Британиялик олимлар коронавируснинг асосий симптомлари ўзгарганини аниқлади
Коронавирус мутациялари унинг асосий симптомлари ўзгаришига олиб келди, деб ёзади «Коммерсантъ» Англиядаги энг қадимий университетлардан бири — Лондон Қироллик коллежи олимларининг хулосасига таяниб.
Олимларнинг фикрича, энг кўп учрайдиган симптомлар — бош оғриғи, тумов ва томоқ оғриғи.
Айни вақтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозирча иситма, қуруқ йўтал ва ҳолсизликни COVID-19’нинг бош симптомлари деб ҳисобламоқда. Бош оғриғи, бурун битиши ва томоқ оғриғи камроқ тарқалган белгилар ҳисобланади. Буюк Британия Соғлиқни сақлаш миллий хизмати фикрича, иситма, узоқ давом этувчи йўтал ҳамда ҳид ва таъм билиш қобилиятининг йўқолиши коронавируснинг асосий аломатларидир.
Олимлар маълум қилишича, пандемия бошида кучли йўтал касалланганларнинг 46 фоизида кузатилган. Аммо энди бошқа белгилар биринчи ўринга ўтган. Генетик эпидемиология профессори Тим Спекторнинг фикрича, шамоллаш белгилари бўлган беморлар тестдан ўтиши муҳимдир. Унинг сўзларига кўра, коронавируснинг «ҳиндча» вариант ёшларда оддий шамоллаш каби кечади, бироқ улар бошқаларга бу вирусни юқтириши мумкин.