Қандли диабетга чалинганлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берадиган тавсиялар
Қандли диабет – бу ҳаёт сифатига ва унинг давомийлигига сезиларли таъсир кўрсатадиган касалликдир. Агар ушбу касалликнинг ташхиси қўйилган бўлса, вазнни назорат қилиш, углеводларни ҳисоблаш ва шакар миқдорини кузатиб бориш керак.
Шунингдек, саломатликни яхшилаб ҳимоялаш учун бир қанча одатларни амалга ошириш лозим. Улар хавфли асоратларни камайтиришга ва ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Гриппга қарши эмлаш
Юқумли касалликлар айниқса, иккинчи тоифали қандли диабет касаллигига чалинган беморлар учун жуда хавфлидир. Бундан ташқари, диабетга чалинган беморларга бошқаларга қараганда грипп тезроқ юқади. Шунинг учун ҳар йили гриппга қарши эмланиш, шунингдек, вирусли касалликлар хавфи юқори бўлган мавсумда профилактика чораларини кўриш керак.
Офтальмолог текширувдан ўтиш
Қандли диабет катталар орасида кўриш қобилиятининг асосий сабабидир. Ҳар йили кўз саломатлигини тўлиқ текширувдан ўтказиш ҳам кўриш қобилиятининг бузилишининг олдини олиши мумкин. Шунингдек, қанд касали макула шишиши, катаракта, глаукома хавфини оширади. Мунтазам равишда офтальмологга мурожаат қилиш орқали касалликнинг илк босқичида аниқлаш мумкин.
Спорт билан шуғулланиш
Қондаги шакар миқдори, шу жумладан, қандли диабетни тартибга солишнинг энг самарали усулларидан бири – бу мунтазам машқлардир. Шифокорлар кунига камида 30 дақиқани пиёда юриш, сузиш ёки югуришга бағишлашни тавсия этади. Доимий аэроб машқлардан ташқари ҳафтада икки марта куч-қувват машқларини ўтказиб туриш керак.
Клетчаткага бой маҳсулотлар истеъмол қилиш
Кунига камида 50 грамм клетчаткага бой маҳсулот истеъмол қиладиган одамларнинг қонида шакар меъёрида бўлади ва унинг ортиб кетиш эҳтимоли кам. Шунингдек, улар тўқлик ҳиссини бериб, углеводларнинг сингишини секинлаштиради.
Буйрак саломатлигини назорат қилиш
Агар шакар миқдори узоқ вақт давомида меъёридан ортиқ бўлса, бу буйракларни ортиқча зўриқтиради. Уларнинг янада фаол иши туфайли маълум бир оқсил фаол равишда синтез қилинади. Натижада буйрак етишмовчилиги хавфини оширади. Қандли диабетнинг иккинчи тоифаси аниқланган беморлар камида йилига бир марта пешобдаги гломеруляр фильтрация даражаси ва альбуминни билиш учун скрининг текширувидан ўтиши керак. Бундан ташқари, қон босими даражасини назорат қилиш ҳам жуда муҳим.
Инсулиннинг муддатини назорат қилиш
Муддати ўтган ёки тугаётган инсулин самараси анча паст бўлиб, ундан фойдаланиш соғлиққа жиддий хавф туғдириши мумкин. Нафақат препаратнинг яроқлилик муддатига, балки очилгандан кейинги муддатга ҳам эътибор бериш зарур. Ҳар қандай вазиятда ҳам муддати ўтган инсулиндан фойдаланиш тақиқланади.
Оёқлар ҳолатини кузатиш
Қандли диабетнинг иккинчи тоифасига чалинган беморларнинг 15 фоизи оёқ ярасини ривожлантиради. Афсуски, ушбу касаллик туфайли сезгирлик камаяди. Шунинг учун беморлар пайдо бўлган касалликни сезмайди. Мунтазам равишда ортопед билан маслаҳатлашиш, оёқда яра ва бошқа касалликлар пайдо бўлмаслиги учун қулай пойабзал кийиш тавсия этилади.