Пезешкиён: Ислом мамлакатлари ҳамжиҳатлигини кучайтириш минтақада барқарорликни таъминлаш омилидир
https://parstoday.ir/uz/news/iran-i100516-Пезешкиён_Ислом_мамлакатлари_ҳамжиҳатлигини_кучайтириш_минтақада_барқарорликни_таъминлаш_омилидир
Эрон президенти минтақадаги улкан захира ва сармояларга тўхталиб, душманлар бу бойликларга тамагирлик кўзи билан қараб, уларни эгаллаш учун ихтилоф, уруш ва можаролар келтириб чиқаришга интилаётганидан огоҳлантирди ва бунга қарши туришнинг ягона йўли ҳушёрликни сақлаш ҳамда Ислом мамлакатлари бирлигини мустаҳкамлаш эканини таъкидлади.
(last modified 2026-08-26T04:47:08+00:00 )
август 26, 2026 09:40 Asia/Tashkent
  • Пезешкиён: Ислом мамлакатлари ҳамжиҳатлигини кучайтириш минтақада барқарорликни таъминлаш омилидир

Эрон президенти минтақадаги улкан захира ва сармояларга тўхталиб, душманлар бу бойликларга тамагирлик кўзи билан қараб, уларни эгаллаш учун ихтилоф, уруш ва можаролар келтириб чиқаришга интилаётганидан огоҳлантирди ва бунга қарши туришнинг ягона йўли ҳушёрликни сақлаш ҳамда Ислом мамлакатлари бирлигини мустаҳкамлаш эканини таъкидлади.

Парч Тудей ИРНАга таяниб хабар беришича, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён сешанба куни Ироқ Олий суд кенгаши раиси Фоиқ Зайдон ва унга ҳамроҳлик қилган ҳайъат билан учрашувда қўшни ва мусулмон мамлакатлар ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш муҳимлигини таъкидлаб, шундай деди: Ислом халқлари маданий, савдо, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий алоқаларини янада кенгайтиришлари зарур. Чунки бундай ҳамжиҳатлик АҚШ ва сионистик режим каби умумий душманларга қарши минтақа хавфсизлиги, тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш омили бўлади.

Пезешкиён минтақага хос улкан захира ва сармояларга ишора қилиб, душманлар бу бойликларга тамагирлик кўзи билан қараб, уларни эгаллаш мақсадида ихтилоф, уруш ва можаролар келтириб чиқаришга интилаётганидан огоҳлантирди ва бунга қарши туришнинг ягона йўли ҳушёрликни сақлаш ҳамда Ислом мамлакатлари бирлигини мустаҳкамлаш эканини таъкидлади.

Эрон президенти сўзининг давомида Ислом мамлакатларида адолатни қарор топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни муаммо ва ихтилофларни камайтириш, кўп томонлама ҳамкорлик руҳини кучайтириш омили, деб баҳолади ва барча тушунмовчиликларни бартараф этиш ҳамда минтақавий хавфсизликни кенгайтириш учун замин яратишга ҳаракат қилиниши лозимлигини қайд этди.

Пезешкиён минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида мусулмон мамлакатларидан ягона уммат доирасида иттифоқ тузиш зарурлигини таъкидлаб, қўшимча қилди: Ғарбий Осиёда яшовчи барча мусулмонлар Қуръон оятларига кўра ягона умматдир ва уларнинг хатти-ҳаракатлари илоҳий тақво асосида баҳоланиши лозим.

У яна шундай деди: Ислом мамлакатлари ўртасида бирлик қарор топиши билан АҚШнинг минтақадан чиқиб кетиши учун замин яратилишига ва минтақа мамлакатлари раҳбарлари барқарорликни таъминлашнинг маҳаллий ҳамда барқарор намунасини йўлга қўйишларига умид қиламан.

Ироқ Олий суд кенгаши раиси Фоиқ Зайдон ҳам ушбу учрашувда Эрон Ислом Республикасининг Ироқ халқи ва ҳукуматини мазкур мамлакат сиёсий тарихининг турли даврларида муносиб қўллаб-қувватлаб келганини юқори баҳолаб, шундай деди: Эроннинг терроризм ва ДАИШ гуруҳига қарши курашдаги мислсиз ҳамкорлиги ва ҳамдардлиги ушбу стратегик қўллаб-қувватлашнинг ёрқин намунасидир.

У, шунингдек, Эрон Ислом Республикасининг минтақа терроризмини жиловлаш борасидаги чора-тадбирларини юқори баҳолаб, таъкидлади: хавфсизлик, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ўзаро умумий режалар амалий қадамларга айлантирилса, минтақанинг тараққиёти ва муваффақияти йўлида катта ютуқларга эришилади.

Ироқ Олий суд кенгаши раиси сиёсий ва хавфсизлик соҳаларидаги муносабатларни кенгайтириш минтақавий барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, сионистик режимни жиловлаш омили эканини айтиб, бу борада Эрон Ислом Республикасининг марказий ролини таъкидлади.

Зайдон минтақа бой захираларга эга эканига ишора қилиб, шундай деди: халқаро ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш минтақадаги барча мамлакатларга унинг манфаатларидан баҳраманд бўлиш имконини беради. Ироқ Эрон Ислом Республикаси марказий ўрин тутадиган алоҳида иқтисодий ҳамкорликларни йўлга қўйишдан манфаатдор бўлиб, бу ҳамкорликларни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини маълум қилади.