Дунёда диабет билан касалланганлар 40 йил ичида тўрт баробар кўпайди
(last modified Sat, 17 Apr 2021 05:31:30 GMT )
апрел 17, 2021 10:31 Asia/Tashkent
  • Дунёда диабет билан касалланганлар 40 йил ичида тўрт баробар кўпайди

Дунёда диабетдан азият чекаётганлар сони охирги 40 йилда тўрт баробарга кўпайди. Шифохоналарда коронавирусдан даволанаётган оғир аҳволдаги беморларнинг катта қисми диабет билан оғрийди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилот (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесусга таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

«Қандли диабет билан курашиш учун шошилинч чоралар кўриш зарурати ҳар қачонгидан ҳам аниқроқ. Охирги 40 йилда қандли диабет билан оғриган беморлар сони тўрт баробарга кўпайди. Бу бевақт ўлим хавфи камайиш ўрнига ортиб бораверадиган юқумли бўлмаган ягона жиддий касалликдир. Шифохоналарда коронавирусдан даволанаётган оғир аҳволдаги беморларнинг катта қисми ҳам диабетдан азият чекмоқда», — деди Гебрейесус.

Унинг қўшимча қилишича, аҳолининг касалликни эрта ташхис қилиш ва дори-дармонларга эга бўлиш имкониятларини ошириш бўйича чоралар кўрилиши лозим. Дори-дармон танқислиги, айниқса, кам ва ўрта даромадли мамлакатларда яшовчи одамлар орасида кўп кузатилади. Ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, бу мамлакатларда диабет билан касалланганлардан кўпчилигининг глюкометрлар ва чизиқ тестларини сотиб олишга қурби етмайди.

14 апрель инсулин кашф қилинганининг 100 йиллиги муносабати билан ЖССТ диабетга қарши кураш бўйича халқаро шартномани тақдим этишга тайёрланяпти. Ушбу шартнома «диабетга чалинганларнинг ҳаётини сақлаб қолувчи дори-дармонларга эга бўлиш, шунингдек, диабетнинг олдини олиш ва унинг диагностикасини яхшилаш»га ёрдам бериши керак.

ЖССТ маълумотларига кўра, коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кетма-кет 7 ҳафтадан буён кўпайди. Касалланиш ҳолатларининг кескин кўпайиши февраль ойининг ўрталарида содир бўлган. 16 февралда кунлик пасайиш 33,4 фоизни ташкил этган бўлса, 17 февраль куни 58,75 фоиз ўсиш кузатилган.