Олимлар коронавирусга қарши нанотана яратди
(last modified Tue, 18 Aug 2020 08:20:37 GMT )
август 18, 2020 13:20 Asia/Tashkent
  • Олимлар коронавирусга қарши нанотана яратди

50 нафар олимдан иборат гуруҳ COVID-19’га қарши курашда аэрозол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган сунъий молекулани яратди. Молекула лама, туя ҳамда алпакада аниқланган антитаналар асосида яратилган, деб ёзади Vice.

Тадқиқотчилар ихтироси AeroNabс номини олган. Лойиҳа устида бир нечта лаборатория иш олиб борган, хусусан, Сан-Францискодаги Калифорния университети ва Американинг бошқа тадқиқот марказлари, шунингдек, Франциядаги лабораториялар.

Олимлар ўз мақоласида AeroNabс COVID-19’га қарши курашда ёрдам бериши, SARS-CoV-2 вирусининг ҳужайраларга ёпишишининг олдини олиши ҳақида ёзган. Олимларнинг фикрича, бундан инфекция профилактикаси ёки дастлабки босқичларда терапевтик восита сифатида фойдаланиш мумкин. Молекулалар вируснинг инсон организмида кўпайишига йўл қўймайди.

«Ўзаро таъсирнинг бузилиши вирус кириб боришини кучли нейтраллаштириб, вакцина ва терапевтик антитана ривожланиш йўлини таъминлайди», — дейилади мақолада. Эътиборли жиҳати, AeroNabс таъсиридаги вирус бошқа одамга юқмайди, чунки у сунъий зарралар билан боғланган бўлади. Ҳозирча AeroNabс клиник синовлардан ўтиб бўлмагани сабаб унинг пандемияда қанчалик самара бериши номаълум.

Аввалроқ америкалик биолог коронавирусга иммунитет борасида «ижобий ва салбий» хулосаларни, германиялик олимлар коронавирусга антитаналар вақт ўтиши билан камайишини, бу одамларнинг қайта касалланиши мумкинлигини англатишини маълум қилганди.