Мандарин истеъмол қилинганда организмда қандай ўзгаришлар юз беради?
Мандариннинг келиб чиқиши Хитойга бориб тақалади. 1178 йилдаги қўлёзмалардан бирида унинг 27 хил нави тавсифланган. Кўплаб мамлакатларда танжерин номи билан ҳам аталадиган мазкур меванинг фойдали хусусиятлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Витаминга бой
Бир дона мандаринда кундалик меъёр ҳисобланган C витамининг 31 фоизи бўлади. Шунингдек B гуруҳи витаминлари, А провитамини ҳамда P, K витаминлари мўл бўлибгина қолмай, аскорбинка ва минералланган тузларни ҳам ўз ичига олади. Мандарин касаллик келтириб чиқарувчи бактериялар билан табиий антибиотиклар каби курашиш хусусиятига эга бўлган фитонцид моддасига ҳам бой саналади. Шу сабаб ҳам ундан тайёрланган шарбат юқори ҳарорат ва шамоллашда яхши самара беради. Айниқса, чекувчилар учун долзарб бўлган ўпкани тозалаш хусусиятига ҳам эга.
Оздиради
Атиги 37 калорияни ичига оладиган ушбу мева қомат учун хавфли эмас. Маълумотларга қараганда, у ёғларни эритгани сабаб ҳам спортчилар унинг ёрдамидан фойдаланади.
Терига фойдаси
Пилинг ёки массажда ҳам фойдаланадиган мандарин тана парвариши учун самарали. Унинг пўстидан тайёрланган ёғ исталган ёшдаги киши ва тери учун фойдали. Ёшга хос бўлган ҳуснбузар тошиши ва ажинлар билан курашишда ҳам яхши натижа беради. Ундан тайёрланган экстрактнинг бир неча томчиси терининг тикланиши, селюллитда ёрдам беради. Бунинг учун 3-5 томчи мандарин ёғига 1 ош қошиқ туз ва илиқ сув қўшиш керак.
Таркибидаги В12 витамини соч тўкилишини камайтиради, оқ тушишини секинлаштиради. Шунингдек, соч ўсиши учун фойдали бўлган C витаминининг кони. Унинг таъсирини янада кўпайтириш учун уни салатга, соус ва балиқ ҳамда товуқли таомларга қўшиш тавсия қилинади. Мандаринлар бошқа цитрус мевалар сингари нитратни ичига олмайди.
Мандаринни кўринишига қараб унинг мазали қандайлигини аниқласа бўлади. Ўрта катталикдаги япалоқ вариант нордон бўлади ҳамда унинг данаги бўлмайди. Катта ва пўсти қалинлари нордон-ширин. Энг ширин ва сувли вариант майда ҳамда оловранг бўлади. Айнан шуниси узоқ муддат тахминан бир ой давомида сақлаш мумкин.
Депрессияни даволашнинг замонавий усулларига кўра, хушбўй ифор ҳам бу борада яхши самара беради ва шу сабаб шундай таомлар истеъмол қилиш тавсия қилинади. Мандариндан тайёрланган эфир ёғи эса депрессия, уйқусизлик ҳамда ёмон кайфиятда айни муддао.
Мандарин фен-шуй фалсафасида муҳим роль ўйнайди. Мандарин дарахти бойлик рамзи ҳисобланади. Шунингдек, ушбу таълимотга кўра мандарин ёмон энергияни йўқ қилади.