Олимлар коронавирус музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши мумкинлигини маълум қилди
(last modified Sat, 22 Aug 2020 07:06:17 GMT )
август 22, 2020 12:06 Asia/Tashkent
  • Олимлар коронавирус музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши мумкинлигини маълум қилди

Хитой, Вьетнам ва Осиё—Тинч океани минтақасидаги бошқа давлатларда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг ортишига музлатилган маҳсулотлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Сингапур Миллий университети профессори Дейл Фишер бошчилигидаги тиббиёт ходимлари гуруҳи томонидан эълон қилинган тадқиқот натижаларида сўз боради.

Тажрибалар шуни кўрсатганки, коронавирус зарралари музлатилган маҳсулотлар сақланадиган ва ташиладиган одатдаги ҳарорат ҳамда давр оралиғида яшай олади.

«Чўчқа, товуқ гўштлари ва форелга қўшган вирус зарраларимиз уч ҳафта давомида ўлмади», — дейилади мақолада.

Олимлар уч ҳафта давомида -20 даража Цельсийдан -80 даражагача бўлган ҳолатда музлатилган маҳсулот юзасида вируснинг қанчаси тирик қолишини кузатиб борган. Бу вақтда давомида маҳсулотларни сақлашнинг барча шароитларида вируснинг деярли ҳамма зарраси тирик қолган.

Сингапурлик олимларнинг ҳисоблашича, буни нафақат озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар, балки назорат органлари ҳам ҳисобга олиши керак. Амалдорлар вируснинг музлатилган маҳсулотлар орқали тарқалишини кузатувчи доимий тартибларни ишлаб чиқишлари лозим бўлади.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тарқалишини исботловчи далиллар йўқлигини маълум қилганди.