«Хаббл»ни «синдирадиган» дунёдаги энг қудратли телескоп тўлиқ ясаб бўлинди
(last modified Mon, 02 Sep 2019 09:18:18 GMT )
сентябр 02, 2019 14:18 Asia/Tashkent
  • «Хаббл»ни «синдирадиган» дунёдаги энг қудратли телескоп тўлиқ ясаб бўлинди

XXI асрнинг энг кутилган телескопи – «Жеймс Уэбб» ниҳоят, тўлиқ ясаб бўлинди. «Жеймс Уэбб»  яқин орада ўзининг асосий вазифасини бажаришга – коинотни тадқиқ қилиш ва улкан масофалар туфайли киши кўзидан пинҳон бўлган нарсаларни топишга киришиши кутилмоқда. 

Ушбу қурилма NASAнинг энг асосий телескопи мақомида «Хаббл» телескопининг ўрнини эгаллаши учун қурилган, дея хабар берди news.ru сайти.

Телескоп кандай тартибда ишлайди?

«Жеймс Уэбб» космик телескопи шу пайтгача коинотга чиқарилган телескоплар ичида энг катта, кучли ва мураккаб орбитал расадхона бўлади. У «Хаббл»дан кўра етти карра яхшироқ нур тўплаш хусусиятига эга, шунингдек, инфрақизил тўлқинларни визуализация қилиш борасида ҳам бошқалардан устун бўлади. Олимлар биздан энг-энг олисдаги объектларни ҳам кўриш мумкин бўлишига умид қилмоқда.

«Жеймс Уэбб» қаердан коинотга чиқарилади?

«Жеймс Уэбб» Ер–Қуёш тизимининг L2 Лагранж нуқтаси деб номланадиган жойида, сайёрамиздан тахминан 1,5 миллион километр олисликдаги очиқ коинотга чиқарилиши режалаштирилган. Бу эса ҳатто Ойдан ҳам бир неча баробар олис масофадир. Бундай олис масофа эса телескопнинг техник ечимлари учун муайян қатъий шартларни жорий қилади. Чунки техник объект қанчалик олисга жўнатилса, техник хато туфайли ундан мосуво бўлиш хатари шунчалик катта бўлади.

Лойиҳа нега кечикди?

Деярли 20 йиллик лойиҳалаш ва йиғиш ишлари ғояси даставвал 1990 йиллар ўрталарида майдонга чиққан бўлиб, ўшандан буён «Жеймс Уэбб» телескопи лойиҳаси бир неча марта муваффақиятсизликка йўлиқди. Телескопни аввалига 2007 йилдаёқ учиришни режа қилинган эди. Бироқ йиғиш давомида дуч келинган кўплаб техник муаммолар сабабли лойиҳа кечикаверган. Мутахассислар телескопнинг беш қаватли иссиқлик экранининг тўғри ёйилишини ва керакли шаклга киришини текшириб, синаб кўриши керак бўлган.

«Жеймс Уэбб» қачон коинотга чиқади?

Бир миллион километр олис коинотга чиқариб бўлгандан кейин синаб кўриш эса соғлом ақлга сиғадиган нарса эмас. Шунга кўра, профессионал ва ҳаваскор астрономлар интиқиб кутаётган жараён – «Жеймс Уэбб» телескопининг коинотга чиқарилиши 2021 йилдан эрта муддатда содир бўлмайди. Доҳиёна муҳандислик шедеври бўлган ушбу космик расадхонани насиб қилса, 2021 йилда L2 Лагранж нуқтасига учирилишига гувоҳ бўламиз.