Форсий қанд ҳаловати
машҳур шоир Камол Хужандийнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимизда ҳам машҳур шоир Камол Хужандийнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, хўжандийшунос олим Саъдулло Асодуллоевнинг фикрича, охирги тазкира—Мулло Ҳашрийнинг “Соми-ул-асомий” китобида қайд этилган сана(803 ҳижрий) Хожа Абдураҳими Хилватийнинг шоир вафоти муносабати билан битилган қитъасига мувофиқ келади.
Дарҳақиқат, бу қитъадаги “Ҳашсаду се гузашт он хуршед”(Саккиз юзу учда ўтди ул ой) мисраси шоирнинг 803 ҳижрий (1400 мелодий йили) Табриз шаҳрида вафот этганлигини тасдиқлаб турибди. Ана шу йили улуғ ориф Шайх Камол Хужандий жасади Табриз аҳли томонидан юксак эҳтиром билан шоирнинг Волиёнкўҳдаги ўз боғига дафн этилади.
Ўрни келганда айтиш керакки, мумтоз адабиётимизнинг бетакрор алломаси Шоҳ Машраби мажзуб Шайх Камол Хўжандий ижодиёти билан яхши таниш бўлган. Ҳар икки шоирнинг ижодиётидаги ўзаро уйғунлик шундай дейишимизга асос беради. Шайх Камол ҳам Шоҳ Машраб ҳам илоҳий Ишқ куйчиси.
Уларни мутолаа қиларкансиз, икковларининг валоятлари ҳам, ҳол тазаҳҳуроти ҳам, дарду изтироблари ва нозик фаҳму фасоҳатлари ҳам бир-бирига жуда яқин туюлади. Фақат Шоҳ Машрабда шатҳиёт кучли. Шайх Камолда ҳам шатҳиётомуз мисралар учрайди. Лекин улар бадииётнинг жуда нозик пардаларига ўраб берилади… Ҳар икки улуғ шоир ҳам “саҳли мумтанеъ”(содда мураккаб) усулида ижод этишган ва айтиш мумкинки, бу сабкни юксак даражага кўтара олишган.
(Ҳазрат Жомий ҳам “Нафаҳот-ул-унс”да Камол Хўжандийнинг ижодий услуби “саҳли мумтанеъ” эканлигини алоҳида қайд этганлар.) Ҳар икки шоиримизнинг ижодиётини таққослаб ўрганиш мумтоз адабиётимиз тадқиқотчилари олдидаги муҳим вазифадир. Бу қиёсий тадқиқот олимларимиз олдида ҳануз “очилмаган қўриқ” бўлиб турибди…
Камол Хўжандий ғазалиёти Шарқ шеърияти бўғзидаги бир маъюс “оҳ”дирким, бу шеърият асирлари олти аср берида ҳам шул мунис “оҳ” измида ҳасрат чекадилар. Камол Хўжандий шеърияти ишқ аҳли кўксидаги шундай бир нажиб изтиробдирким, олти аср беридаги орифона қалб соҳиблари шу изтироб тажаллийси ила руҳларини поклайдилар…
Камол Хужандий рўзгори валийлар таърихи силсиласидаги бир гавҳар донаким, олти аср берида ҳам валоятга интилган зотлар қаноат, ҳилм, риёзат ва фитрат поклиги бобида шул рўзгордан ибрат олиб яшайдилар.
Башарият даҳоларидан бири улуғ Мирзо Абдулқодир Бедил “Ҳар бир фарднинг бу дунёдаги умри мисоли бир кўприкдир, зеро кўприк устида иморат иншо қилиб бўлмас” деган эдилар. Улуғ аллома Камол Хўжандий эса бу ҳақиқатни Мирзо Бедилдан уч аср муқаддам ўзларининг камтарин, ғариб, файзли ва мазмунли ҳаётлари билан тўлиқ исботлаб кетган эдилар…
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Камол Хўжандийнинг гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.
Биродарлар деди: айтгил нигорингни! Нечук айтай?
Қай ул дилбар олибди ихтиёрингни? Нечук айтай?
Ўтирмиш бир нишон истаб талаб йўлида муштоқлар:
“Эшитгай ким сенинг бу оҳу зорингни?” Нечук айтай?
“Сенинг дарду ғаминг ўйловчи касдан ном-нишон йўқдир,
Қани, айт-чи бу дам ул ғамгусорингни?” Нечук айтай?
Рақиб менга деюрки: “Бехабарсан ўз ишингдинким,
Аён қил ёр ила вобаста корингни?” Нечук айтай?
Агар бўлса мажолим нут қиларга рўзу шаб Сенга,
Сухандон айлаган зулфи узорингни нечук айтай?
Агар зулфинг яна дўстлик қароридин кечар бўлса,
Ахир, элга бу зулфи беқарорингни нечук айтай?
Агар тўкса Камол қонин ўшал ғамзанг қилиб мастлик,
Алам берган бу чашми пурхуморингни нечук айтай?..
Неъмутуллоҳ Иброҳим бундан йигирма йил муқаддам (1993-1994 й.й.) Камол Хўжандий таваллудининг 675 йиллиги арфасида шоир ғазалиётидан намуналар (60 ғазал) таржима қилган эди. 1995 йил уларни “Муборак маъво” номи билан алоҳида китоб қилиб Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти(Тошкент)га топширади.
Нашриёт мутахассислари таржимани юқори баҳолашди. Китоб нашри нашриётнинг 1996 йил режасига киритилди. Шартномага қўл қўйилди.Китоб муқоваси (Алишер Навоийнинг “Муножот” китоби муқовасига монанд сувратда) чиройли чоп этилди. Кейин (айрим сиёсий сабабларга кўра) китобнинг нашри “вақтинча” тўхтатилди…
Муаллифнинг ёзишича, шу кунларда “Муборак маъво” Душанбедаги “Ирфон” нашриётида чопга ҳозирланмоқда. Китоб эрта-индин нашр юзини кўради, иншоаллоҳ. Бу ишда ҳеч нарсадан тамаъ йўқдир. Билъакс бу ишни олти аср беридаги бир мухлиснинг улуғ шоир ижодиётига бўлган чексиз ҳурмати ва муҳаббати рамзи сифатида қабул қилгайсиз.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.