Олимлар илк маротаба саратон геноми кодларини ўқишга муваффақ бўлишди
(last modified Sat, 08 Feb 2020 09:03:47 GMT )
феврал 08, 2020 14:03 Asia/Tashkent
  • Олимлар илк маротаба саратон геноми кодларини ўқишга муваффақ бўлишди

Илк бор халқаро олимлар жамоаси саратон касаллигининг ривожланишига олиб келадиган ДНК мутацияларининг тўлиқ каталогини тузиб, 38 турдаги саратон ҳужайраларининг генетик маълумотларини "ўқий олишди”.

Саратоннинг барча турлари геномининг таҳлилига бағишланган тадқиқотлар (PCAWG) 10 йилда амалга оширилди. Тадқиқотга 37 мамлакатдан келган 1300 дан ортиқ генетиклар иштирок этди.

Натижалар 6 феврал куни бир вақтнинг ўзида ўнлаб илмий журналларда чоп этилди.

Олимларнинг сўзларига кўра, саратоннинг сабабларини 100 мингта ўзгарувчиси бўлган масалага қиёсласа бўлади.

"Ўсимталарнинг келиб чиқиши ва ривожланиши тўғрисида тўпланган маълумотлар ёрдамида биз саратон касаллигини эрта ташхис қилиш учун янги усулларни ишлаб чиқишимиз, кўпроқ мақсадли ва муваффақиятли даволашимиз мумкин", деди PCAWG бошқарув қўмитаси аъзоси Линколн Штайн.