Шавкат Мирзиёев Вашингтондаги “Марказий Осиё-АҚШ” саммитида иштирок этди
-
Шавкат Мирзиёев Вашингтондаги “Марказий Осиё-АҚШ” саммитида иштирок этди
Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳридаги Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги саммитида иштирок этди.
Марказий Осиё ва АҚШ -“С5+1” формати доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, иштирокчи мамлакатларда навбати билан жойлаштириладиган доимий фаолият юритадиган Котибиятни таъсис этиш таклиф қилинди.
Давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини ишга тушириш долзарб экани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлайдиган йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишда АҚШ билан фаол ишлашга тайёрлигини билдирди.
Муҳим минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш учун Махсус қўмитани тузиш таклиф қилинди.
Минтақа қишлоқ хўжалигини Америка технологияларини жорий этган ҳолда модернизация қилиш мақсадида Минтақавий агротехнологик инновациялар шериклигини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Мирзиёев АҚШнинг етакчи музейларида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий меросига бағишланган қўшма кўргазмаларни ташкил этиш таклифи билан чиқди.
Давлат раҳбари навбатдаги саммитни Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Президент Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.