ноябр 17, 2016 15:00 Asia/Tashkent

фалон дорининг фойдаси тегди

Аллоҳ таоло номи билан  

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Такфирий жараёнлар ёхуд  бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганимиздек, кофирлар бутларининг хоҳлаганча шафоат қилишларига, ҳар истаганларини Аллоҳга қилдиришга қодир эканликларига ишонишарди. Биз мусулмонлар эса Аллоҳу таолонинг севган қулларига шафоат қилишга изн беришини, севганларининг шафоат ва дуоларини қабул қилишини Қуръони каримда хабар бергани учун мана шу суюнчиларга ишонганимиз туфайли Аллоҳу таолонинг севгилиси бўлган улуғ Пайғамбаримиздан, севгили қуллари бўлган авлиёлардан шафоат ва ёрдам сўрамоқдамиз.

Кофирларнинг бутга сиғинишлари билан мусулмонларнинг авлиёдан ёрдам сўрашларини битта тарозига қўйиб бўлмайди. Мусулмон билан кофир, иккаласи ҳам ташқи кўринишдан инсондир. Мана шу жиҳатдан бир-бирига ўхшайди. Лекин мусулмон Аллоҳу таолонинг дўсти, у абадий жаннатда қолади. Кофир эса Аллоҳу таолонинг душмани бўлиб, абадиян жаҳаннамда қолади. Кўринишда бир-бирига ўхшашлари уларнинг ҳамиша бирдай бўлиб қолишларига далил бўла олмайди.

Аллоҳу таолонинг душмани бўлган бутларга, ҳайкалларга ёлворувчилар билан Аллоҳу таолонинг севгили пайғамбарига ва авлиё қулларига ёлвораётганлар кўринишда бир-бирларига ўхшаши мумкин. Лекин бутларга ёлвориш жаҳаннамга олиб боради. Пайғамбарларга ва авлиёга ёлвориш эса Аллоҳу таолонинг авфу мағфиратига, марҳаматига сабаб бўлади. Аллоҳу таолонинг севган солиҳ бандалари тилга олинганда, хотирланганда, у ердагиларга Аллоҳу таоло марҳамат қилади” ҳадиси шарифи машҳурдир. Пайғамбарларга, авлиёларга ёлворилганда Аллоҳу таолонинг раҳм қилиши, авф этишини ушбу ҳадиси шариф ҳам кўрсатмоқда.

Мусулмонлар пайғамбарларнинг, авлиёнинг илоҳ, маъбуд эмаслигига, Аллоҳу таолога шерик эмаслигига ишонадилар. Улар Аллоҳу таолонинг ожиз қули эканлигига, ибодатга, топинишга, сиғинишга ҳақлари йўқ эканлигига эътиқод қиладилар. Уларнинг Аллоҳу таолонинг севган, дуоларини қабул қиладиган бандалари эканлигини биладилар. Моида сурасининг 35-оятида маолан “Менга яқинлашиш учун восита изланглар” деб буюрилди. “Солиҳ қулларимнинг дуоларини қабул қиламан, тилакларини бераман” деб марҳамат қилди. Бухорийда, Муслимда ва "Кунуз-уд-дақойиқ"да мазкур ҳадиси шарифларда: “Албатта Аллоҳу таолонинг шундай қуллари борки, агар бир нарса учун қасам ичсалар, Аллоҳу таоло ўша нарсани яратади. Уни ёлғончи қилмайди” деб марҳамат қилинган. Мусулмонлар бу ояти карима ва ҳадиси шарифларга ишонганлари учун Пайғамбар ва авлиёларни восита қилиб, улардан дуо ва ёрдам сўрашмоқда.

Тўғри, кофирларнинг бир қисми бутларнинг, ҳайкалларнинг яратувчи эмаслигини, барча нарсани Аллоҳу таоло яратишини таъкидлашса ҳам “Бутларнинг ибодат қилинишга ҳақлари бор, улар хоҳлаганини қилади ва Аллоҳга ҳам қилдира олади” дейишади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги  дастуримизда   "Такфирий жараёнлар  ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги    сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Шу тариқа улар бутларини Аллоҳга шерик қилишмоқда. Бир одам дунёда Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраса, "менга албатта ёрдам беради, унинг ҳар истагани албатта рўёбга чиқади"- деса, бу одам кофир бўлади. Аммо "Менинг тилагим у хоҳлагани билан ижобат бўлмайди, у атиги бир сабаб холос. Аллоҳу таоло сабабга мурожаат қилганларни яхши кўради. Ҳамма нарсани сабабга боғлаб яратиш Унинг одати. Мен ҳам сабабга ёпишиш учун воситалардан ёрдам сўраяпман, лекин тилагимни Аллоҳдан кутаман. Пайғамбаримиз ҳам истакларининг рўёбга чиқиши учун сабабларга мурожаат қилганлар. Сабабга мурожаат қилиш билан мен Расулуллоҳнинг суннатларини бажаряпман"- деб, ҳаётдаги ёхуд вафот этган бир зотдан кўмак сўраган одам савоб олади. Тилаги ижобат бўлса, Аллоҳга ҳамд қилади. Бўлмаса, яна Аллоҳнинг тақдирига рози бўлади.

Кофирларнинг бутга сиғинишлари мусулмонларнинг пайғамбардан, авлиёдан дуо, шафоат, ёрдам сўрашларига умуман ўхшамайди. Ақли расо, тўғри фикрлай оладиган ҳеч бир банда бу иккаласини бир-бирига ўхшатмайди. Аксинча бир-биридан бутунлай фарқли эканликларини яхши билади. Зарар ва фойдани яратувчи фақатгина Аллоҳу таоло! Ундан ўзганинг ибодатга умуман ҳақ ва ҳуқуки йўқ. Ҳеч қайси пайғамбар, ҳеч қайси авлиё ва ҳеч қандай махлуқ ҳеч нарса ярата олмайди. Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқ! Лекин Аллоҳу таоло, пайғамбарларининг, авлиёларининг, солиҳ бандаларининг, яъни севган қулларининг исмларини тилга олганларга, уларни тилакларининг ижобат бўлишига васила қилганларга марҳаматини сочади, тилакларини беради. Буни Ўзи ва сегили пайғамбари хабар берганлар. Мана шу хабарларга суяниб мусулмонлар ҳам шундай эътиқод қилишмоқда.
Мушриклар, кофирлар эса, бутларнинг ҳеч нарса ярата олмаслигини билиб туриб, бутларини илоҳ ва маъбуд сифатида кўришмоқда. Шу боис бутларига ибодат қилишмоқда. Уларнинг баъзилари улуҳиятда (илоҳлик иснод қилишда) мушрик бўлса, баъзилари ибодатда мушрик бўлишмоқда. Улар "Бутларимиз бизга шафоат қилиб, бизни Алоҳга яқинлаштиришади" деганлари учун эмас, балки бутларни илоҳ ва маъбуд билиб, топиниб-сиғинишгани учун мушрик бўлишмоқда.

Пайғамбаримиз: “Бир замон келадики, кофирлар ҳақида нозил бўлган ояти карималар мусулмонларни ёмонлаш учун васиқа-далил сифатида ишлатилади” деб марҳамат қилдилар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Энг кўп қўрқадиган нарсам - ояти карималарни Аллоҳу таолонинг истамаган жойларида ишлатадиган кимсаларнинг пайдо бўлишидир” деб айтдилар.

Қадрли  тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.