Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали Ҳиндистон товарлари Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда
(last modified Wed, 21 Aug 2024 08:15:00 GMT )
август 21, 2024 13:15 Asia/Tashkent
  • Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали Ҳиндистон товарлари Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда
    Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали Ҳиндистон товарлари Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда

Ҳиндистон портларидаги контейнерларни Ўзбекистонга ташишда янги мультимодал йўналиш очилди.

Аниқ сайтининг хабар қилишича, синов ташувлари муваффақиятли бўлди: товарлар Ҳиндистондан аввал Эроннинг Бандар-Аббос портига, у ердан эса Туркманистон орқали Сергели станциясига етказилди. Бунинг учун 20 кун керак бўлди.

Ҳиндистон ва Ўзбекистонни Эрон орқали боғловчи янги мультимодал йўналишда контейнер ташувлари йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлконтейнер» матбуот хизмати маълум қилди.

Ёзилишича, Ҳиндистоннинг Мундра, Нҳава Шева ва Ченнай портларидан Ўзбекистонга янги мультимодал йўналишда контейнер ташувлари муваффақиятли ташкил этилган.

Хабарга кўра, синов тариқасида амалга оширилган ташувлар Ҳиндистондан Эроннинг Бандар-Аббос портига денгиз орқали олиб борилган. Шундан сўнг портдан Сергели станциясига қадар темирйўл транспортида олиб келинган.

Бунда контейнерлар Бандар-Аббосдан Сарахс станциясига қадар Эрон платформаларида ташилса, у ердан Тошкентга Туркманистон орқали «Ўзбекистон темир йўллари»га қарашли платформаларга қайта юкланган ҳолда етказилади.

20 та 20 футлик контейнерлардан ташкил топган юк поезди умумий темирйўл узунлиги 2673 км бўлган масофани 20 кунда босиб ўтди. Келгусида ташиш муддатини 15 кунга қисқартириш режалаштирилган.

Ёрлиқ