Коронавирусга чалинишда тромбоз юзага келиш хавфини камайтириш йўллари маълум қилинди
(last modified Wed, 03 Jun 2020 09:00:22 GMT )
июн 03, 2020 14:00 Asia/Tashkent
  • Коронавирусга чалинишда тромбоз юзага келиш хавфини камайтириш йўллари маълум қилинди

Коронавирусга чалинишнинг асоратларидан бири қоннинг ивувчанлиги бузилиши ва тромблар ҳосил бўлиши билан боғланган. Британиялик мутахассис бунинг олдини қандай олиш мумкинлиги бўйича тавсиялар берди.

Британиянинг соғлиқни сақлаш миллий хизмати (NHS) мутахассиси, профессор Беверли Хантнинг таъкидлашича, коронавирусга чалинган оғир беморларда қон жуда қуюқ бўлади, бу эса чуқур веналар тромбози авж олишига олиб келади. 

Қон қуйқалари қон таъминотини тўсиб қўйиши билан ҳам хавфлидир. Коронавирусга чалинганларда бундай вазиятда биринчи навбатда ўпка азият чекади.

Тромбоз коронавируснинг иккиламчи таъсири ҳисобланади. Қон томирлари ичида тромблар ҳосил бўлиши хавфини камайтириш учун коронавирусга эҳтимолий чалинишгача бир қатор чоралар қабул қилиш лозим. 

“Ўзини изоляциялаш вақтида одамлар кам ҳаракат қиладилар. Бу эса ёмон. Агар сиз уйдан ишласангиз, ҳар соат жойингиздан туриб, ҳаракатланишингиз лозим. Сиз шу тариқа тромблар ҳосил бўлиши хавфини камайтирасиз. Ҳаракатчан бўлиб қолиш муҳимдир. Бундан ташқари, яхши овқатланиб, етарлича миқдорда суюқлик ичиш лозим. Чунки, сувсизланиш қон қуйқалари ҳосил бўлиши хавфи омили ҳисобланади”, деб тушунтирган мутахассис.

Тадқиқотчилар коронавирусга чалинганларнинг кўпчилиги нафақат нафас йўлларидаги бузилишлардан азият чекишлари, балки ҳид билиш қобилиятини йўқотишлари, овқат ҳазм қилишдаги ва қон тизимидаги бошқа муаммоларни бошдан ўтказишларини айнан тромбоз билан тушунтиришмоқда. 

Тромблар бошқа асоратлар каби инсон иммун тизимининг коронавирусга ҳаддан зиёд кучли жавоби сабабли ҳосил бўлади. Кўплаб беморларда тромбоз жадал ривожланади. Қон қуйқалари оёқ веналарида ҳосил бўлиб тромбофлебитга, мия қон томирларида ҳосил бўлиб инсултга, юракдаги коронар қон айланиши тизимида ҳосил бўлиб инфарктга, ичакда ҳосил бўлиб ишемияга  олиб келади.