АҚШ эпидемиологлари коронавируснинг олти хил тури дунё бўйлаб тарқалаётганини аниқлашди
Пенсильвания университети доценти Пол Плэнет раҳбарлигидаги АҚШ эпидемиологлари дунё миқёсида COVID-19’га сабаб бўладиган коронавируснинг 6 хил тури тарқалаётганини аниқлади ва бу ҳақдаги ҳисобот bioRxiv нашрида эълон қилинган.
Тадқиқотлар давомида олимлар томонидан дунёнинг турли ҳудудларидаги коронавирус намуналарининг 10,4 мингдан зиёд тузилмаси ўрганилган.
Аниқланишича, CC256 ва CC258 гуруҳи вируслари, асосан, АҚШда, CC70 ва CC225 гуруҳи вируслари Европада, CC300 гуруҳи коронавируси Жанубий Америкада ҳам учраб турибди.
Плэнет ва унинг ҳамкасблари таҳлиллар орқали эпидемия давомида деярли ўзгармаган вирус тузилмаларини очишга муваффақ бўлган.
Олимларнинг фикрича, улар SARS-CoV-2 коронавирусини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тузилмаларни ўрганиш COVID-19’га қарши дори ёки вакцина ишлаб чиқаришда асқотади.