БССТ коронавирусни даволашда катта "илмий ютуқ" ҳақида хабар қилди
Британия олимлари 60 йил олдин яратилган дорининг коронавирусни даволашда самарали эканини аниқлашди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус COVID-19ни даволашда эришилган катта "илмий ютуқ" ҳақида гапириб берди.
Хусусан, Гебрейесус Буюк Британиядаги коронавирусни даволашда дексаметазон стероиди билан ўтказилган клиник тадқиқотлар натижаларини юқори баҳолади.
"Бу COVID-19 билан касалланган, қўшимча кислород ёки сунъий нафас олишга муҳтож бўлган беморларнинг ўлим даражасини пасайтиришда яхши натижа кўрсатган биринчи дори ", - деди Гебрейесус ва илмий иш натижаларини "ажойиб янгилик" деб атади.
Оксфордда ўтказилган тадқиқотлар дексаметазон сунъий нафас олаётган беъморлар орасида ўлим даражасини 35 %га, қўшимча кислородга муҳтож бўлган беморлар орасида - 20 %га камайтириши аниқланган. Синов давомида 2104 бемор ўн кун давомида кунига 6 миллиграммдан ушбу препаратни қабул қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, агар кашфиёт олдинроқ амалга оширилса, мамлакатда беш мингга яқин одам ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди.
Дексаметазон дориси инсониятга 60 йилдан бери маълум ва яллиғланишга қарши восита сифатида ишлатилади. Бу кўп қиммат дори эмас. Британияда бир қутиси 5 фунт туради.
Оксфорддаги кашфиётни Миср ҳам шарҳлади. Мисрнинг Коронавирус илмий қўмитаси раҳбари Хуссам Ҳоснининг сўзларига кўра, Миср дексаметазон ёрдамида COVID-19 ни даволашда олдиндан фойдаланиб келган ва ижобий натижаларга эришган.
"Буюк Британия ушбу дори-дармонни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга муваффақ бўлди, гарчи Миср бундан олдин ҳам ундан фойдаланган бўлса", - деди Ҳусни Сада ал-Балад эфирда.
Унинг сўзларига кўра, препарат коронавирус билан оғриган беморларни ўртача ва оғир босқичларда даволаш учун ишлатилади. Бироқ, дориларни фақат шифокорлар назорати остида касалхоналарда фойдаланиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда дунё миқёсида коронавирусга чалинганлар 8 млн нафардан ошган, 434 мингдан ортиқ одам вафот этган.