Инсониятни Паркинсон касаллиги пандемияси кутмоқда
(last modified Tue, 05 Feb 2019 11:37:07 GMT )
феврал 05, 2019 16:37 Asia/Tashkent
  • Инсониятни Паркинсон касаллиги пандемияси кутмоқда

Охирги 25 йил ичида Паркинсон билан касалланиш икки баробарга ортди. Эндиликда олимлар янги прогнозни эълон қилди. Унга кўра, касалланиш яна икки баробарга ортади, лекин бу сафар 10 йил ичида. Касаллик эса ҳалигача давосиз қолмоқда.

Неврологик бузулишлар — бутун дунёда ногиронликнинг асосий сабаби ҳисобланади. Прогрессив тарзда ўсаётган касалликлардан бири эса Паркинсондир. Паркинсон касаллиги ҳаракат функциялари зарарланадиган ва мушаклар назорати сусаядиган, давоси номаълум бўлган нейродегенератив касаллик.

Паркинсон касаллигидан асосан кексалар азият чекади. Олимларнинг прогнозига кўра, 2050 йилга бориб 60 ёшдан катта бўлган қариялар сони 2 миллиардга етади.

Тадқиқот муаллифлари нохуш фактларни келтирган. 1990 йилдан 2015 йилгача Паркинсон билан оғриган инсонлар сони икки баробарга ортган. 2040 йилга бориб улар сони 12 миллионга етади. Ҳаёт давомийлиги узайишига олиб келаётган қўшимча омиллар ва саноатлашувнинг салбий таъсири туфайли бу кўрсаткич 17 миллионгача бориши мумкин.

Экологиянинг аҳамияти

Муаллифлар жамоатчилик диққатини саноатлашувнинг салбий оқибатларига қаратишга чақирмоқда. Унинг маҳсулотлари бўлган пестицидлар, оғир металлар Паркинсон касаллиги ривожланишига олиб келади. Инсоният бу омиллар таъсирини қисқартириши ёки бутунлай йўқотиб юборишга қодир.

«Ўн йилдан сўнг биз ҳақиқатан ҳам пандемия ҳақида гапиришимиз мумкин. Шундай экан, барча имкониятлармизни халқ орасида профилактика чора-тадбирларига ва бу касаллик билан оғриган беморлар парваришини кенгайтиришга қаратишимиз лозим», — дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи Рея Дорси.

Яна бир муҳим жиҳатлардан бири касалликни даволаш ёки кечишини секинлаштириш учун янги дори препаратларини яратиш саналади. Бунинг устида тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда. Яқинда Японияда индуцирланган асос ҳужайраларни Паркинсон касаллигини даволаш учун 50 ёшли бемор миясига кўчириб ўтказишди. Дастлабки натижалар даво усули хавфсиз эканини кўрсатмоқда.