Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдосини 600 миллион долларга етказиш мақсад қилинди
https://parstoday.ir/uz/news/middle_asia-i100680-Эрон_ва_Ўзбекистон_ўртасидаги_қишлоқ_хўжалиги_савдосини_600_миллион_долларга_етказиш_мақсад_қилинди
Эрон қишлоқ хўжалиги вазири деди: Эрон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ҳажми ҳозирда қарийб 200 миллион долларни ташкил этади ва келгуси икки йилда 600 миллион долларга оширилиши мумкин.
(last modified 2026-09-24T06:04:25+00:00 )
сентябр 22, 2026 09:31 Asia/Tashkent
  • Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдосини 600 миллион долларга етказиш мақсад қилинди

Эрон қишлоқ хўжалиги вазири деди: Эрон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ҳажми ҳозирда қарийб 200 миллион долларни ташкил этади ва келгуси икки йилда 600 миллион долларга оширилиши мумкин.

«Парс Тудей» хабар беришича, Ғуломризо Нурий душанба куни Тошкентда бўлиб ўтган Эрон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик форумида икки давлатнинг транспорт ва савдо салоҳиятига тўхталиб, Эрон Чобаҳор ва Бандар-Аббос каби стратегик портлар, шунингдек, Шимол–Жануб темирйўл йўналишига эга эканини таъкидлади. Унинг айтишича, бу имкониятлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Форс кўрфази, Ҳиндистон, Шарқий Осиё, Африка ва Европа Иттифоқи бозорларига чиқишини енгиллаштириш учун муносиб шароит яратади.

У транспорт йўналишларини Ўзбекистоннинг мақсадли бозорларга чиқиши учун энг қисқа ва иқтисодий жиҳатдан самарали йўллардан бири деб баҳолаб, икки давлат савдосини ривожлантириш учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Эрон қишлоқ хўжалиги вазири, шунингдек, савдо тўсиқларини бартараф этиш ва ўзаро савдо-сотиқни енгиллаштириш мақсадида Эрон ва Ўзбекистон савдо-саноат палаталарининг қўшма қўмитасини фаоллаштиришни таклиф қилди. Унинг айтишича, ушбу қўмита Евроосиё савдо келишуви имкониятларидан фойдаланган ҳолда техник, санитария ва божхона тўсиқларини камайтириши ҳамда савдо ҳужжатларини алмашишни енгиллаштириши мумкин.

Ўзбекистон Озиқ-овқат хавфсизлиги раҳбари ҳам форумда Эрон билан озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади. У: «Бизнинг вазифамиз — фермер хўжалигидан дастурхонгача озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдир», деди. Унинг таъкидлашича, Эрон билан ҳамкорлик қилиш учун муносиб имкониятлар мавжуд.

Эрон қишлоқ хўжалиги вазирининг Ўзбекистонга сафари