Бош нимага оғрийди ва қачон қон таҳлили топшириш керак?
Мутахассислар бош оғриғи мунтазам равишда безовта қилганда қондаги гомоцистеин миқдорини текширтириш кераклигини маълум қилади. Қон плазмасининг аминокислотаси бўлган гомоцистеин одам организмида ишлаб чиқарилади.
Унинг миқдори кўпайганда мигрен сингари такрорланадиган аммо симптомсиз оғриқ кузатилади. Бу вақтда одам бошида қандайдир зўриқиш борлигини тушунмайди ёки ҳис қилмайди, лекин ўзини тутишида ўзгариш кузатилади ва жиззаки бўлиб қолади. Шифокорлар айниқса, ҳомиладор аёллар учун гомоцистеин миқдори ошиши хавфли эканини айтади. Бу миқдорнинг 17-19 гача кўтарилиши турли асоратлар, жумладан, презклампсия, ҳомиланинг хавф остида бўлиши ва неврологик муаммоларга олиб келади.
Шу сабаб ҳам ҳомиладор аёлларга гомоцистеинга қон таҳлили ва генетик таҳлил топшириш айтилади. Гомоцистеин миқдорининг кўпайганидан фарзандли бўла олмайдиган аёлларда турли муаммолар: бош оғриғи , қон босимининг сусайиши кузатилади.
Шунингдек, анемия, артрит, алсгеймер касаллиги, остеопоз, атеросклероз ва ҳатто, шизофрения ривожланиши ҳам гипергомоцистеин билан боғлиқлиги айтилади. Унинг ошиши, шунингдек, ошқозонда муаммолар ва инсультга ҳам олиб келиши мумкин.
Ниманинг ҳисобига қондаги миқдори кўпаяди?
Асосан метаболизмда муаммо кузатилиши, аксарият ҳолларда буйраклар фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ. Чекиш, қаҳва ва спиртли ичимликларга ружу қўйиш, кўп ўтириб ишлаш ва аутоиммун касалликлар ҳам гипергомоцистеинемия ривожланишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, B гуруҳи витаминларининг етишмаслиги ҳам сабаб бўлади.
Келиб чиқиш сабаблари турли экани туфайли бир препаратнинг ўзи билан муаммога ечим топиб бўлмайди. Уни даволаш учун аниқ сабабини билиш лозим. Гомоцистеннинг ошиши генетик текширув ўтказиш кераклигига ҳам ишора қилиши мумкин.
Пайларнинг бўшаши, суякларнинг мўртлашиши, кўриш қобилиятининг сусайиши ва доимий жиззакилик унга хос симптом саналади.
Ўсмирлик пайтида гомоцистенурия ошганда бош оғриши ва жиззакиликдан ташқари депрессия ва психоз хуружлари кузатилади. Бу вақтда муаммони бартараф қилиш учун қондаги гомоцистеин миқдорини камайтириш ва меъёрда ушлаш керак бўлади. Ўзингизда гомоцистинурин борлигини билганингиздан кейин фарзандингизни ҳам текшириб кўришни унутмаслик керак.
Ҳаёт даражасини қандай қилиб яхшилаш мумкин?
Метаболизм ҳамда гомоцистеиндаги муаммо ген билан боғлиқ бўладиган бўлса уни даволаб бўлмайди. Бошқа ҳолатларда эса шифокорлар организмдаги муаммо айнан қайси витамин билан боғлиқлигига қараб даво чорасини ёзиб беради. Шунингдек, спорт ва рақс билан шуғулланмаслик тавсия қилинади. Жисмоний зўриқиш салбий таъсир қилгани сабаб ортиқча ҳаракатланмаслик керак. Гўшт оқсилларидан чекланиш керак бўлади. Гўшт, балиқ, творог, тухум, пишлоқ каби маҳсулотлардан тийилиш керак. Ўсимлик оқсилларига бой маҳсулотлар эса аксинча, зарур ҳисобланади. Нўхат, ловия, соя маҳсулотлари парҳездаги одам учун воз кечилган гўшт ўрнини босади ва киши ўзини яхши ҳис қилишига ҳисса қўшади.