Организм учун селен моддасининг фойдаси нимада?
Унчалик ҳам аҳамиятга эга бўлмагандек туюладиган селен моддаси тана учун энг муҳим элементлардан бири ҳисобланади. У антиоксидант моддаларни синтез қилишда фаол иштирок этади.
Антиоксидантлар танага эркин радикаллар билан курашиш, яллиғланиш реакцияларини тўхтатиш, қариш жараёнини олдини олиш ва ультрабинафша нурларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Селен юрак-қон томир тизими учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кўпгина ҳолларда юрак ишемик касаллиги қонда селен миқдори паст бўлган одамларда пайдо бўлиши исботланган. Бундан ташқари, селен бир қанча юрак касалликларини келтириб чиқарадиган яллиғланиш жараёнларини тўхтата олади. Шунингдек, у тромблар пайдо бўлишини бартараф этади ва қон томирлари деворларини мустаҳкамлайди.
Ўтган йиллар мобайнида селенга бўлган қизиқиш унинг иммунитет тизимини мустаҳкамлаш хусусияти туфайли бир неча бор ошди. Селен етишмаслиги туфайли организмда иммунитет реакцияси сусаяди ва вирусларнинг ҳужумига дош бера олмайди. Натижада касал бўлиш кузатилади. Селен иммуноглобулин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради ва организмни вирус ҳамда касаллик қўзғатувчи бактериядан ҳимоя қилади.
Танадаги селен миқдори – қалқонсимон без учун муҳимдир. Ушбу орган модда алмашинувини меъёрлаштириш, ички органлар фаолиятини яхшилаш гормонлар даражасини тартибга солиш каби бир қатор ҳаётий вазифаларни бажаради. Сурункали селен етишмовчилиги билан Хашимото триодити ривожланиши мумкин. Ушбу касаллик − қалқонсимон без ҳужайрларига ҳужум қила бошлайди, бу эса унинг зарарланишига олиб келади. Мазкур касаллик жуда хавфли бўлиб, бир қатор нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунингдек, селен моддаси асаб тизимининг саломатлигини сақлашда муҳим рол ўйнайди. Бу когнитив функцияни нормаллаштиради. Хотира ва диққатни жамлашни яхшилайди. Танадаги етарли миқдордаги селен инсонни Альцгеймер ва ёш билан боғлиқ бўлган бошқа касалликлардан ҳимоя қилади.
Хўш, селен қандай маҳсулотлар таркибида бўлиши мумкин? Бразилия ёнғоқлари, товуқ филеси, тухум, гречка, зиғир уруғлари ва шиитаке қўзиқоринлари селенга бой ҳисобланади. Агар парҳез билан боғлиқ муаммолар бўлса, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда селенга бой махсус дори воситаларини қабул қилиш мумкин.