир қалбга сиғмайди ва агар биров Аллоҳга ва пайғамбарига ишонаман деса лекин унинг қалбида Аллоҳнинг динига қарши турадиган қариндошлари, дўстлари ва яқинлари муҳаббат бўлса, бу ҳақиқий мўмин эмас.
Кимки, Аллоҳ учун Аллоҳга душман бўлган қаримдошларига истиғфор сўраса ва мактаб манфаатини оила туйғуларидан устун қўйса, Аллоҳ таоло ундан рози бўлиб, мадад бериб, унга илоҳий ёрдам оқиб келиши табиийдир.
Тили билан иймонини эътироф этган, қалбларида эса Аллоҳнинг душманларини севган мунофиқлар бу суранинг 19-оятида шайтоннинг ҳизби аъзолари сифатида танитилган. Бу оят, шунингдек, Аллоҳнинг душманларини оқлайдиган мўминларни Аллоҳнинг ҳизб аъзолари деб таништириб, уларга душманлари устидан ғалаба ваъда қилади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Иймон аҳли билан дўстлик эълон қилиш ва Аллоҳнинг дини душманларидан йироқликни эълон қилиш ҳақиқий иймоннинг шартидир. Ҳазрати Иброҳим мушрик амакисини ёқтирмаганидек.
2. Икки дўстлик бир қалбга сиғмайди ва Аллоҳ инсон учун иккита қарама-қарши дўстликни қабул қилиш учун иккита юракни жойлаштирмаган. Шунинг учун Аллоҳнинг дўстлиги билан Аллоҳнинг дини душманларининг дўстлиги қўшиб бўлмайди.
3. Ислом динида этиқод ва мактаб ришталари оила ва қабилавий этник ришталардан ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ миллий ва ватан ришталаридан устундир.
Мужодала сураси тугаши билан сиз азизларни улуғ Аллоҳ таолога ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.