ноябр 05, 2016 15:07 Asia/Tashkent

машҳур шоир Камол Хужандийнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан 3

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз  ҳам  машҳур  шоир  Камол Хужандийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида  бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Шоирнинг Табриздаги осуда ҳаёти 1385 йилгача давом этади, холос. Олтинўрда хони Тўхтамишхон ўша йили Табризга ҳужум қилади. Шаҳарни ишғол қилгач, шоирни ўз ҳузурига чақиртириб, танишади ва ўзи билан бирга Олтинўрда пойтахти Сарой шаҳрига олиб кетади. Тазкираларда қайд этилишича, Шайх Камолнинг Саройдаги ҳаёти ёмон кечмаган. Бир қатор манбаларда шоирнинг Саройда тўрт йил яшагани қайд этилган.

Лекин шоирнинг ҳаёт йўлини чуқур таҳқиқ қилган тожик адабиётшуноси Саъдулло Асадуллоевнинг фикрича, Камол Хужандий Дашти Қипчоқ пойтахти Саройда ўн бир йил яшаб қолган. Биз ҳам Асодуллоевнинг фикрига қўшиламиз. Чунки Шайх Камолнинг иккинчи марта Табриз шаҳрига келиб қолишига сабабчи бўлган зот соҳибқирон Амир Темур эканлиги бир қатор ишончли тарихий манбаларда (жумладан, Ҳофиз Ҳусайн Карбалоийнинг “Равзот-ул-жинон”ида) қайд этилган.

Амир Темурнинг Тўхтамишхоннинг устига қилган иккинчи юриши 1395-96 йилларга тўғри келганлигини эътиборга олсак, шоир Саройда 1385-1396 йиллар мобайнида (11 йил) яшаганлиги муайян бўлади. Амир Темур барча илм аҳллари қатори Камол Хўжандийга нисбатан ҳам яхши муносабатда бўлган.

Буни шоирнинг “Девон”нидаги “Биҳамдиллаҳ, ки дигар бор рўи дўстон дидам” деб бошланувчи машҳур ғазалининг мақтаъида ҳам кўришимиз мумкин:

Камол он дам, ки хоҳй дид бо ёрон қарин худро,

Бигў: “Ин давлат аз юмни шаҳи Соҳибқирон дидам.”

Таржима:

Камол, ул дам ки ёронлар ила ўзни яқин кўрсанг,

Дегил: “Бу давлатим топдим, шаҳи Соҳибқирон кўрдим.”

Шайх Камол Хўжандийнинг ҳаж сафарини адо этган этмаганлиги хусусида ҳам икки хил фикр бор. Давлатшоҳ Самарқандий ва яна бир қатор тазкиранавислар шоирнинг Саоройга олиб кетилишидан олдин ҳажга бориб келганлигини қайд этиб кетишган. Улуғ шоир ижодиёти билан сўнги асрларда шуғулланган баъзи адабиётшунослар эса бу фикрга ишониб бўлмаслигини айтишади.

Уларнинг фикрича агар шоир ҳақиқатан ҳам Каъба зиёратини адо этганда эди бу унинг ижодиётида ўз аксини топган бўларди. Ваҳоланки унинг улкан “Девон”идаги минглаб ғазаллар ва юзлаб рубоийларида бу ҳақда бирор бир сатр учраймайди, дейишади улар. Бизнингча ҳам бу иқрор ҳақиқатга яқин кўринади.

Улуғ ориф Камол Хўжандий вафоти санаси хусусида ҳам тазкиралар(“Тазкират-уш-шуаро”, “Оташкада”, “Мажолис-ул-ушшоқ”, “Нафаҳот-ул-унс”, “Ҳабиб-ус-сияр” ва “Соми-ул-асомий”)да турли хил йиллар кўрсатилган.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас  Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Камол Хўжандийнинг гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Ушбу кундан ошкоро яхши кўргайман сени,

Этмадим пинҳон, нигоро, яхши кўргайман сени.

Бул вужудим ичра қатра жон ҳаёт бўлса агар,

Яхши кўргайдир мени, то яхши кўргайман сени!

Хоҳи дилда устуворсан, хоҳи жонда бўл муқим,

Қайда бўлсанг ҳамки сен жо, яхши кўргайман сени.

Ор қилурман сарву лола наздига бормоқ учун

Чунки эй рухсори боло, яхши кўргайман сени.

Гарчи сенда йўқ муҳаббат, яхши кўргайман чунон,

Чунки мен бе бу таманно яхши кўргайман сени!

 

Дийдаву дил–ҳар бири танҳо сени севгай, санам,

Мен каби бедил на танҳо яхши кўргайман сени.

Дермисан: “Қон тўкадирман, душманимдирсан, Камол!”

Меҳри ҳам қаҳри ҳувайдо, яхши кўргайман сени!

Хўжандийшунос олим Саъдулло Асодуллоевнинг фикрича, охирги тазкира—Мулло Ҳашрийнинг “Соми-ул-асомий” китобида қайд этилган сана(803 ҳижрий) Хожа Абдураҳими Хилватийнинг шоир вафоти муносабати билан битилган қитъасига мувофиқ келади.

Дарҳақиқат, бу қитъадаги “Ҳашсаду се гузашт он хуршед”(Саккиз юзу учда ўтди ул ой) мисраси шоирнинг 803 ҳижрий (1400 мелодий йили) Табриз шаҳрида вафот этганлигини тасдиқлаб турибди. Ана шу йили улуғ ориф Шайх Камол Хужандий жасади Табриз аҳли томонидан юксак эҳтиром билан шоирнинг Волиёнкўҳдаги ўз боғига дафн этилади.

Ҳозир бу жой “Мазори Шайх Камол” номи билан машҳур зиёратгоҳга айланган.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.