Январ 28, 2021 11:10 Asia/Tashkent
  • Хотира ёмонлашишининг 8 сабаби

Инсон ўзига хос бўлмаган унутувчанликни сезса, қариндош ва дўстлар исмини адаштириб қўйса, дарҳол керакли сўзни топа олмаса, автобус рақамини ёдидан чиқарса, энг аввал нима ҳақида ўйлаши керак? Стресс, чарчоқ ёки хотира сусайишими?

Хотиранинг вақтинча бўлса ҳам сусайиши жиддий аломатдир, аммо доим ҳам бу деменсия касаллигини билдирмайди. Лекин бундан хотиржамликка берилиш керак эмас, аксинча шифокорга мурожаат қилиш керак.

Анемия

Қонда гемоглобин даражаси қанча паст бўлса, мияга шунча кам кислород боради ва ўзининг вазифаларини уддалаш шунча қийин бўлади. Агар беморга анемия ташхиси қўйилган бўлса, албатта, гемоглобин миқдорини кузатиб бориш керак. Борди-ю унинг даражаси тушиб кетса, хотира бузилиши вақти келганидан огоҳлантиради. Агар илгари анемия касаллиги бошдан кечирилмаган бўлса, умумий қон текширувидан ўтиш ва гемоглобин даражасига эътибор бериш керак. Агар у 120 г/л дан паст бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Яллиғланиш жараёни

Ҳар қандай яллиғланиш муқаррар равишда заҳарланишни келтириб чиқаради. У қанчалик кучли бўлса, оддий ҳаракатларни амалга ошириш шунча қийин кечади. Айниқса, гриппга чалинган ёки оғир ОРВИ билан касалланган киши буни ҳис этиб кўрган. Бундай вақтда илгари қийинчиликсиз амалга оширилган вазифалар эндиликда ғайритабиий ҳаракатларни талаб қилади. Бунинг учун умумий қон тести ўтказилади, лейкоцитлар ҳамда эритроцитларнинг чўкинди даражаси аниқланади. Агар уларнинг даражаси юқори бўлса, организмда яллиғланиш жараёни содир бўлади. Бундай вазиятда вақтни бой бермасдан, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Қалқонсимон без касалликлари

Қалқонсимон безнинг энг кенг тарқалган икки касаллиги – гипотиреоз ва гипертиреоз бўлиб, иккиси ҳам хотирага салбий таъсир ўтказади. Гипотиреозда қалқонсимон без организм эҳтиёжидан кам бўлган гормонлар ишлаб чиқарганда моддалар алмашинуви жараёни секинлашади. Натижада беморда депрессияга ўхшаш ҳолат юз беради, бу эса бошқа нарсалар қатори хотиранинг заифлашиши билан бирга кузатилади. Агар жуда кўп гормонлар ишлаб чиқарилса, гипертиреоз, асаб тизими, асаб ҳужайралари сусаяди, бирор маълумотни хотирада сақлаб қолиш қобилияти пасаяди.

Бу вазиятда эндокринолог кўригидан ўтиш, қалқонсимон без ҳолатини текшириш, тегишли гормонлар бўйича текширув олиб боришни ортга сурмаслик зарур. Ҳеч бўлмаганда йилига бир маротаба буни амалга ошириш керак. Айниқса, ёд ва қуёш нурлари етишмайдиган минтақаларда яшовчи инсонларга кўпроқ тавсия этилади.

Гипертония ва гипотония

Қон босими 130/90 дан юқори ва 110/70 дан кам инсонлар диққатни жамлаш ва хотирадагиларни қайта ишлаш қобилияти ҳақида шикоят қилиши табиий ҳол. Босимнинг ошиши билан томирлар торайиб, мияни етарли даражада қон билан таъминлай олмайди, шунингдек, кислороднинг етиб бориши ҳам қийинлашади. Шунинг учун қон босимини назорат қилиш, айниқса, 40 ёшдан ошганлар учун жуда муҳим.

Қандли диабет

Нерв ҳужайралари учун асосий энергия манбайи – глюкоза ҳисобланади. Қандли диабет туфайли қонда унинг миқдори жуда кўпаяди, аммо инсулинга чидамлилиги ошгани сабабли ҳужайрага кира олмайди. Мия эса оч ҳолда яшашга мажбур бўлади. Агар хотира ғайритабиий равишда бузилган бўлса, шунингдек, заифлик, доимий чанқоқ ва ҳожатхонага боришга кўпроқ эҳтиёж сезилса, кечикмасдан қонда глюкоза миқдорини текширтириш керак. Қандли диабет хотира касаллигининг ривожланиш хавфини жиддий равишда оширадиган касалликдан бири ҳисобланади.

Сувсизланиш

Агар уйқу вақтида, жисмоний фаолликда ёки оддийгина модда алмашинуви жараёнларида йўқотиладиган сув миқдори ҳар куни тўлдирилмаса, тана том маънода сувсизланиб қолади. Мия бу ҳолатда нормал ишлаши мумкинми? Шунинг учун ҳам тез-тез сув ичиш тавсия этилади.

Токсоплазмоз

Уй ҳайвонлари билан ишлашда гигиенага риоя қилинмаса, юқтириш мумкин бўлган хавфли касалликлар мавжуд. Токсоплазма томонидан чиқарилган нейротоксин асаб ҳужайраларига салбий таъсир қилади. Натижада хотира сусаяди. Шунинг учун кўриклардан мунтазам ўтиш тавсия этилади.

Герпес

Ушбу вирус ҳаракатсиз босқичда бўлса ҳам, хавфли саналади. Вирус ДНК нейронларида ухлайди ва маълум шароитлардагина уларнинг фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Шундай қилиб, агар герпес пайдо бўлса, хотиранинг тўсатдан бузилиши инфекциянинг қайта тикланганини аниқлаш учун яхши сабабдир. Айниқса, яқин орадан кучли стресс юз берган бўлса, буни тезроқ амалга ошириш керак.

Ёрлиқ