Қўзиқориннинг тери саломатлиги, мия ва суяклар учун 6 фойдаси
Парҳезшунос Мици Дуланнинг айтишича, оқ маҳсулотларда озуқа моддалари захираси у қадар кўп бўлмайди, бироқ қўзиқоринлар бундан мустасно саналади.
Селен, калий, мис, темир ва фосфор сингари минераллар бисёр бўлган ушбу маҳсулотни нима учун рационга киритиш кераклиги ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ёшликни сақлашга ёрдам беради
Пенсильвания университетида ўтказилган тадқиқотларда қўзиқорин таркибида эрготионен ва глутатион антиоксидантлари жуда ҳам юқори концентрацияда мавжуд эканлиги аниқланган. Ушбу антиоксидантлар биргаликда организмни қариш белгилари, масалан, ажин тушишига олиб келадиган физиологик стрессдан ҳимоя қилиш учун жадал ишлайди.
Миянинг ёш билан боғлиқ ўзгаришларини секинлаштиради
Пенсильвания университети тадқиқотчиларининг маълум қилишича, юқорида таъкидланган антиоксидантлар — эрготионен ва глутатион Паркинсон, Альцгеймер касалликларининг олдини олишга ёрдам беради. Айнан шу сабаб ҳам мутахассислар келажакда неврологик касалликларнинг хавфини олдини олиш учун кунига камида бешта шампинён ейишни тавсия қилади. Озуқавий хусусиятларини сақлаб қолиш учун уни микротўлқинли печ ёки грилда пиширган яхши.
Хотирани яхшилайди
Бу қўзиқориннинг психологик саломатлик билан боғлиқ яна бир афзаллиги саналади. 2019 йилда Сингапур Миллий университети тадқиқотчилари ҳафта давомида иккита қўзиқорин порциясини истеъмол қилиш когнитив қобилиятнинг сусайишини камайтиради, деган хулосага келган.
Юрак саломатлигини мустаҳкамлайди
Таркибида глутамате рибонуклеотидлар борлиги ҳисобига қўзиқорин таомнинг мазали бўлишига сабаб бўлади. Ушбу бирикмалар қон босими ва юрак касалликларини келтириб чиқармасдан, хушбўй ифор ва таъм бағишлайди. Қўзиқориннинг тўлиқ бир порциясида натрий атиги 5 мг миқдорда бўлади. Ушбу маҳсулот, шунингдек, исталган овқатда қизил гўштнинг ўрнига альтернатив бўлиши мумкин ва ундан тайёрланган таом ёғ ҳамда холестериндан ҳоли ҳисобланади.
Суяклар мустаҳкамланишига ҳисса қўшади
Дўконлардаги ўрамига УВБ деб ёзиб қўйилган қўзиқорин қоронғида ўсадиган навлардан фарқли равишда қуёш нурлари остида етиштирилган бўлиб, унда эргостерол ва D витамини бисёр бўлади. Бу каби маҳсулот бир килога яқин миқдорда истеъмол қилинганда D витаминига бўлган кунлик эҳтиёж қопланади ва суяклар саломатлиги мустаҳкамланади.
Энергия билан таъминлайди
Қўзиқорин B гуруҳи витаминлари: рибофлавин (B2), фоли кислотаси (B9), тиамин (В1), пантотен кислотаси (В5) ва ниацин (В3)нинг кони саналади. Ушбу витаминлар организмни энергия билан таъминлашга ва кислород билан таъминлайдиган эритроцитлар ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.
Кундалик рацион хилма-хил бўлиши учун қуйидагиларга амал қилиш тавсия қилинади:
- Бўлакланган қўзиқоринни тушлик ёки кечки овқатга истеъмол қилишга мўлжалланган гўшт билан аралаштиринг. Қийма ҳолига келтириб, котлетлар тайёрлаб қўйишингиз ва хоҳишга қараб бургерга қўшиб ейишингиз мумкин.
- Нонушта ёки тушликка қўзиқорин ва тухумдан омлет тайёрланг.
- Паста учун соусга қўзиқорин қўшинг.
- Қолаверса, қўзиқоринни исталган гарнирга қўшса бўлади.
Аммо еб бўладиган ва еб бўлмайдиган қўзиқориннинг фарқига бориш ҳамда эҳтиёт бўлишни унутманг. Ёввойи табиатда ўсиб-етилган қўзиқоринни истеъмол қилманг. Улар заҳарли бўлиши ва жиддий касалликлар, айрим ҳолларда эса ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Қўзиқоринни озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган ишончли дўкондан харид қилиш тавсия қилинади.