Қайси ёшда касалликлар одамга кўпроқ «ёпишади»?
(last modified Sun, 13 Oct 2019 09:51:13 GMT )
октябр 13, 2019 14:51 Asia/Tashkent
  • Қайси ёшда касалликлар одамга кўпроқ «ёпишади»?

Кўпчилик энг хавфли ёш кексалик деб ўйлайди: одамда ҳар хил касалликлар келиб чиқаверади. Аслида бундай эмас. «Рамблер» қачон қайси касалликлардан сақланиш кераклигини маълум қилди. 

Аслида ёшга оид жадал ўзгаришлар 30 — 40 ёшларда бошланади. Аксарият вазиятларда айнан шу даврда сурункали дардлар зўраяди ва тананинг турли тизимларида ўзгаришлар содир бўлади.

Жигар хасталиклари

Мазкур аъзо саломатлигимизни қўллаб-қувватлаб туради. Одамлар ёшликда овқатланишга унчалик аҳамият бермаслиги сабаб жигар тез-тез зўриқишларга дуч келади. Мўл-кўл трансёғлар ва алкоголь эрта ёшда хавфли касалликларга пойдевор қўяди.

Қандли диабет

Бу касаллик ёшга қараб ўтирмайди. Бироқ, статистикага кўра, биринчи тип диабет кўпинча 30 ёшгача бўлган одамларда ривожланади. Иккинчи типи эса 40 ёшдан сўнг намоён бўлади. Ривожланган давлатларда қандли диабет билан оғриётганлар сони ҳар 15 йилда икки баравар кўпаяди.

Гипертония

Охирги пайтларда 30 ёшдан сал ошган одамлар орасида гипертониядан қийналаётганлар сони кўпайган. Сўнгги 10 йилда юқори қон босимидан азият чекаётганлар сони 2-3 баравар ошди. Юрак хуружи эркакларда 30 — 35 ёшда авжига чиқади. Аёлларда эса статистика бундан ҳам қўрқинчлироқ. Гап шундаки, нозик жинс вакилларида юрак касалликлари ҳеч бир аломатсиз кечади. Шу боис улардаги касалликларни аниқлаб, даволаш қийинроқ бўлади.