ноябр 10, 2016 15:50 Asia/Tashkent

706- қисм."Анкабут" муборак сурасининг 8-13- ояти карималари.

Суҳбатимиз ибтидосида  “Анкабут” муборак сураси  8-9--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَوَصَّيْنَا الْإِنسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا ۖ وَإِن جَاهَدَاكَ لِتُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا ۚ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿٨﴾ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَنُدْخِلَنَّهُمْ فِي الصَّالِحِينَ ﴿٩﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман. (8) Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни солиҳлар қаторига қўшурмиз. (9)

Ислом ибтидосида бутпарастликдан воз кечиб, Расулуллоҳ (с)га иймон келтирган бир гуруҳ ёшларнинг ота-оналари  ҳали мушрик ё бутпараст эди. Улар фарзандларидан исломни тарк этишларини талаб қилишарди. Ҳатто айрим оналар фарзандларига меҳр-мурувват юзасидан босим ӯтказиш учун еб-ичишдан ҳам воз кечишарди. Аммо улар қанчалик уринишмасин, фарзандларини ислом динидан қайтаришолмади.

Бу ояти карималарда  ӯша ёшларга ва умуман куфр ва ширк ҳукмронлик қилган хонадонларда яшовчиларга  қарата буюрилади: Оилавий ва диний муносабатларда ихтилоф вужудга келган чоғи ота-она ризосидан кӯра динни муҳофаза қилиш афзалдир. Ота-она меҳри кишини динидан қайтармаслиги лозим. Албатта, ота-она эҳтиромини ӯрнига қӯйиш жуда муҳим ва қӯлдан келгунча уларнинг  иззат-ҳурматларини жойига қӯйиш, эҳтиёжларини  чиқариш учун ҳеч нарсани аямаслик керак.

Ояти карималарнинг давомида оиланинг барча аъзоларига қарата буюрилади: дунёдаги барча амалларингиз ёзиб борилади ва бир куни бу амаллар учун жавоб беришингиз муқаррар. Фақатгина иймон соҳиби бӯлган  ва эзгу амал қиладиганлар қиёмат куни поклар ва солиҳлар сафида бӯлишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ота-онага яхшилик қилиш шубҳасиз , инсонийликнинг муҳим шартидир. Ота-она  мусулмон бӯладими- кофирми барибир, эҳтиромларини ӯрнига қӯйиб, хизматларини жон-дилдан бажариш шарт.
  2. Ширкка даъват қилиш, аслида жоҳилликка даъватдир, Зеро, ширк бирор-бир мантиқий ва илмий асосга эга эмас.
  3. Фарзанд тӯғри йӯлни танлашда эркин бӯлиши керак. Ота-она фарзандларини ӯзлари юрган йӯлдан юришга мажбурлашлари  дуруст эмас.

Энди “Анкабут” муборак сураси  10-11-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ آمَنَّا بِاللَّـهِ فَإِذَا أُوذِيَ فِي اللَّـهِ جَعَلَ فِتْنَةَ النَّاسِ كَعَذَابِ اللَّـهِ وَلَئِن جَاءَ نَصْرٌ مِّن رَّبِّكَ لَيَقُولُنَّ إِنَّا كُنَّا مَعَكُمْ ۚ أَوَلَيْسَ اللَّـهُ بِأَعْلَمَ بِمَا فِي صُدُورِ الْعَالَمِينَ ﴿١٠﴾ وَلَيَعْلَمَنَّ اللَّـهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْمُنَافِقِينَ ﴿١١﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи зот эмасми?! (Бундай одамлар, иймон калимасини айтсак бўлди, ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлаверади, ҳеч қандай ёмонлик етмайди, деб тасаввур қиладилар. Одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азоби деб билади. Чидай олмай, турли ҳолатларга тушади ва иймондан қайтади.) (10) Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни ҳам яхши билур, мунофиқларни ҳам яхши билур. (11)

Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда фақат тӯкин-сочин ҳаёт кечирган пайти иймон билан яшаб, бир оз қийинчиликка дуч келдими, иймонидан воз кечадиганлар тоифасига ишора қилинади. Бундай тоифалар  қийинчиликлар бартараф этилиб, муминлар яна қудратни эгаллагач ӯзларини аҳли иймон тарафдори қилиб кӯрсатишади.  Улар муминларга қарата: биз доимо сизлар билан бирга эдик. Ушбу ғалабани қӯлга киритишда бизнинг ҳам улушимиз бор, деб айтишади.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Аллоҳ  барча инсонларнинг ботинидан огоҳдир. У ким ӯз иймонини сақлаш учун жонини фидо қилишга   ва ким озгина қийинчиликка дуч келгач, иймонидан воз кечишга тайёр эканлигини яхши билади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.Айрим одамларнинг иймони қалбида эмас, балки тилининг учидадир. Иймонлилик даъвосида бӯлганларнинг ҳаммасига ҳам ишониш ярамайди, зеро ҳақиқий иймон қийинчиликларга дуч келган пайти синалади.

2.Баъзида иймон келтириш ва иймонини муҳофаза қилиш иши  ӯзига яраша фидокорликни талаб қилади. Ҳақиқий иймон аҳли эса бу  имтиҳонлардан чӯчимайдилар.

3. Мунофиқлар шароитга қараб ӯзгариб турадиган кишилардир. Улар қийинчилик пайти қочишади. Халойиқ ғалабага эришгач, ӯзларини ғолибларнинг сафига уриб, бу ғалабани қӯлга киритишда улушлари борлигини таъкидлашга тушишади.

 Энди “Анкабут” муборак сураси  13 -12-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا اتَّبِعُوا سَبِيلَنَا وَلْنَحْمِلْ خَطَايَاكُمْ وَمَا هُم بِحَامِلِينَ مِنْ خَطَايَاهُم مِّن شَيْءٍ ۖ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ ﴿١٢﴾ وَلَيَحْمِلُنَّ أَثْقَالَهُمْ وَأَثْقَالًا مَّعَ أَثْقَالِهِمْ ۖ وَلَيُسْأَلُنَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَمَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ ﴿١٣﴾

Бу ояти  карималар   қуйидагича таржима қилинган:

  Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: »Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик«, дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтаргувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир. (12) Албатта, улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат кунида уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар. (Оятдаги «юк»дан мурод гуноҳдир. Албатта, кофирлар гуноҳлари юкини кўтарадилар, шу билан бирга, ўз иғволари билан йўлдан урган одамларнинг гуноҳларини ҳам кўтарурлар. Аммо бу нарса уларнинг иғвосига учганларнинг гуноҳини енгиллатмайди, улар ҳам қилмишларига яраша жазоларини тортадилар.) (13)

Мушриклар  муминларни иймонларидан айириб, ширкка қайтаришга  ҳаракат қилишарди. Бу ояти карималарда буюрилади: Улар иймон келтирган кишиларга қарата: бизнинг йӯлимиз, яъни ота-боболарингнинг йӯлига қайтинглар. Исломдан қайтиш гуноҳ бӯлса, биз сизнинг бу гуноҳингизни зиммамизга оламиз. Сиз гунаҳкор бӯлмайсиз.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Улар бу ӯринда ёлғон сӯзлашяпти, зеро мукофотлаш ва  жазолаш Аллоҳнинг ихтиёридадир, уларнинг қӯлида эмас. Улар гунаҳкорларнинг гуноҳини кечиролмайдилар. Уларнинг бу ёлғонларига ишониб, иймонини қӯлдан берган киши қиёмат куни, албатта азобга гирифтор бӯлади. Уни гумроҳ қилган киши эса ҳам ӯзининг гуноҳлари ва ҳам гумроҳ қилинган шахснинг гуноҳлари учун жавоб беражак.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.Душманлар мӯминларни тинч қӯйишмайди. Гоҳида азоб-уқубат етказиш йӯли билан, гоҳида ёлғон иддаолар билан уларни иймонларидан қайтармоқчи бӯлишади.

2. Ислом дунёқарашида ҳеч ким бировнинг гуноҳини ӯз зиммасига ололмайди.

3. Бировларни гумроҳ қилган киши уларнинг гуноҳига шерикдир. Шунингдек у гумроҳ этилган кишининг ҳам гуноҳларига масъул. Аммо бу гумроҳ бӯлган кишининг гуноҳини камайтирмайди.