Юрак етишмовчилигидан дарак берувчи 6 симптом
(last modified Thu, 18 Feb 2021 06:34:03 GMT )
феврал 18, 2021 11:34 Asia/Tashkent
  • Юрак етишмовчилигидан дарак берувчи 6 симптом

Юрак касалликлари эрта ўлимга олиб келадиган сабаблар орасида етакчилик қилади. Шу сабабдан ҳам унинг ривожланаётганидан дарак берадиган симптомлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ва вақтида олдини олиш керак.

Нафас қисиши

Юрак етишмовчилигида ички аъзоларнинг қон билан таъминланиши ва ишлаши қийинлашади. Бу эса ўпкаларга ҳам таъсир этади ва оддий ҳаракатлар бажарилганда ҳам нафас қисиши, ҳансираш кузатилади. Агар сизда бу каби симптом кузатиладиган бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг.

Шишлар

Юрак етишмовчилигида буйрак фаолияти ҳам ёмонлашади — туз ва суюқликни «утилизациялаш»ни эплолмагани сабаб оёқ соҳасида шишлар кузатила бошлайди. Пойабзал оёқни қисишни бошлаши ва терида резинка излари пайдо бўладиган бўлса, кардиологга мурожаат қилинг.

Йўтал ва ўпка хириллаши

Айниқса, ётганда авж оладиган йўтал эътибордан четда қолмаслиги керак бўлган жиддий симптом ҳисобланади. Гап шундаки, юрак етишмовчилиги кузатилганда баъзида ўпкага суюқлик тўпланиб, шиш ва ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Чарчоқ

Зинапоядан чиққандан кейин бош айланиши, оддий уй юмушларидан кейин чарчоқ ҳис қилинганда мазкур симптомларни ёш ўтиши ёки зўриқиш билан боғлиқ табиий ҳол, деб ўйлаб, бееътибор бўлманг. Етишмовчиликда юрак қон етказиб беришда қийналади ва ҳаёт учун муҳим бўлган аъзоларни мушаклар ҳисобидан таъминлашга уринади. Шу сабаб тез чарчаб қолиш сезилади. Олдингидан кўра кундалик вазифаларни бажаришда тез чарчаб қолишни сезсангиз, кардиологга мурожаат қилинг.

Ҳазм қилишда муаммолар

Иштаҳа сусайиши, кўнгил айниши ва ошқозондаги муаммолар, ҳазм аъзоларининг етарлича қон билан таъминланмаётганидан дарак бериши мумкин. Бу эса ривожланаётган юрак етишмовчилигининг белгиси.

Пулснинг тезлашиши

Пулс частотаси, юрак қон-томир тизимининг саломатлиги учун назорат қилиб турилиши керак бўлган энг муҳим уч параметрдан бири ҳисобланади. Пулснинг доимий тезлиги юрак зўриқишни бошдан кечираётгани ва ёрдамга муҳтожлигини билдиради.

Ёрлиқ