Коронавирусдан тузалган беморлар вакцина олиши шартми?
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева коронавирус билан оғриб тузалган беморлар вакцина олишлари зарурлиги борасидаги саволга жавоб бериб ўтди.
«Баъзи илмий текширувлар шуни кўрсатадики, коронавирус билан оғриб тузалган беморлар вакцина олиши шарт эмас. Касалликдан тузалганларда қонда антитана мавжудлигини текшириш лозим. Агар COVID-19’га қарши антитана мавжуд бўлса, бу ҳолатда вакцинация ўтказиш зарур бўлмайди», — дейди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, июль ойининг охирида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов ва Sinopharm Group компанияси раҳбари Лю Сзинчжен билан бўлиб ўтган учрашувда вакцина клиник синовларнинг учинчи фазасини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи кўтарилган. Шунингдек, август ойининг бошида Хитой Фанлар академияси ва Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари учинчи босқичи Ўзбекистонда ҳам бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган.
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов коронавирусга қарши антитанани аниқлашда энг информатив тест бу ИХЛА усулидаги тест эканлигини маълум қилган. Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморларга унинг бошқа турларидан ҳимояланиш тавсия этилган эди.