Ҳомиладорликда ортиқча истеъмол қилинган шакар болага қандай таъсир кўрсатади?
Америкалик олимлар олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ҳомиладор аёл кўп шакар истеъмол қилса, боланинг когнитив қобилиятига салбий таъсир қилади. Бу, айниқса, хотира ва ўрганишда акс этади.
Когнитив қобилият инсоннинг билим салоҳияти бўлиб, хотира, диққат, сезиш, тасаввур қилиш, фикрлаш, нутқ, кўриш каби жараёнлардан иборат. Булар инсонга маълумотларни қабул қилиш, тўплаш, сақлаш, таҳлил қилиш, ўрганиш имконини беради.
Ҳомиладорларнинг шакар, айниқса, таркибида шакар кўп бўлган турли ичимликларни ичиши олимларни ташвишлантирмоқда. Глюкоза мия учун асосий энергия манбаи бўлишига қарамай, унинг ортиқча миқдори мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Хўш, ҳомиладорлик ва болаликда бу қандай намоён бўлади? Ушбу тадқиқотнинг мақсади ҳомиладорларнинг шакар истеъмол қилиши ва болаларнинг когнитив функцияси орасидаги боғлиқликни ўрганиш эди. Тадқиқотчилар 1000 дан ортиқ ҳомиладорларнинг рационини ўрганиб чиқди ва 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг ақлий қобилиятини «Кауфман тести» деб номланган махсус синовлардан ўтказди. Тадқиқотлар натижаларига кўра, олимлар қуйидаги хулосаларга келди:
Бўлажак онанинг шакар ва таркибида кўп шакар бўлган газланган ичимликлар истеъмол қилиши оқибатида оғзаки хотира яхши ривожланмагани, ҳаракатчанликнинг камлиги, атрофни визуал идрок қилиш ва эслаб қолиш ёмонлашгани, юз ифодаси, ишора, интонация билан бажариладиган кўникмаларнинг ва нутқда луғат бойлигининг чеклангани ҳатто 7 яшар болаларда ҳам кузатилиши аниқланди.
Аксинча, мева ва сабзавот истеъмол қилганларнинг махсус тест синовлари бўйича натижалари юқори даражали билим, сўз бойлигининг кўплиги ва оғзаки хотиранинг яхшилигини кўрсатди. Тадқиқотчилар бу мева истеъмол қилиш, меваларда нафақат фруктоза, балки кўплаб бошқа модда ва антиоксидантлар борлиги билан боғлайди.
Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.